...
МЕНЮ
ONLINE TV

1957 йилда ер остига кўмилган вақт капсуласи топилди


14:54, 30.11.2015 Олам
 3 064

Массачусетc технология институти ҳудудидан вақт капсуласи топилди. 1957 йилда ер остига кўмиб қўйилган шиша идиш ғаройиб сир-синоатларни ўзида яшириб келмоқда.

2957 йилгача очмаслик илтимос қилинган вақт капсуласи Массачусетc технология институти ётоқхонаси ҳудудидан топиб олинди. Муҳрланган шиша идиш 1957 йилда ер остига кўмиб қўйилган ва йиллар ўтиб ҳамманинг эсидан чиқиб кетган. МТИ янги биносининг қурилиши билан банд бўлган ишчилар қурилиш жараёнида ушбу капсулага тўқнаш келишган. Капсула ичида келажак авлод учун ўзига хос мактуб ёзиб қолдирилган, шунингдек, тарихий ашёлар, жумладан, замонавий электроника соҳасига асос бўлган электрон қурилмаларнинг тажриба намуналари ҳам мавжуд бўлган.

Университет раҳбариятининг сўзларига кўра, мазкур капсула турли йилларда яшириб қўйилган саккиз идишдан бири. Маълумот ўрнида шуни айтиш керакки, капсулаларни ерга кўмиб қўйиш маълум бир воқеа шарафига амалга оширилади.

Шиша идишнинг йўқолиб қолганлигининг ҳайрон қоларли жойи йўқ. Бундан олдин ҳам муҳим ҳужжатлар, архивлар ва турли ашёлар ҳам унутила ёзган ҳолатлар бўлиб турган. Мисол учун, 1939 йилда МТИда яна бир капсула ер остига кўмиб қўйилган эди. Уни очиб кўриш эса 50 йил ўтиб, яъни 1989 йилда режалаштирилган. Аммо йил сайин бундай капсула борлиги ҳақида кўпчилик унутиб юборди. Бир муддат ўтиб одамлар ушбу шиша идишни эслашганида, кеч бўлган эди: капсула кўмиб қўйилган жой 16 тоннали темир бетон билан қоплаб ташланган экан.

Бизнинг ҳикоямиз мавзуси бўлган шиша идишнинг кўмилишига 1957 йил 5 июнь куни МТИ Президенти Жеймс Р.Киллиан (James R. Killian) ва электротехника фани профессори Гарольд Эдгертон (Harold Edgerton) бошчилик қилишган. Бундай тадбирга Электроника тадқиқот лабораторияси ва Ядровий тадқиқотлар лабораториясининг очилиши сабаб бўлган. Мазкур капсуланинг бошқа капсулалардан фарқли жиҳати унинг очилиш муддатидадир: одатда капсулалар 50 ёки 100 йилга кўмиб қўйилади. Ушбу идишнинг очилмаслик муддати 1000 йилни ташкил этади.

МТИ капсуласи тузилиши жиҳатдан 1939 йилда 5000 йил муддатга кўмиб ташланган Westinghouse Time Capsuleга ўхшаб кетади. Ичкарисидан шиша билан қопланган металл капсула вақт синовларига чидамли бўлиши учун снаряд шаклида ясалган ва ичи азот гази билан тўлдирлиган. МТИ капсуласи Westinghouse капсуласидан ҳажм жиҳатдан кичикроқ, шунингдек, унда металл ўрнига фақат шиша ишлатишга қарор қилинган. Шишадан ясалган герметик цилиндр RLE Glass Blowing Lab томонидан ишлаб чиқарилган. Идишнинг оғзи ёпилгандан сўнг, унинг ичи аргон гази билан тўйинтирилган ва муҳрлаб ташланган.

Капсуланинг ичида МТИ Президентининг мактуби солиб қўйилган. Айтишларича, хатда ўша даврнинг илм-фани,  технологиялари, таълими даражаси ҳақида сўзлаб берувчи хабар ёзиб қолдирилган.
Адиз Аҳмедов

Теглар:1957 вақт капсула 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!