...
МЕНЮ
ONLINE TV

10 та антиқа ихтиролар рейтинги


20:43, 07.09.2017 Бу қизиқ
 5 555

“Автомобил камари” ўраб тахланганда кичик рюкзак шаклига келади. Агар уни машина остидан ўтказиб боғлаб, ичига ҳаво тўлдирсангиз, автомобилингиз кемага айланади­қолади.

Узунқулоқ гапларга қараганда, яқин йиллар ичида автомобиллар ахлатга ташлаб юборилар экан...
 
Нега дейсизми? Негаки унгача “учар автомобиллар”, яъни маълум йўналиш қоидаси бўйича ҳавода ҳаракатланаладиган бир кишилик скутерлар ихтиро қилинган бўларкан­да.
 
Ишониш қийин, а? Аммо бу гапларнинг тагида жон бор! Масалан, дронлар! Охирги бир йил ичида учар дронларнинг тараққиёти шунчалик шиддат олди-ки, эрта-индин ҳозирги автомобиль йўлларидан фақат учар дронлар учун қўниш майдони сифатида фойдалансак ажаб эмас. Ана шунақа!
 
Яна бир “учирма гап”: яқин келажакда оддий қўзиқориндан гўшт тайёрлаш мумкин бўларкан. Буни нимаси янгилик дерсиз? Ахир кўпчилик ресторанлардаги таомномада “гўшт” сўзи умуман тушиб қолгандай, салатларнинг “зўри” ҳам қўзиқоринлиси!
 
Таркиби оқсил ва углеводларга бой бўлган қўзиқорин саноати наҳотки минг йиллик тарихга эга чорвачиликни мағлуб этса...
 
Бутун бошли компьютерни чўнтакда олиб юриш мумкинлигини кўпчилик шахсий тажрибасидан ўтказишга улгургани рост. Ахир ҳозирда кимнинг мобиль телефони портатив компьютердан кам?
 
Уяли алоқа ёрдамида уй, офис ёки шахсий автомобилигиздаги қўриқлаш тизимини назорат қилишингиз мумкин, бухгалтерия, хусусан пластик карточка тўлов амалиётларини бемалол бажара оласиз...
 
Ҳатто қон босимингизни ўлчашни ҳам мобиль телефон аппарати орқали бажариш мумкин бўлган замонга етиб келдик!
 
Азиз ўқувчи, юқорида келтирилган ихтироларга тааллуқли хабарларни ўқиб асло ҳайрон бўлманг. Улар сизга яхши таниш. Кундалик ҳаётда бундай янгиликлардан фойдаланиб келмоқдасиз.
 
Бироқ кашфиётлар оламида шундай ихтиролар борки, уларни ўқиб ҳайратда ёқа ушлайсиз, ё энсангиз қотади, ёки нимтабассум билан “қойил” деб қўясиз. Негаки улар антиқа ихтиролар туркумига мансуб.
 
Марҳамат, танишинг! Расмий патентга эга бўлган антиқа ихтиролар ўнталиги!
 
10-ўрин: фараз қилинг, балиқ овига бордингиз. Кечки салқин, кичик гулхан ёқилган, ёнида ажиб дастурхон — ноз­неъматга тўла! Қармоқ эса сувга ташлаб қўйилган... Аслида балиқ ови бир баҳона, у — дўстлар дийдори! Гулхан атрофидаги шовқиндан балиқлар хуркиб қочишган бўлса керак. Бироқ барибир қармоқ сувда — балиқ тутишнинг завқи ўзгача­да!
 
Буни қаранг, бироз вақтдан сўнг қармоққа нимадир илинди! Лекин сиз бандсиз… Эринаяпсиз…
 
1972 йилда америкалик ихтирочи томонидан яратилган қурилма сизни ана шунақа вазиятдан “қутқариши” аниқ. Ипга боғланган кичик ҳаво шари кўринишидаги ихтиро орқали сиз қармоққа тушган балиқни гулхан атрофидан турмасдан шундоққина қўлингизга олишингиз мумкин. Махсус тугмани боссангиз бас!
 
9-ўрин: чўкаётган одамга қутқарув камарини улоқтириш зарурлигини яхши биласиз. Айрим ҳолларда шундай вазиятлар бўлар эканки, автомобилни “қутқариш”, яъни сув ҳавзасининг нариги томонига ўтказиш керак бўлиб қолар экан.
 
Масалан: кўприк машина учун тор бўлса, дам олишга чиққан кишилар фавқулотда кўлнинг нариги томонига ўтишмоқчи бўлишса (бир неча чақирим масофа тежалади­да) ва ҳоказо.
 
“Автомобил камари” ўраб тахланганда кичик рюкзак шаклига келади. Агар уни машина остидан ўтказиб боғлаб, ичига ҳаво тўлдирсангиз, автомобилингиз кемага айланади­қолади.
 
Дам олиш ҳавзасига ташриф буюрган айрим уддабуронлар бу ихтиродан фойдаланиб, кема ижарасига кетадиган пулни ҳам иқтисод қилишаркан. Ўз машинасида кемада сузгандек сузиб юриш кимга ёқмайди дейсиз.
 
