Жиззах вилоятида 50 фоиз томорқа ерларида озиқ-овқат экинлари ва мевали дарахтлар экилмаган.
Бу ҳақда 11 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ўтказилган кенгайтирилган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.
Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида яратилаётган қулай шароит ва имкониятларга қарамасдан, баъзи қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан ўз аҳолисини тўлиқ таъминлашга эришилмаган. Масалан, Қашқадарё вилоятида маҳаллий аҳолини ҳудудда етиштирилган мева билан таъминлаш даражаси 71 фоизни, Сирдарё вилоятида эса 85 фоизни ташкил этмоқда.
Йиғилишда бу борадаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш йўлларидан бири – бу аҳолининг томорқа ерларидан самарали фойдаланиши билан узвий боғлиқ экани таъкидланди. Афсуски, бу борадаги аҳвол ҳамма жойда ҳам талаб даражасида, деб бўлмайди. Масалан, жорий йил давомида ўтказилган ўрганишлар шуни кўрсатдики, Навоий вилоятида 27 фоиз, Самарқанд вилоятида 45 фоиз, Бухоро вилоятида 47 фоиз, Жиззах вилоятида 50 фоиз томорқа ерларида озиқ-овқат экинлари ва мевали дарахтлар экилмаган.
Ана шу масалаларни ҳал қилиш юзасидан Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ва ҳокимликлар раҳбарларига озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва экспорт ҳажмини кўпайтириш учун бир қатор чора-тадбирларни амалга ошириш вазифаси топширилди.
Жумладан, мева-сабзавотчиликка ихтисослаштирилган 66 тумандаги 455 минг гектар унумдор ердан, 2017-2020 йилларда пахта ва ғалладан бўшайдиган 215 минг гектар майдондан унумли фойдаланиш зарурлигига урғу берилди.