Актёр бошқа давлатларга сафар чоғида исми ва фамилияси туфайли аэропортда соатлаб давом этадиган текширувлар туфайли шу қарорга келди.
Энди у Майкл Кейн. Ажабланманг, актёрнинг фуқаролик паспортидаги исми ва фамилияси Морис Жозеф Миклуайт. Майкл Кейн эса унинг кинодаги таҳаллусидир. “Мен исм ва фамилиямни жирканч ИШИД сабабли ўзгартирдим. Масалан, аэропортда ҳужжатларни текшириш вақтида мени кўрганлар “Салом, Майкл Кейн” дейишади, аммо ҳужжатни очиб қаралганда, у ерда бошқа исм ва фамилия турган бўлади. Мен мана шу сабабли соатлаб аэропортда қолиб кетаман. Шу боис мен исмим ва фамилиямни ўзгартирдим”, дейди Макйл Кейн. Айни вақтда 83 ёшни қарши олган актёрга соатлаб аэропортда туриш оғирлик қилиши табиий ҳол.
Маълумотларга кўра, Кейн актёрлик фаолиятининг илк йилларидаёқ асл исми ва фамилиясидан воз кечишига тўғри келган. Дастлаб у театрда ишлаган ва ўзига Майкл Скотт таҳаллусини танлаган. Бироқ 1954 йил Лондонга кўчиб келгач, пойтахтда Майкл Скотт номли бошқа актёр борлигини билиб қолади. Шу сабаб у зудлик билан бошқа таҳаллус топишга киришади. Ўша даврларда “Кейнедаги исён” драмасига ошиқ бўлган актёр кўп ўйлаб ўтирмай ўз таҳаллусининг иккинчи қисмини, фамилиясини ўзгартирди ва ўзини Майкл Кейн деб атайди.
Маълумот учун, Майкл Кейн 1933 йилнинг 14 мартида Буюк Британияда таваллуд топган. Айни вақтда у 83 ёшда. Оилали, рафиқаси Шакира Кейн билан 1973 йил турмуш қурган. Унинг Наташа ва Доминик исмли фарзандлари бор. Актёр “Оскар”, “Олтин глобус” мукофотлари соҳиби саналади.