...
МЕНЮ
ONLINE TV

2018/2019 ўқув йили учун Ислом академияси магистратурасига 16 ўрин берилди


14:45, 18.12.2017 Жамият
 3 191

Мамлакатимиздаги амалдаги қонунчилик ва дунёвий мамлакатлар қонунчилигини эътиборга олган ҳолда тузилаётган мазкур академия нодавлат олий диний таълим муассасаси мақомида фаолият олиб боради.

Ўзбекистонда муқаддас Ислом динини ўрганиш, улуғ исломшунос олимлар, ислом олами мутаффирларининг бой меросини ёш авлодга етказиш масаласига Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида жуда катта эътибор қаратилмоқда. Президент куни кеча Қорақалпоғистонга уюширган ташрифи чоғида “Имом Эшон Муҳаммад” масжидида бўлиб, бу масалага алоҳида тўхталган эди.
 
Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 15 декабрь куни “Ўзбекистон Ислом академиясини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. Хўш, ушбу қарор нимаси билан аҳамиятли? Ислом академиясининг ташкил этилиши Ўзбекистонда Ислом дини тараққиёти учун қандай хизмат қилади? Қарорга берилган қуйидаги шарҳда барча саволларга жавоб топасиз. 
 
 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Ислом академиясини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига
Ш А Р Ҳ
 
Юртимиз азалдан ислом илм-фани ва маданияти марказларидан бири сифатида эътироф этилади. Имом Бухорий, Бурҳониддин Марғиноний, Имом Термизий, Ҳаким Термизий, Маҳмуд Замахшарий, Муҳаммад Қаффол Шоший, Баҳоуддин Нақшбанд, Хожа Аҳрор Валий, Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий сингари кўплаб мутафаккирларимизнинг боқий номи ва бой мероси нафақат минтақамизнинг маънавий ривожида, айни вақтда жаҳон цивилизацияси тарихида муҳим ўрин тутади.
 
Ўзбекистонда диний таълим тизими ўзининг қадим ва ўлмас анъаналарига эга. Масалан, ўрта асрлардаёқ Бухоро ўзининг мадрасалари ва уламолари билан шуҳрат қозониб, ҳақли равишда “Ислом оламининг қуввати” унвонига сазовор бўлган. Самарқанд ва Бухорода Мирзо Улуғбек қурдирган мадрасалар ўрта асрларнинг университетлари вазифасини бажарган.
 
Мустақиллик шарофати билан юртимизда диний ва миллий қадриятларимиз тўла тикланди. Улуғ аждодларимизнинг хотираларига муносиб эҳтиром кўрсатилиб, улар қолдирган бой илмий-маънавий меросни ўрганиш учун кенг имкониятлар яратилмоқда.
 
Айни вақтда аждодларимизнинг диний-маърифий меросини янада теран ўрганиш ва таҳлил қилиш, уларнинг илмий анъаналарини муносиб давом эттириш бугунги авлод олдида турган долзарб вазифалардан саналади.
 
Бугун шиддат билан ўзгариб бораётган глобаллашув даврида дунёда муқаддас ислом дини аҳкомларини нотўғри талқин қилиш, уларни сохталаштириш йўли билан турли фитна ва бузғунчиликлар содир этиш ҳолатлари кузатилаётгани ҳеч кимга сир эмас. Бундай мураккаб вазият динимизнинг софлигини сақлаш, унинг тинчлик ва инсонпарварликдан иборат асл моҳиятини аҳоли ва, айниқса, ёшларга етказишга қодир, юқори даражада илмий ва диний салоҳиятга эга мутахассисларни тайёрлашни тақозо қилмоқда.
 
