Хабар қилинишича, 15 мартдан бошлаб қоидабузарликлар учун жарима солиш тўғрисидаги қарор транспорт воситасининг мулкдорига жўнатилади.
Хабар қилинишича, 15 мартдан бошлаб қоидабузарликлар учун жарима солиш тўғрисидаги қарор транспорт воситасининг мулкдорига жўнатилади.
“Айнан мана шу иш жараёнида тизимдаги техникаларнинг ишлашини назорат қилиб оламиз. Юзага келадиган муаммолар ва камчиликларни бартараф этиш чораларини кўрамиз. Шу сабабли ҳам синов тариқасида, деб айтилаяпти. Жорий этилаётган янгиликнинг асосий мақсадига келсак, бу Тошкент шаҳри кўчаларида йўл ҳаракати хавфсизлигини замонавий технологиялар ёрдамида таъминлашдан иборатдир”, дейди полковник Холматжон Сайдалиев.
Эндиликда назорат қилинадиган ҳар бир объект яъни чорраҳа ҳаракатни назорат қилувчи, қоидабузарликларни автоматик тарзда аниқловчи замонавий техник воситалар, интеллектуал детекторлар, контроллерлар, видеокамералар билан жиҳозланди.
Чорраҳалардан олинган барча маълумотлар Марказий диспетчерлик хизматига узатилади ва бу ердаги электрон табло ҳамда видеомониторларга чиқарилади.
Тизимга киритилган чорраҳалардаги светофорлар ҳам детекторлардан ҳаракат оқими тўғрисида олинган маълумотларни қайта ишлаш орқали автоматик тарзда бошқарилади.
“Қолаверса, светофорлар иш фаолиятини оптималлаштириш натижасида йўлларнинг ўтказувчанлик қобилияти оширилади. Натижада транспорт воситаларининг чорраҳалар олдида тўхтаб туришини 20-25 фоизга, транспорт воситалари двигателларидан чиқаётган заҳарли газларнинг 5-10 фоизга, ёнилғи сарфини 5-15 фоизга камайиши ҳисобига шаҳардаги экологик ҳолат анча яхшиланади”, дейди Сайдиалиев.
Маълумотларга қараганда, чорраҳалардаги вазиятни масофадан узлуксиз кузатиб бориш учун видеокамералар ҳамда фуқаролар учун махсус хизматларни, жумладан ички ишлар, тез тиббий ёрдам, ёнғин хавфсизлиги хизматларини чақириш учун махсус воситалар ўрнатилди.