Афғонистондаги Америка қўшинлари қўмондони бу ҳақда маълум қилди.
АҚШ Афғонистонда бир неча йиллардан бери давом этаётган урушни тугатиш учун “Толибон” билан музокаралар столига ўтиришга розилигини билдирди. Бу ҳақда “Al Jazeera” телеканали хабар бермоқда.
“Давлат котибимиз Майкл Помпео Қўшма штатлар “Толибон” билан музокарага тайёр эканини таъкидлади”, деган АҚШнинг Афғонистондаги қўшинлари бош қўмондони Жон Николсон.
“Умид қиламанки, улар буни тушунадилар ва бу тинчлик жараёнига ёрдам беради”, деб қўшимча қилган Николсон.
Эслатиб ўтамиз, АҚШнинг 2002-2017 йиллар мобайнида Афғонистонда амалга оширган ишлари ва эришган натижалари ҳақида АҚШнинг Афғонистонни қайта тиклаш бўйича махсус бош инспектори (SIGAR) Жон Сопко маълумот берганди.
Сопко АҚШнинг, хусусан, SIGAR’нинг Афғонистондаги барқарорлик ўрнатиш учун амалга оширган дастурлари муваффақиятсиз якунланганини таъкидлаганди.