“Ўзстандарт” агентлигининг таклифлари қабул қилиниб, 2019 йил 1 январдан кучга киради.
Қарорга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва “Ўзстандарт” агентлигининг 2019 йил 1 январдан қуйидагиларни назарда тутувчи тартибни ўрнатиш таклифлари маъқулланади:
Халқаро лабораторияларни аккредитация қилиш ташкилоти (ILAC) ва Халқаро аккредитация қилиш форуми (IAF) тўлақонли аъзолари ҳисобланган давлатларнинг сертификатлаштириш органлари томонидан берилган мувофиқлик сертификатлари ёки синов баённомалари тақдим этилганда устав капиталида давлат улуши 50 фоиздан кўп миқдорда бўлмаган тадбиркорлик субъектлари (эркин иқтисодий зоналар иштирокчилари бундан мустасно) ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун олиб кирадиган Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган ихтисослашган ва қишлоқ хўжалиги техникаси, технологик ускуналар ва уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмлари, шунингдек, мажбурий сертификатланиши лозим бўлган маҳсулот ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган ноозиқ-овқат хомашё, материаллар ва буюмлар мажбурий сертификатлаштиришдан озод қилинади;
тадбиркорлик субъектлари томонидан ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун олиб кириладиган ўлчаш воситаларига мувофиқлик сертификатини тақдим этмаган ҳолда уни божхона ҳужжатлари расмийлаштирилган кундан бошлаб икки ой давомида ўрнатилган тартибда олиш шарти билан божхона ҳужжатларини расмийлаштиришга йўл қўйилади;
Миллий ўлчаш эталонлари ва миллий метрология институтлари томонидан бериладиган калибрлаш ва ўлчаш сертификатларини ўзаро тан олиш тўғрисидаги келишувни (CIPM MRA) имзолаган мамлакатларнинг Миллий метрология органлари томонидан расмийлаштирилган амалдаги калибрлаш (ёки текшириш) сертификатлари тақдим этилганда ўз эҳтиёжлари учун технологик жараёнларда фойдаланиладиган импорт бўйича олиб кириладиган ўлчаш воситаларини метрологик аттестациялаш (турини тасдиқлаш) соддалаштирилган тартибда, бир кун муддатда тан олиш тартиботлари йўли билан амалга оширилади.