АҚШда “Nowruz Commission” ноҳукумат ташкилоти томонидан байрам тадбири ўтказилди.
“Nowruz Commission” ташкилоти президенти Гиссу Киан ушбу тадбирни очар экан, бу байрамнинг келиб чиқиш тарихи ҳақида сўзлаб берди. Америкадаги “Silk Road Dance Company” ансамблининг чиқишлари, жумладан, улар ижросида ўзбек халқ рақслари ижро этилгани қувонарли ҳол.
Тадбирда мамлакатимизнинг Америка Қўшма Штатларидаги элчихонаси ходимлари Ўзбекистон тақдимотини ўтказдилар. Маросим чоғида республикамизнинг замонавий ривожланишига оид атрофлича маълумотлар кеча иштирокчиларининг эътиборига ҳавола қилинди. Бунда мамлакатимизда жорий йил “Соғлом она ва бола йили”, деб эълон қилингани, Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётида аёлларнинг иштироки тобора кенгайиб бораётгани цингари масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, мазкур маданий-маърифий кеча доирасида ўзбек халқ тасвирий ва амалий санъати, ҳунармандчилик буюмларидан ташкил топган Ўзбекистон экспозицияси, суратлар кўргазмаси ҳамда мамлакатимизнинг бой сайёҳлик салоҳияти мавзуидаги видео-тақдимот ҳам намойиш этилди.