Бироқ бу антиқа ихтиро патентланган... Бу нарсани ўзим ҳам яхши биламан, дея олмайсиз! Рюкзак шаклидаги “автомобил камари”ни ишлаб чиқарувчилар патент эгасига тегишли тартибда пул тўлайдилар!
 
8­ўрин: жазирама иссиқда машина ҳайдашнинг ўзига яраша қийинчиликлари бор... Кондиционер бўлса яхши, бўлмаса ойналарни очиб қўйиб елвизакда иссиқдан сақланиб йўлда давом этиш мумкин.
 
Кўпчилик ҳайдовчилар чап қўлини ойнадан чиқариб қўйиб, автомобилни бошқаришни хуш кўришади. Айниқса, бу нарса узоқ масофали йўлда толиқмасдан улов бошқариб кетишда қўл келади.
 
Бироқ қуёш нури тўғридан­тўғри тушган қўл тезда қорайиб кетиши (кўпинча бундан аёллар хавфсирайдилар), бундан ташқари, тош тегиб тилиниши ёки ҳашаротлар ёпишиб чақиши мумкин.
 
Германиялик ихтирочилар бундай вазиятлар учун антиқа қўлқоп ихтиро қилишди. У панжалардан тирсаккача давом этган бўлиб, кафт қисми очиқлиги учун рул бошқаришда халақит бермайди. Анча пишиқ матодан тайёрланган бўлиб, қўлни терлатмайди, сиқиб ҳам қўймайди.
 
Шуям ихтироми, дерсиз? Ҳозирда бундай қўлқоплар анчайин оммалашган, айниқса хотин­қизлар орасида. Маҳаллий хайдовчиларимиз қўлларига оқ дока ўраб олишлари — бу бутунлай бошқа масала!
 
Улардан патент бадали талаб қила олмайсиз! Шунга қарамай, мазкур қўлқоп патентланган ва ишлаб чиқарувчилар ихтиро эгаларига “қалам ҳақи” тўлайдилар.
 
Бироқ, буни қарангки, антиқа ихтиро ватани Германия қонунларига биноан автомобилнинг очиқ ойнали эшигига тирсакни қўйиб бошқариш қатъиян ман этилган экан. Бу хавфсизлик ва этика қоидаларига зид эмиш...  
 
7­ўрин: саёҳлар дунёнинг турли мамлакатларида бўлиб, ҳар нарсага қизиқувчан бўлишади. Айниқса, ғарб мамлакатларидан ташриф буюрган сайёҳлар шарқнинг ўзига ром этувчи ёдгорликларини эринмай томоша қилишади.
 
Деярли барчасининг бошида кепка (уларнинг сайёҳ эканлигини ҳам кепкаси­ю рюкзагидан, фотоаппарати-ю қора кўзойнагидан танийсиз)!
 
Саратон иссиғида ҳам қўлида дурбину фотоаппарати билан турли гўшаларни кезишгани­кезишган. Навбатдаги ихтиро айнан ўшанақа сайёҳлар учун: кепкага ўрнатилган дурбин!
 
Ҳар сафар дурбинни қўлга олиб кўзга тутавермаслик учун жуда қулай. Бошингизни бир қимирлатсангиз — бурнингиз узра ҳозиру нозир! Яна бир силкитсангиз, бир зумда кепканинг айвони остига ўрнашиб олади. Ана ихтиро-ю, мана ихтиро!
 
6­ўрин: карнаваллару бал­маскарадларда ким қандай қиёфани хоҳласа ўшанинг ниқобини тайёрлаб олаверади, деб ўйлашади. Бу гап унчалик тўғри эмас.
 
Масалан: жирафа, ғоз, ўрдак, илон, тимсоҳ ниқобларини тайёрлаш айрим ноқулайликларга бориб тақалади. Масалан, ўрдак ниқоби тумшуғини ушлаб турадиган мослама 1962 йилда ихтиро қилинган ва ўзига хос янгилик сифатида патентлаштирилган.
 
Бал-маскаратлар, турли байрам тадбирлари учун ниқоблар ишлаб чиқармоқчи бўлсангиз, қайси қиёфалар “банд” эканлигини яхшилаб билиб олинг!
 
“Ўрдак” ёки “тимсоҳ”ларнинг ихтирочи эгалари ҳақ талаб қилиб қолишлари мумкин!
 
5­ўрин: соатсиз ҳаётни тасаввур қилиш қийин. Бир кунда бир неча марта ишимиз тушиши аниқ. Қўлимизга тақиб қўйганимиз етмагандай деворга осиб қўямиз, ойнаи жаҳоннинг тонги дастурларида аниқ вақт кўрсатилмайдиган кўрсатув йўқ ҳисоб, компьютеримиз бурчагидагига қанаотланмай каттакон соат “заставка” ўрнатамиз, яна мобиль телефонимизда соат...
 
Одамларга­ку соатлар керак, лекин ҳайвонлар уни нима қилар экан, деб ўйлаб уйингизга етолмайсиз. Авваллари фақат бульдок зотли итларининг олд оёғига тақиладиган соатни ҳозир турли кўринишда бир нечта хонаки ҳайвонларга тақилаётганини гувоҳи бўлишингиз мумкин.
 
Ана шу ихтиро ҳам, “қароқчи”лардан сақланиш учун бўлса керак, патентлаштириб қўйилган экан.
 
4­ўрин: соат таққан булдокларга ажабланиб турганингизда узун қулоқли итларнинг муаммосини эшитиб кўринг. Селекция шу қадар ривожланиб кетдики, танаси илонникига ўхшаш узун итлар зоти яратилганда, уларнинг қулоғи ҳам ниҳоятда узун бўлиб, ҳатто ерга тегадиган бўлиб қолувди.
 
Бечора шалпангқулоқ ит, қулоғига чалишиб юришга қийналади! Бунақа зотли итларнинг қулоқларини “турмаклаб”, икки ёнга “антенна” қилиб қўядиган мослама ихтиро қилинган!
 
Мазкур антиқа ихтиро эгаси уни тез орада патентлаштириб олишга улгурибди. Ишонмайсизми? Бундай антиқа мосламани ишлаб чиқарадиган корхона ҳозирда анави ихтирочига мўмайгина пул тўлайди.
 
3­ўрин: футбол ишқибозлари катта куч — буни кўпчилик билишади. Севимли жамоаси хурсанд қилганда стадион атрофини гулу райҳонга тўлдириши, борди­ю хафа қилиб қўйса, “тез тиббий ёрдам” хизматини шошириб қўйиши мумкин!
 
Ўйин давомида ноғора четгани қайси, “сурнай” чалгани қайси, айримлари тинмай бақириб­чақиради, бошқалари жўр бўлиб қўшиқ айтади. Яна бир-иккита телбароқлари ўйин пайтида стадионга югуриб чиқиб, операторлару ўйинчиларнинг эътиборини “қозонади”...
 
Севимли жамоаси ёки ўйинчисининг номини пешонасига ёзадиган трафарет — футбол ишқибози бўлган ихтирочи томонидан 1986 йилда патентлаштирилган экан.
 
Ушбу антиқа ихтиро ёрдамида ўйинга “пешонаси тоза” келган ишқибозларни бир неча дақиқа ичида “нишонли ишқибоз”га айлантириш мумкин. Ўйиндан сўнг ёзувни ҳўл латта билан артиб ташлашса бўлгани.
 
2­ўрин: тўйиб ухламаслик, тушкун кайфият, иссиқ ёки нам ҳаво кишини ланж қилиши мумкин. Ланж киши бироз эътиборсизроқ бўлиб, ўзига зиён қилиши, кези келганда дакки эшитиши мумкин. Бундай пайтда одатда юзни совуқ сув билан ювишади.
 
Тиниб­тинчимаган ихтирочилар бунинг антиқа усулини ўйлаб топишди. Кўриниши электр тишчўткасини эслатадиган митти қурилманинг тугмачаси босилганда кучсиз электр токи ҳосил бўлади. Ланж юрган киши уни тилига ёки лўнжига теккизиб олса бас, анча тетиклашади!
 
Ихтирочи буни кўпроқ маърузаларда ёппасига уйқуга кетадиган талабаларга мўлжаллаган бўлса ажабмас. Профессорнинг “қора рўйхати”га тушиб қолмаслик учун тетикроқ ўтирган маъқул, шундай эмасми?
 
Бу ихтирони узоқ давом этадиган зерикарли мажлис иштирокчиларига ҳам бериш мумкин! Ахир мажлисни ёритаётган оммавий ахборот воситалари вакилларининг камерасидан тушаётган ёруғлик таъсирида тетиклашиб олишлари хунук манзара-да!
 
Қурилмани тилига текизиб-текизиб туришса, мажлисда ухлаб қолганини ҳеч ким кўрмайди!
 
1­ўрин: навбатдаги ихтирони шошқолоқлару озишни истовчиларга тавсия қилса бўлади. Бу — оддий санчқи. Фақат махсус мосламаси бўлиб, тез, шошинқираб овқат есангиз сигнал чалиб сизни “огоҳлантириш” хусусиятига эга.
 
Тўғри­да, болалик чоғларимиздан овқатни шошмасдан, чайнаб ейишимиз лозимлиги уқтирилади. Биз эса барибир шошилиб овқатланамиз. Бунисини анчайин фойдали ихтиро деб аташ мумкин.
 
Бундан ташқари, мазкур ихтиро тансиқ таомларни хуш кўрадиган, қўполроқ айтилса, иштаҳаси карнай, шу билан бирга озишга ҳам ҳаракат қиладиган кишилар учун айни муддао.
 
Тамадди пайтида санчқининг таомга санчилиши “чегараланган”. Керагидан ортиқча “ишлатилаверса” чийиллаган хунук овоз чиқариб иштаҳани буғади. Жаҳлингиз чиқиб уни отиб юборадиган ёки бошқасига алиштирадиган бўлсангиз, ўзингизга берган “озиш” ваъдангизни бузган бўласиз. 
Улуғ БЕК 

Теглар:Бу қизиқ Антиқа ихтиролар Рейтинг 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!