...
МЕНЮ
ONLINE TV

“Qalampir.uz” Туркияда жойлашган қочоқлар лагерларидаги шароит билан танишди


14:07, 25.06.2017 Олам
 3 999

Сайт раҳбар Қамариддин Шайхов саёҳат тафсилотлари билан ўртоқлашади.

Аввалроқ, “Qalampir.uz” сайти раҳбари дунёнинг 15 мамлакатидан келган 36 нафар журналист қаторида Туркия Республикасининг Истанбул, Анқара, Ғазиантеп, Қаҳрамонмараш, Усмония ва Шонли Урфа шаҳарларида ўтказилган медиа-турда иштирок этаётгани ҳақида хабар берган эдик. 18-24 июнь кунлари бўлиб ўтган учрашувларда “Qalampir.uz” раҳбари Қамариддин Шайхов Туркия Республикаси Бош вазирлиги ҳузуридаги Матбуот ва ахборот бошқармаси бош директори Меҳмет Акарчи, Офат ва фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи Меҳмет Халис Билден, Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған билан учрашди. Маълум бўлишича, журналистлар Туркиянинг Усмония ва Қаҳрамонмараш шаҳарларида Сурия ва Ироқдан келган қочоқларга яратилган шароитлар билан танишишган.
 
Қамариддин Шайхов саёҳат тафсилотлари билан ўртоқлашади.
 
Қамариддин Шайхов, “Qalampir.uz” сайти раҳбари:
 
– Бугун ҳар биримиз дуёнинг нариги чеккасида бўлаётган воқеа ва ҳодисалаларни оммавий ахборот воситалари ва интернет орқали зудлик билан билиш, кўриш имкониятига эгамиз. Шунинг учун сўнгги йилларда Сурия, Ироқ, Ливия каби мамлакатларда юзага келган ҳолат, уруш, нотинч вазиятга ортиқча изоҳ бериш фикридан йироқмиз. Динни ниқоб қилиб, шаҳарлар кулини кўкка совураётган, бегуноҳ одамлар қонини тўкаётганлар, тарихни йўққа чиқариб, келажакка болта ураётганларнинг мақсади эзгулик эмас. Зотан, дунё динларининг ҳеч бир одамлар қони тўкилишини, парокандаликни маъқулламайди.
 
Сурия ва Ироқ. Икки гўзал ва тарихий мамлакат бугун аянчли аҳволга келиб қолганини ҳаммамиз кўриб гувоҳ бўлиб турибмиз. Уруш майдонига айланган бу мамлакатлардан одам оёғи узилмоқда. Миллионлаб аҳоли ўз уйини тарк этиб, бошқа мамлакатларда қочоқликда кун кечирмоқда.
 
Туркия Республикаси Бош вазирлиги ҳузуридаги AFAD – Офат ва фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи Меҳмет Халис Билденнинг маълум қилишича, айни дамда Туркия Республикаси ҳудудида 3,5 миллион қочоқ истиқомат қилаётган бўлиб, шулардан 2,75 миллиони сурияликлардир. 2011 йилдан то бугунга қадар Сурияни 4,8 миллион аҳоли тарк этган.
 
ИШИД зулмидан азият чеккан Сурия ва Ироқ аҳолиси Туркия томон қочиб кела бошлади. Бу вазиятда Туркия Республикаси ҳам танг аҳволда қолди. Боиси 3 миллиондан ортиқ аҳолини мамлакатга киритиш, катта хавф туғдириши, миллатлар ва халқлар ўртасидаги низоларни келтириб чиқариши ва мамлакат чегаралари хавфсизлигига путур етказиши табиий эди. Устига-устак, қочоқларнинг аксарияти, ҳатто, шахсини тасдиқловчи ҳужжатларга ҳам эга бўлмаган.
 
Бугунги кунга келиб, Туркиянинг турли ҳудудларида 260 та қочоқлар лагери ташкил этилган. Журналистлар Туркияга ташрифи давомида Қаҳрамонмараш ва Усмония шаҳарларидаги қочоқлар лагерларида бўлиб, у ердаги шароитлар билан танишдилар.


 
Биргина Қаҳрамонмарашда жойлашган қочоқлар лагерида 23.887 киши истиқомат қилади. Уларнинг 18.519 нафари суриялик, қолган 5368 нафари ироқлик. Лагерга 5008 та контейнер-уй, битта мактаб, битта боғча, иккита масжид ва поликлиника жойлаштирилган. Контейнерларга иссиқ ва совуқ сув, телевизор, совутгич, овқат қилиш учун техник мослама, кир ювиш машинаси ўрнатилган. Аммо хоналар жуда кичик. Икки хонали контейнерда саккиз кишидан иборат икки оила яшаётганига ҳам гувоҳ бўлдик. Ҳар ҳолда бу ердаги ҳаёт ҳавас қилишга арзигулик эмас. Қанча шароит яратилмасин, ўзга юртнинг нони тотли бўлмайди. Миннатсиз ош эса бегонада топилмаслиги аниқ. Тўғри, бу ердаги яшаётган ҳар бир фуқарога Қизилой ва AFAD томонидан ҳар 15 кунда 50 лирадан пул берилади. Лагерга улгуржи савдо дўкони ