39 ёшли Франция президенти Эммануэль Макрон 170 йиллик рекордни янгилади.
Айтиш керакки, у 170 йиллик рекордни янгилади: шу пайтгача Франциянинг энг ёш ҳукмдори сифатида 1848 йили 40 ёшида тахтга ўтирган Луи-Наполеон Бонапарт тилга олинар эди.
Хўш, яна кимлар Макрон каби ҳали 40 ни қораламай туриб, мамлакат лидерига айланишган?
Давлат бошқарувчи курсисига ўтирган дунёдаги энг ёш раҳбар Ванесса д'Амброзиодир. У ўтган йили атиги 33 минг аҳолига эга митти мамлакат – Сан-Маринонинг капитан-регенти этиб тайинланганида 29 ёшни қаршилаганди. Дарвоқе, мазкур мамлакатни Катта бош кенгаш тайинлайдиган икки капитан-регент бошқаради. Улар олти ой муддатга тайинланади. Капитан-регентлар давлат раҳбари вазифасини бажаради ва ижроия ҳокимиятини амалга оширади. Ванесса хоним Мимма Заволи билан биргаликда ўтган йилнинг апрель ойидан октябрь ойигача Сан-Маринони бошқарди.
Шимолий Корея раҳбари 35 ёшда экани тахмин қилинади. Расмий маълумотга кўра, у 1982 йилнинг 8 январида туғилган. Бироқ ҳокимиятга келишидан аввал Ким Чен Ин 1983 йилда туғилган деб айтилар эди. Жанубий Корея разведкаси ҳам унинг аслида ёшроқ эканини таъкидлайди. Ким Чен Ин ҳокимиятга 2012 йилда келган. Унинг лавозимлари анчагина: олий раҳбар, Корея меҳнат партияси етакчиси, Давлат мудофаа қўмитасининг биринчи раиси, Олий халқ мажлиси депутати, Олий бош қўмондон. У Швейцариядаги халқаро мактабни тугатган. Шимолий Корея раҳбари баскетболнинг ашаддий мухлиси экани айтилади.
2016 йили Эстонияда 38 ёшли Бош вазир Юри Ратас етакчилигидаги ҳукумат иш бошлади. Мамлакат аҳли уни аввалдан, пойтахт Таллин ҳокими бўлиб ишлаган пайтидан танийди. Ратас 27 ёшида ҳокимлик курсисига ўтирган ва Таллин тарихидаги энг ёш ҳоким бўлган эди. У икки олийгоҳни битирган: 2002 йилда Таллин техника университетида иқтисодиёт магистри, 2005 йилда эса Тартус ҳуқуқ институтида ҳуқуқшунослик бакалаври даражасини олган. Эстония Бош вазири шахмат ўйнашни яхши кўради.
Агар рўйхатга монархларни ҳам қўшсак, Бутаннинг 38 ёшли қироли Вангчук ҳам ундан ўрин олиши шубҳасиз. У 2006 йилдан бери давлатни бошқариб келмоқда. Ёш қирол Ҳимолай экологиясини асрашга катта аҳамият қаратади. АҚШ ва Буюк Британияда таҳсил олган Вангчук Бутаннинг бешинчи қиролидир. 2008 йилнинг мартида Бутанда конституцион монархия эълон қилинган бўлса-да, қиролнинг ваколатлари ҳали ҳам кенг ва у мамлакатнинг сиёсий-ижтимоий ҳаётида фаол қатнашади. Бутанда буддизм расман давлат дини ҳисобланади.
1980 йилда таваллуд топган Ал-Тани 2013 йилда тахтни отасидан мерос қилиб олди ва Қатар амирига айланди. 36 ёшли шайх Буюк Британиядаги нуфузли Қироллик ҳарбий академиясида ўқиган. У Қатар Қуролли кучлари бош қўмондони ўринбосари ва мамлакат Олимпия қўмитаси раҳбари ҳисобланади. Футбол бўйича 2022 йилги жаҳон чемпионати мезбонлигининг Қатарга берилишида амирнинг хизмати катта. Бир пайтлар Форс кўрфазининг энг қашшоқ давлатларидан бири бўлган Қатар бугун бой-бадавлат мамлакатга айланган.