Бугунги кунда Республикамизда фаолият юритаётган Тошкент ислом институти ва Бухородаги Мир Араб олий мадрасасида 366 нафар талаба таҳсил олмоқда. Уларга илм ўргатаётган 87 нафар ўқитувчидан 12 нафари фан номзоди ва 38 нафари фан магистри илмий даражасига эга. Ўрта махсус ислом билим юртларида эса жами 1071 талабага 246 нафар педагог дарс бермоқда. Улардан 12 нафари фан номзоди ва 33 нафари магистрлик илмий даражасига эга. Ушбу илмий даражалар учун ҳимоя қилинган диссертацияларнинг мавзулари бевосита ислом дини илмлари йўналишида бўлмай, илмий изланишлар асосан ёндош соҳаларда олиб борилганини таъкидлаш зарур.
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йилнинг 1 сентябрида Тошкент шаҳридаги Ҳазрати Имом мажмуасида давлат, жамоат ва ёшлар ташкилотлари, диний соҳа вакиллари билан учрашувида диний таълим тизимини таҳлилий ўрганиб чиқиш ва замон талаблари асосида такомиллаштириш, юқори илмий тайёргарликка эга мутахассисларни тайёрлашни йўлга қўйиш мақсадида Ўзбекистон Ислом академиясини тузиш бўйича вазифалар белгилаб берилган эди.
 
Буюк мутафаккир аждодларимиз асос солган илмий мактаблар ва йўналишлар давомийлигини таъминлаш, олий ва ўрта махсус диний таълим ўқув юртлари, илмий тадқиқотлар марказларини юқори илмий савия ва малакага эга мутахассислар билан таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти таклифига асосан Ўзбекистон Ислом академияси ташкил этилмоқда.
 
Мамлакатимиздаги амалдаги қонунчилик ва дунёвий мамлакатлар қонунчилигини эътиборга олган ҳолда тузилаётган мазкур академия нодавлат олий диний таълим муассасаси мақомида фаолият олиб боради.
 
Академия ҳузурида магистрлик ва докторлик диссертацияларини ҳимоя қилиш, исломшунослик фанлари магистри, фалсафа доктори ва исломшунослик фанлари доктори илмий даражаларини бериш бўйича Ихтисослашган илмий кенгаш фаолияти йўлга қўйилади.
 
Академиянинг ташкил қилиниши юртимизда ислом дини назариясини чуқур эгаллаган, буюк аждодларимизнинг бебаҳо илмий-маърифий меросини теран ўрганган, диний ва дунёвий илмлар, хорижий тилларни пухта ўзлаштирган ҳар томонлама етук мутахассислар тайёрлаш имконини яратади.
 
Академияда машғулотлар ўтказиш, илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш жараёнига Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институти, Тошкент давлат шарқшунослик институти, Тошкент ислом университети, Ўзбекистон Миллий университетининг профессорлари, фан докторлари ва номзодлари, шунингдек, хорижий давлатларидан исломшунос олим ва мутахассислар жалб этилади.
 
Ўзбекистон Ислом академияси ҳузурида магистратура (2 йил), таянч докторантура (3 йил) ва докторантура (3 йил) фаолият юритади. Ўқиш ва илмий машғулотлар контракт-грант асосида ташкил қилинади. Мустақил тадқиқотчилар учун масофадан ўқиш, тадқиқот ишларини мустақил олиб бориш имконияти яратилади, хориждан докторантлар ва тадқиқотчилар ўқиш ва амалиётга шартнома асосида қабул қилинади.
 
Академияда олиб бориладиган илмий-тадқиқот ишлари натижалари асосида Ўзбекистон Ислом энциклопедияси, буюк аждодларимиз тўғрисида илмий-оммабоп адабиётлар, илмий-маърифий китоблар яратилади, илмий журнал чоп этилади.
 
Ўзбекистон Ислом академиясининг ташкил қилиниши олий диний таълим тизимини янада такомиллаштириш, диний ўқув юртларида таълим сифатини ошириш ва замон талабларига жавоб берадиган юқори илмий савияли мутахассислар тайёрлашга хизмат қилади.
 

Теглар:Президент қарори Ислом академияси 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Қайси мобил оператор хизматидан фойдаланасиз?

Барча сўровлар