ХХI асрда дунёга келган инсонлар узоқ умр кўриш сирларини бўлишдилар. Энг қизиқарлиси, уларнинг барчаси аёллар.
Қуйида биз сизларни уларнинг қисқа таржимайи ҳоллари билан таништирамиз.
Мисао Окава (Misao Okawa) 1889 йилнинг 5 мартида дунёга келган япониялик энг кекса инсон деб тан олинган.
Осакадаги қариялар уйида яшовчи Окава Қиролича Виктория даврида дунёга келган. Ҳозирда у 117 ёшда. Умр йўлдоши 1931 йилда вафот этган экан қария, 84 йилдирки бева.
Унинг айтишича, узоқ умр кўриш сабаблари доимий уйқу, бадантарбия машқлари ва, албатта, суши истеъмол қилиб туришдир. “Доимий овқатланиш ва маромидаги уйқу – узоқ умр гарови”, дейди у.
“Окава хоним бир кунда 3 маҳал овқатланади, уйқуга эса 8 соат ажратади. Унинг энг севимли егулиги бу сушидир. Айниқса маккарел балиғи ва уксус буғида қайнатилган гуручдан тайёрланган суши ўзгача мазали”, дейди Япониядаги қариялар уйидан бирининг директори Томоҳито Окада (Tomohito Okada).
Окава 1919 йилда турмуш қурган бўлиб, уч нафар фарзанднинг онасига айланган. Улардан 2 таси ҳали ҳам ҳаёт ва 90 ёшни қаршилаб улугришган. Шунингдек, у 4 набира ва 6 абиранинг севимли бувисидир.
Дунёнинг иккинчи энг кекса инсони, бир пайтнинг ўзида АҚШнинг ҳам энг қари одами ҳисобланади. Гертруд Вивер (Gertrude Weaver) АҚШнинг жануби-ғарбидаги Арканзас штатида 1898 йил 4 июлда таваллуд топган. У 1915 йилда турмушга чиққан. Тўртта фарзанди бор. 90 ёшдан ошган ўғлидан бошқа барча фарзандлари ва умр йўлдоши аллақачон вафот этишган. У Силвер Окс (Silver Oaks) номли қариялар уйида яшаб келмоқда.
У бўш вақтида Инжил қироат қилишни ва ўз аравачасида рақсга тушишни хуш кўради. Қарияни дўстлари ва 80 ёшга яқинлашиб қолган Греди Велш (Gradie Welch) исмли севимли набираси тез-тез кўргани келиб туришади.
Самимийлик – унинг узоқ умр кўриш сиридир. “Агар одамлар сенга яхши муносабатда бўлишини хоҳласанг, ўзинг одамларга тўғри ва яхши муносабатда бўлишинг керак”, дейди Гертурд хоним.
Унинг фикрича, кучли эътиқод ҳам инсон умрини узайтиради. “Фақат Худонинг орқасидан эргашиш лозим. Мен доим унинг насиҳатларига қулоқ тутганман ва ҳали бирон марта афсусланганим йўқ”, дея фикрини якунлайди у.
Гертруд хоним АҚШдаги ягона энг ёши улуғ аёл эмас. Детроитлик 116 ёшли Жерилин Телли (Jeralean Talley) 1899 йил 23 майда туғилган. Болалик чоғларида у АҚШдаги пахта плантацияларида меҳнат қилган. Ўзининг иқтисодий аҳволини яхшилаш мақсадида у 1935 йилда Инкстер шаҳрига кўчиб ўтади ва Алфред Телли (Alfred Talley) исмли кишига турмушга чиқади. Уларнинг ягона фарзандлари 1937 йилда таваллуд топган. У ўзининг умр йўлдоши билан 1988 йилгача, яъни 52 йил ҳаёт кечирди. Унинг эри 95 ёшда вафот этган. Ҳозирда 3 нафар набира, 10 та абиранинг, 4 та чеваранинг бувиси.
У билан яшайдиган қизининг айтишича, онасининг узоқ умр кўрганига сабаб унинг доим фаол ҳаёт тарзи олиб боришидир. У 104 ёшигача бовлинг ўйнаган. Шунингдек, Гертруд хоним ҳалигача дўстлари ва набираси билан ҳар йили балиқ овига бориб туради. 2013 йилнинг май ойида, ўзининг 114 ёшли Гертруд 7 дона лаққа балиқ овлашга эришган эди. “У сувга мустақил қармоқ ташлай олади. Агар балиқ илинадиган бўлса, уни тортиб олишга ёрдам бериб тураман”, дейди унинг дўсти Майкл Кинлок (Michael Kinlock).
