...
МЕНЮ
ONLINE TV

Алишер Усмонов Кронкега муте бўлмоқчи эмас. Аммо ҳиссаларни оладиган мард ҳам йўқ


18:27, 06.08.2018 Олам
 5 767

2016 йилда Усмонов ҳиссасини ошириш учун шериги Фарҳод Мошириннинг улушини сотиб олиб, акцияларини 30,04 фоизга етказди.

Ўтган ойда россиялик миллиардер Алишер Усмонов инглиз клуби “Арсенал”даги 30 фоиз ҳиссасини сотиш ниятида экани ҳақида хабар берган эдик.
 
Усмоновнинг 30 фоизлик ҳиссасини олиш учун инвесторлар 500 миллион фунтдан ортиқ пул тўлашлари керак бўлади.
 
Усмонов ва “Арсенал” алоқалари 2007 йилда бошланган. Таъсисчиси Алишер Усмонов (Фарҳод Моширин билан биргаликда) бўлган Red & White Holdings Ltd клубнинг собиқ вице-президенти Дэвид Дейндан 14,5 фоиз акцияни 75 миллион фунт стерлингга сотиб олган.
 
Ўша вақтда инглиз клубининг амалдаги асосий акционери Стэн Кронке 12,9 фоиз акцияга эгалик қиларди. Усмонов Кронке муносабтлари яхши бўлмаган, 2012 йилда эса улар ўртасида жиддий келишмовчилик чиққан. Ўшанда Усмоновнинг Red & White компанияси клуб директорлар кенгашига очиқ хат билан мурожаат қилган. “Арсенал” ижрочи директори Иван Газиевнинг Red & White директорлар кенгашида ўрин олиши бошқарув издан чиқишига олиб келиши ҳақидаги фикри бунга сабаб бўлган.
 
Мурожаатда Кронке “Арсенал”даги улушларини ташқи инвесторлардан ҳимоя қилиш мақсадида доимо ташқи қарзлар юкини ошириб бораётгани, чипталар нархини кўтариш ва етакчи футболчиларни сотиш орқали акциядорлар қизиқишини пасайтираётгани тилга олинган. Усмонов 2012 йилда Ван Персининг “Манчестер Юнайтед”га сотиб юборилиши сабаб клуб менежментини танқид қилган.
 
2016 йилда Усмонов ҳиссасини ошириш учун шериги Фарҳод Мошириннинг улушини сотиб олиб, акцияларини 30,04 фоизга етказди. Аммо бу бошқарувни олишга етарли бўлмади. Негаки, Стэн Кронке бу даврда клуб бошқарувини қўлга олиб улгурганди.
 
Кронке раҳбарлиги остида клуб уч маротаба кубок ва икки маротаба суперкубокни қўлга киритди. Бироқ мамлакат чемпионлиги учун уринишда 2-ўрин билан чекланди. Шунингдек, клуб ўз етакчиларини трансферлар вақтида кенг кўламда сотишни ҳам тўхтатмади.
 
Шунга қарамай, клуб даромади 2008 йилдан буён ўсишда давом этди. 2016-2017 йилларда “Арсенал” тушуми илк бор 400 миллион фунт стерлингга етди.
 
“Forbes”нинг ҳар йили янгиланиб турадиган энг қиммат клублар рейтингида “Арсенал” 6-ўринда қайд этилган ва 2,24 миллиард долларга баҳоланган. Клубнинг реклама бўйича асосий ҳамкори Fly Emirates шартномани 2023/2024 йилгача узайтирган. Келишув 250 миллион доллардан ортиқ суммага тузилган.
 
Амалдаги “Арсенал” – барқарор зсиб борувчи актив. Шу сабаб, Алишер Усмонов 2017 йил апрель ойида Стэн Кронкега ҳиссаси учун 1,5 миллиард фунт стерлинг таклиф қилган. Таклиф жуда яхши бўлган, бироқ америкалик буни рад қилган. Натижада Усмонов аввалгидек муҳим қарорлар қабул қилишда ҳеч қандан кучга эмаслигича қолди.
 
Жорий йил апрелда Арсен Венгер “Арсенал”ни тарк этди. Усмонов айнан французнинг бошқарувидан завқланарди. У кетгач, клубга ПСЖда Неймарни эплаб бошқара олмаган Унаи Эмери келди. Бироз ўтиб Усмонов клубдаги улушини сотиши ҳақида хабарлар тарқади.
 
Усмонов узоқ вақт клубда сўз соҳиби бўлиш учун ҳаракат қилди. Афтидан ҳаракатлари натижа бермагач, ғоялари инобатга олинмайдиган одам бўлишдан чарчаган миллиардер клубдан воз кечди.
 
Усмонов ҳиссаларини шунчаки сотиб юбормоқчи эмас. Негаки спорт бизнеси ривожланиб бораётган соҳа. Унинг ҳиссалари “Forbes” томонидан 500 миллион фунтга баҳоланган. Аммо Усмонов ўз вақтида 525 миллион фунтлик таклифни рад қилган. Демак, бу янада қиммат бўлиши мумкин. Стэн Кронке Усмонов ҳиссаларини сотиб олиши эҳтимолдан йироқ. Чунки, унга ҳиссалар қимматлик қилиши мумкин. Бошқа инвесторлар эса 30 фоиз улуш клуб бошқарувида ҳеч қандай аҳамиятга эга эмаслигини билгач, чўчиб қолишлари ҳеч гап эмас.
 
Шунингдек, ҳиссаларни сотиш ҳақидаги хабар шунчаки миш-миш бўлиб қолиши ҳам мумкин. Усмонов ўз улушини сақлаб қолиб, Кронкени клубдан зерикишини кутишга қарор қилиши ҳам эҳтимолдан узоқ эмас.
Суннатилла Абдуллаев

Теглар:Алишер Усмонов Арсенал Стэн Кронке Forbes 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!