СССР давлати парчаланганидан бери дунё етакчилигида биринчи бўлиб келган АҚШ сиёсатида нималар юз бермоқда? Наҳотки, супердержава энди олдинги кучидан чарчаган бўлса?!
Аввалига, Европадан Федерика Могерини: “Мен АҚШни ҳозиргидек ички сиёсий тарқоқлик ва хилма хил фикрлар гирдобида қолганини, бунчалик тушкун ҳолатда бўлганини кўрмаган эдим”, деб фикр билдирган эди.
Пентагон раҳбари Меттис эса “Россия билан муомалада кучга таяниш” кераклигини уқтирмоқда.
“Биз Москва билан ҳамкорликни тиклашнинг барча имкониятларини кўриб чиқишга тайёрмиз. Бир вақтнинг ўзида, реал қарашлар билан, дипломатларимизнинг музокара олиб боришида куч билан қўллаб турамиз”, деб ўз сўзини айтди, Брюсселдаги НАТО давлатлари йиғилишида нутқ қилган Меттис.
Бу вазиятларнинг парчаси совуқ урушни эслатиши бор гап. Лекин АҚШ сиёсатига нима бўлган? Ўтаётган ҳафтада президент Трамп энг ишончли маслаҳатчиларидан бири Майкл Флинни рус айғоқчилари билан алоқага киришган, деган гумон остида вазифасидан четлаштирди.
Гап шундаки, Флинн Россиянинг АҚШдаги элчиси Кисляк билан суҳбатлашганини яширган. Бу эса жаҳон сиёсатининг бошқа кузатувчиларида ҳам шубҳа уйғотиши тайин.
Трампнинг Кремль томонга юмшоқ муносабатидан қўрққан Конгресс, Россияга қарши санкцияларни бекор қилиш ҳуқуқини янги сайланган президентдан тортиб олмоқда. Бундай ҳуқуқни олиб қўйишни кўзда тутувчи қонун лойиҳа Конгресс томонида кўриб чиқилмоқда. Бундан ҳам ҳайратомуз иш – Трамп ядро қуролини ишга туширувчи қора чамадондан ҳам айрилиши.
Бунинг устига, хориж матбуоти АҚШ разведкаси президентга айрим маълумотларни етказмагани ҳақида хабар берди. Боиси, Трамп маълумотга эгалик қилса, чет эл разведка идоралари бунга эришиши осон экан.
Ва ниҳоят, ўзгариш юз берди. Трамп ўзининг ижтимоий тармоқдаги микроблогида собиқ президент Обаманинг Россияга нисбатан айрим вақтлар юмшоқ бўлганини таъкидлаб ўтди.
“Қрим босиб олинган эди!” – деб ёзади у.
Айни кунларда эса Пентагон ҳарбий кучларини Сурияга йўналтирмоқчилиги ҳақида хабар топамиз. Дунё очиғи бундай ўзгаришдан ҳайратда. Ахир, Обама ҳам бунга журъат этмаган эди.
Ички сиёсатда эса аҳоли гоҳ-гоҳида намойишлар қилиб кўчаларни тўлдирмоқда. Норозиларнинг мақсади президент импичмент қабул қилишидир. Лекин АҚШ қонунчилигига кўра, янги сайланган президентга нисбатан фақат бир йилдан сўнг импичмент қўллаш мумкин.
Мустақил давлатга айланиши мумкинлиги билан таҳдид қилган Калифорния штати энди федерал ҳокимиятдан ёрдам сўрамоқда. Шимолий Калифорниянинг Оровил кўлида 11 февраль куни юз берган техноген фалокат губернатор Жерри Браунни Трампдан ёрдам сўрашга мажбур қилди. Президент бу илтимосни бажарди.
АҚШ энди Хитой ва Япониянинг иқтисодиёти олдида ўзини кичик ҳис қилмоқда. Ҳукумат НАТОга аъзо давлатлардан ЯИМнинг 2 фоизини ҳарбий мудофаага сарфлашга чақирмоқда, чунки АҚШ ҳамма учун тўлай олмайди. АҚШ тўлашдан бош тортмаяпти, у шунчаки тўлай олмайди.
Хулоса ўрнида икки фикрни беришимиз мумкин. Биринчиси, ҳокимият тепасига келган президент Трамп АҚШ бундан буён халқаро муносабатлар тизгинини бошқара олмайди, ўзгариш керак, деган фикр билан ислоҳотларни амалга оширмоқчи.
Иккинчиси, Трамп анъанавий давлат сиёсатининг давомчиси ҳам ҳисобланади. Ахир, халқ Ҳилларини танлаган эди. Сайлов тизимидаги чалкашликлар эмас, молиячи ва банкирларнинг қарори муҳим бўлиб чиққан бўлиши мумкин.