“У жуда ҳам қувноқ. Тоза ҳавода сайр қилишни жуда ёқтиради, иштаҳаси ҳам карнай”, дейди унинг 23 ёшли чевараси Ариел Холловей (Aerial Holloway). Ариел ўз ҳаёти давомида бувиси унга айтган олтин қоидага амал қилиб яшашини ва бу қоида севимли бувисининг узоқ умр кўриш фалсафаси эканлигини таъкидлаб ўтади.
Яна бир АҚШ фуқароси 1899 йил 6 июлда таваллуд топган Сюзанна Масхет Жонс (Susannah Mushatt Jones) энг ёши улуғ инсонлардан бири. У Алабама штатида дунёга келган бўлиб, оиладаги учинчи фарзанд. “Мисс Сюзи” 1923 йилда Нью-Йоркка кўчиб ўтади ва ҳозиргача шу ерда истиқомат қилади. Афсуски, унинг турмуши 5 йил давом этган, холос. Ўзм фарзанди кўрмаган Сюзанна 1965 йилгача умрини болаларни тарбия қилишга бағишлайди.
“У жуда ҳам меҳрибон ва ҳаётни яхши кўради”, дейди 80 ёшли жияни Лавилла Ватсон (Lavilla Watson). 12 йилдан буён кўзи ожиз бўлган Сюзанна жияни Лавиллани, унинг икки синглисини ҳамда икки жиянини ҳам коллежда ўқитган.
У ҳеч қачон тамаки маҳсулотлари ва спиртли ичимликлар истеъмол қилмаган. “Мисс Сюзининг энг тансиқ таоми – қовурилган жўжалар. Унинг чўчқа гўштидан тайёрланган таомини сўроқсиз тановул қилсангиз, ундан роса гап эшитингиз мумкин”, дейди Сюзаннанинг бошқа бир жияни Таҳира Масхет (Taheera Mushatt).
Уч асрнинг гувоҳи бўлган инсонлардан яна бири Европада яшаб келмоқда. Унинг исми Эмма Морано (Emma Morano) бўлиб, у айни дамда 116 ёшда. У 1898 йил 29 ноябрда Италияда туғилган. ХIХ аср тугашига бор йўғи 1 ой қолганда дунёга келган Эмма Европанинг энг кекса инсони саналади. У Италиянинг шимолидаги шаҳарлардан бирида таваллуд топган. У ҳозир ҳам шу ерда ҳаёт кечиради. Ўзи ҳақида қайруға олади ва ўз уйининг бекаси ролини қойилмақом бажаради.
У оиладаги 8 фарзанддан биринчиси бўлган. Афсуски, ука-сингилларининг барчаси аллақачон ёруғ дунёни тарк этиб бўлишган. Унинг сингилларидан бири 102 ёшда вафот этади. 1926 йилда турмуш қурган Эмма 1937 йилда туғилган фарзандидан 6 ойлигида ажралиб қолади. Бир йил ўтиб у ўз турмуш ўртоғи билан орадаги алоқани тўхтатган бўлса-да, аммо ажрашгани йўқ. 1954 йилгача у канопни қайта ишлаш заводида ишлаб келган. Шунингдек, у 75 ёшигача, маҳаллий мактаблардан бирининг ошхонасида ишлаган.
Ундан бундай ёшга етишишнинг сабабини сўрашганида, Морано кўпроқ ўзининг овқатланиш тарзи ҳақида гапириб ўтади. Унинг фикрича, хом тухум ичиб туриш унга узоқ умр кўриш бахтини беряпти. “Мен нонуштага печенъе ва сут, тушликка эса 20 ёшимда шифокорим тавсия қилган бир дона хом ва бир дона қайнатилган тухум истеъмол қиламан, кечки овқатим эса қовурилган макарон ва қиймали гўштдан иборат, ухлашдан олдин бир стакан сут мен учун айни муддао”, дейди Морано хоним.
“Уйқу узоқ умр кўришнинг яна бир муҳим омили. Мен соат 7 дан олдин уйқуга кетсам, соат 6 да уйғонаман”, дея фикрини якунлайди у.
Маълумот ўрнида эслатиб ўтиш лозимки, инсоният тарихида франциялик Жанна Калмент (Jeanne Calment) энг узоқ умр кўрган киши сифатида тан олинган эди. У 1997 йилда 122 ёшида вафот этган.
Яқинда Ўзбекистон ОАВда 135 ёш умр кўрган қорақалпоғистонлик аёл ҳақида маълумотлар тарқалган эди. Тўти Юсупова исмли нуроний онахон узоқ 1880 йил Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл туманида таваллуд топган. Ватан олдидаги фидокорона меҳнатлари учун «Шуҳрат» медали билан тақдирланган онахон жорий йилнинг баҳорида дунёдан кўз юмди. Бундан келиб чиқадики, франциялик Жанна Калмент эмас, балки қорақалпоғистонлик Тўти Юсупова узоқ яшаган энг кекса аёл ҳисобланар экан.