2016 йилда Ўзбекистон халқ оғир жудоликларни бошидан ўтказди.
13 февраль. Ўзбекистон халқ артисти Ўлмас Саиджонов 2-Тошкент тиббиёт академияси шифохонасида юрак хуружи билан вафот этди.
1951 йилда Қашқадарё вилоятининг Китоб тумани, Туябоши қишлоғида таваллуд топган Ўлмас Саиджонов 2016 йилнинг 10 январь куни қутлуғ 65 ёшни қаршилаган эди. Ўлмас Саиджонов 6 фарзанднинг отаси, 12 набиранинг бобоси эди.
15 февраль. Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, профессор Темур Маҳмудов оламдан ўтди.
Профессор “MY5” телеканалида намойиш этиладиган “Дийдор ширин” кўрсатувининг суратга олиш ишларига ташриф буюрган, сўнг ҳамкасблари, таниқли санъаткор даврасида ўтирган чоғида оламдан кўз юмган.
Узоқ йиллар "Глиэр" номидаги махсус академик лицейида ва Ўзбекистон Давлат консерваториясида фаолият юритган Темур Маҳмудов 1943 йилнинг 18 январида таваллуд топган эди.
16 февраль. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги, фалсафа фанлари доктори Саид Шермуҳамедов 86 ёшида вафот этди.
18 февраль. Ўзбекистон фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси Марказий кенгаши раиси Эркин Боқибоев 82 ёшида вафот этди.
14 март. Хонанда Шаҳнозабону умуртқа поғонасидаги ўсимта туфайли кечган оғир жарроҳлик операциясини бошдан ўтказган эди. Кўп ўтмай у 42 ёшида вафот этди.
Хонанда 1974 йилда Тошкент шаҳрида таваллуд топган эди. Бир қизнинг онаси бўлган Шаҳнозабону 2000 йилдан бошлаб тилга тушди. Бунда хонанданинг “Қизалоғим”, “Дўст”, “Қизғонаман” номли қўшиқларининг ўрни беқиёс эди.
14 март. “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасининг собиқ раҳбари Баҳодир Абдураҳимов 68 ёшида Наманган вилоятида оламдан ўтди.
Баҳодир Абдураҳимов 2001-2008 йилларда “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси Бош директори, кейинчалик Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети “Халқаро маданий алоқалар ва санъатшунослик” кафедраси мудири лавозимларида фаолият юритган.
23 апрель. Ўзбек футболи фидойиларидан бири Виталий Суюнов 79 ёшда вафот этди.
“Пахтакор” клубининг афсонавий ўйинчиларидан бўлган Виталий Суюнов ушбу жамоа сафидаги фаолиятини 1960 йилда бошлаган ва саккиз мавсум давомида “Пахтакор” шарафини ҳимоя қилган ва асосий ҳимоячилардан бири сифатида кўплаб ўйинларда майдонга тушган.
30 йилдан ортиқроқ давом этган мураббийлик фаолияти давомида у Ўзбекистоннинг кўплаб жамоаларида иш олиб борган.
27 апрель. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги Ғани Абдураҳмонов 91 ёшида вафот этди.
30 май. Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидов оғир хасталикдан сўнг 79 ёшида оламдан ўтди. Агар ҳаёт бўлганида, кеча 28 декабрь куни шоир 80 ёшни қарши олган бўларди.
20 июль. Ўзбекистон Халқ ёзувчиси Шукур Холмирзаевнинг кенжа ўғли, ёзувчи Жаҳонгир Холмирзаев оламдан ўтди. Унинг 1996 йил “Фақат ҳаёт адабий”, “Ўтган кунларидан”, “Овчи”, “Абараген”, “Совға”, “ Ёзувчининг сўнгги кунлари”,”Орзу дарахти” ҳикоялари, “Хуш қол, сеҳрли диёр” қисса, “Йигирма йилдан сўнг”, “Сўнгги романтик портрети” эсселари адабиёт оламида машҳур эди.
2 сентябрь. Шу куни халқимиз оғир жудоликни бошдан кечирди. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, Мустақил Ўзбекистон асосчиси, буюк сиёсатчи, давлат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримов 78 ёшида оламдан ўтди.
Ислом Каримов Тошкент шаҳрида бош мияда қайта тикланмайдиган ўзгаришларга ва полиорган етишмовчилигига олиб келган мия қон айланишининг ўткир бузилиши (инсульт) оқибатида вафот этди.
Мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов ҳақиқатан ҳам буюк тарихий шахс эди. Ислом Каримовнинг қатъияти ва жасорати билан республикамиз мустақилликка эришди ва ўз тараққиёт йўлида улкан муваффақиятларни қўлга киритди. Ёш давлатимиз учун ғоят мураккаб ва масъулиятли даврда вазият беқарорлашувининг олди олингани ва халқимизнинг уруш даҳшатларини кўрмасдан эсон-омон ўтиши бевосита Ислом Каримов номи билан боғлиқ.
Халқимизнинг чексиз муҳаббатини қозонган, мустақил мамлакатимизнинг Биринчи Йўлбошчиси Ислом Абдуғаниевич Каримов қалбларимизда абадий қолади ва келажак авлодлар хотирасида тинчлик, барқарорлик, фаровонлик ва тараққиёт раҳнамоси, буюк давлат арбоби сифатида мангу яшайди.
Ислом Каримов шу йилнинг 3 сентябрида ўз туғилиб ўсган она шаҳри Самарқандга дафн этилди.
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти билан видолашув маросими 2016 йил 3 сентябрда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтди.
26 октябрь. Режиссёр Мелис Абзалов вафот этди. Кўплаб фильмлари билан ўзбек киноси тарихида ўчмас из қолдирган режиссёр, санъат арбоби Мелис Абзалов 78 ёшида Швецияда оламдан ўтди.
5 ноябрь. Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Давлат Мадҳиясининг муаллифи Абдулла Орипов АҚШнинг Нью-Йорк шататида 75 ёшида вафот этди. Шоирнинг жасади 10 декабрь куни Тошкентга олиб келинди. У пойтахтдаги “Чиғатой” қабристонига дафн этилган.
24 ноябрь. Ўзбекистоннинг машҳур футболчиси Равшан Юнусов вафот этди. Маълумотларга кўра, кекса футболчи ўпка саратони касаллигига чалинганди. Сўнгги вақтларда эса саратон асоратлари туфайли унинг аҳволи оғирлашган.
25 ноябрь. Комик актёр, халқимизга Нодир Полвон номи билан таниш бўлган Нодир Саидалиев юрак етишмовчилиги туфайли оламдан ўтди.
4 декабр. Таниқли ёзувчи, драматург, насримизнинг етакчиларидан бири Эркин Усмонов оламдан ўтди.
Эркин Усмонов 1952 йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган эди. Унинг ўнлаб китоблари, ҳикоя ва қиссалари чоп этилган. Улар ичида, айниқса, “Дилингда дардинг бўлса”, “Гунафша”, “Яхшилик”, “Онагинам”, “Кўзойнак” сингари китоблари қўлма-қўл бўлиб ўқилган.
26 декабрь. Ўзбекистон Қаҳрамони Таваккал Топволдиев вафот этди. Мамлакатимиз жамоатчилиги оғир жудоликка учради. Ўзбекистон фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси Андижон вилояти бўлими раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони Таваккал Темирович Топволдиев 82 ёшида оламдан ўтди.
Таваккал Топволдиевнинг кўп йиллик самарали меҳнати давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. У “Дўстлик” ва “Эл-юрт ҳурмати” орденлари ҳамда Ўзбекистон Қаҳрамони унвони билан мукофотланган эди.