Бунгача федерацияда фаолият олиб борган Дусанов Зоҳид Абдуқаюмович соғлиғи ёмонлашиб, лавозимини тарк этган.
Конференция кун тартибида федерация раҳбарининг ваколат муддати якунлангани сабаб ташкилотга янги раҳбар сайлаб олиш куннинг асосий масаласи сифатида қайд этилди.
Бунгача Ўзбекистон баскетбол федерацияси президенти сифатида фаолият олиб борган Дусанов Зоҳид Абдуқаюмович соғлиғи ёмонлашгани сабабли ўз лавозимини тарк этгани маълум қилинди.
Федерация раҳбарлиги лавозимига Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири Давлетов Русланбек Қуролтоевич номзоди таклиф этилди. Конференция иштирокчилари ушбу номзодни бир овоздан қўллаб-қувватладилар. Шу тариқа Русланбек Давлетов Ўзбекистон баскетбол федерациясининг президенти этиб сайланди.
“Билдирилган ишонч учун миннатдорчилик билдираман. Ишончни оқлайман. Биринчи вазифамиз, федерация тизимидаги ишни тўғри йўлга қўйиб олишдир. Ташкилот тизимини қайта кўриб, кимнинг қандай имкониятларга эга эканлигини ўрганиб чиқамиз. Баскетболни ривожлантириш учун бизга малакали мутахасисслар керак бўлади. Бу борада қўллаб-қувватлашингизга умид қиламан ва келажакда албатта яхши натижаларни қўлга киритамиз”, деди Давлетов.
Шунингдек, янги раҳбар вилоятларда ҳам баскетболни ривожлантиришга эътибор қаратишини, терма жамоа учун хориждан малакали мураббийлар жалб қилинишини, бугунги кунда энг асосий муаммолардан бири бўлиб турган база масаласи ҳал қилинишига ҳам алоҳида урғу бериб ўтди.