Мажбурий маркировкалаш жорий этилган санадан бошлаб, мазкур қарорнинг иловасида кўрсатилган товарларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида маркировкасиз сотиш тақиқланади.
Ҳозирги кунда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида, шу жумладан, ҳаёт ва соғлик учун хавфсиз бўлган мақбул сифатли товарларни сотиб олишда, шунингдек, товарлар ва уларнинг ишлаб чиқарувчилари тўғрисида ишончли маълумот олишда комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, ноқонуний айланаётган, паст сифатли, контрафакт ва қалбакилаштирилган маҳсулотлар ҳажмининг ошиши суръатлари кузатилмоқда, бу эса фуқаролар ҳаёти ва соғлиғига зарар етказмоқда, носоғлом рақобатга ва Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети йўқотишларига олиб келмоқда, шунингдек, коррупция ва бошқа қонунбузилишлар юзага келиши учун шароит яратмоқда.
Алоҳида турдаги товарларнинг республикага ноқонуний олиб кирилиши, ишлаб чиқарилиши ва сотилишининг олдини олиш, уларнинг самарали ҳисобини таъминлаш, шунингдек, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар йиғилувчанлигини ошириш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва Давлат божхона қўмитасининг 2019 йилнинг 1 августидан бошлаб, товарлар тоифасидан келиб чиқиб, импорт қилинадиган ва республикада ишлаб чиқариладиган товарларни ҳимояланган белги ва (ёки) нано-молекуляр технологиядан фойдаланган ҳолда мажбурий маркировкалашни (кейинги ўринларда – маркировкалаш) босқичма-босқич жорий этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
2. Маркировкаланиши мажбурий бўлган товарлар гуруҳлари рўйхати иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Вазирлар Маҳкамасига Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги билан келишган ҳолда Маркировкаланиши мажбурий бўлган товарлар гуруҳлари рўйхатини тўлдиришга рухсат берилсин.
3. Белгилаб қўйилсинки:
- мажбурий маркировкалаш жорий этилган санадан бошлаб, мазкур қарорнинг иловасида кўрсатилган товарларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида маркировкасиз сотиш тақиқланади;
- Маркировкаланиши мажбурий бўлган товарлар гуруҳлари рўйхатига янгидан қўшилган товарларни, ушбу товарлар рўйхатга киритилган кундан бошлаб 180 кун мобайнида маркировкасиз сотилишига рухсат этилади;
- мазкур қарорга иловада кўрсатилган, шу жумладан, акцизли товарларни маркировкалашга доир хизматларни бевосита маркировкалаш бўйича хизматлар ягона етказиб берувчисидан сотиб олиш хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
4. Давлат солиқ қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, Давлат божхона қўмитаси ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда 2019 йилнинг 1 январига қадар қуйидагиларни назарда тутган ҳолда, товарларни ҳимояланган белги ва нано-молекуляр технологиядан фойдаланган ҳолда мажбурий маркировкалаш тартибини ишлаб чиқсин ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритсин:
- маркировкалаш бўйича хизматлар етказиб берувчиси, тадбиркорлик субъектлари ва товарларни мажбурий маркировкалашга доир талаблар бажарилиши устидан назоратни таъминловчи органларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлигини;
- маркировкалаш тартиби ва тартиботларини, маркировкалаш, шу жумладан, акцизли маркировкалаш хизматларининг баҳоси ва сотиб олиш тартибини;
- маркировкалаш бўйича хизматлар етказиб берувчиси маълумотлар базасидан фойдаланадиган давлат органлари рўйхатини;
- маркалар, шу жумладан, акциз маркалари сотилиши ва маркировкалаш бўйича хизматлар кўрсатилиши устидан мониторинг қилиш тартибини.
5. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги 2019 йилнинг 1 февралига қадар энг яхши таклифларини саралаб олиш асосида кўрсатиладиган хизматлар ишончлилиги ва сифатини, юқори ҳимояланган даражасини таъминлай оладиган, амалий тажрибага эга бўлган маркировкалаш бўйича хизматлар етказиб берувчисини танлашни, маркировкаланиши мажбурий бўлган товарлар қийматининг сезиларли оширилмаслигини ҳисобга олган ҳолда танлаб олинган етказиб берувчи билан музокаралар ўтказилишини таъминласин, шунингдек, у билан тузилаётган шартнома бутун муддати давомида кўрсатиладиган хизматлар баҳосини қатъий белгилаган ҳолда 5 йилдан 10 йилгача бўлган муддатга шартнома тузсин.
6. Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги ва Бош прокуратура билан биргаликда икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига жарима санкциялари миқдорларининг оширилишини киритган ҳолда товарларни маркировкасиз сотганлик учун жавобгарлик белгиланишини назарда тутувчи қонун лойиҳасини киритсин.
7. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “Ўзшаробсаноат” АЖ, “Ўзбекозиқовқатхолдинг” ХК, “Ўзбекнефтгаз” АЖ, “Ўзкимёсаноат” АЖ, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Савдо-саноат палатаси билан биргаликда мазкур қарорнинг мазмун-моҳияти оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини таъминласин.
8. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М.Мавлонов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев
Тошкент шаҳри, 2018 йил 30 ноябрь