
Ўзбекистон тиббиёт тизими ўзининг оқилона стратегияси, сиёсати ва устувор йўналишларини белгилаб олганлиги алоҳида эътироф этилди.
Мазкур сессияда Ўзбекистонда силга қарши кураш ишлари юқори ўринда баҳолангани ҳақида ҳам хабар берган эдик.
Ҳозирда Венгриянинг Будапешт шаҳрида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖСТТ) Европа минтақавий бюросининг 67-сессияси ўз иши давом эттирмоқда.
Дунёнинг турли мамлакатлари тажрибаси билан танишиш, илғор амалиётларни ўрганиш ва уларни ҳаётга татбиқ этиш ҳамда аҳоли саломатлиги билан боғлиқ муаммоларга самарали ечим топиш — мазкур нуфузли анжуманнинг мақсадларидан бири.
ЖСТТнинг Европа минтақавий бюросига аъзо 53 та давлат, жумладан, Ўзбекистон делегацияси иштирок этаётган мазкур сессияда халқаро ташкилотнинг 2019–2023 йилларга мўлжалланган умумий иш дастури, “Саломатлик–2020” сиёсатини амалга ошириш каби қатор долзарб масалалар кенг муҳокама қилинмоқда.

Будапешт сафари давомида Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ЖССТ Бош директори Тедрос Гебрейесус ва ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси директори Жужанна Якаб билан алоҳида учрашувлар ўтказди.
Ўзаро мулоқотлар чоғида мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар даражасининг оширилаётгани, шунингдек, соҳада қабул қилинаётган меъёрий ҳужжатлар, истиқболдаги режалар ва дастурлар ҳақида маълумот берилди.
Суҳбат давомида Тедрос Гебрейесус ва Жужанна Якаб мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида ҳаётга татбиқ этилаётган барча ҳуқуқий ҳужжат ва дастурлар аҳолига ғамхурликнинг барча зарур жиҳатларини қамраб олаётганлиги,Ўзбекистон тиббиёт тизимида ҳам ўзининг оқилона стратегияси, сиёсати ва устувор йўналишларини белгилаб олганлигини эътироф этишди.

Шунингдек, улар Ўзбекистон ва ЖССТ ўртасида мамлакатимиз манфаатларини ҳимоя қилувчи кўп томонлама ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга ҳар доим тайёр эканликларини билдиришди.
Учрашув давомида ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси директори Жужанна Якаб билан Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов икки йилга мўлжалланган ўзаро ҳамкорлик шартномасини ҳам имзолашди.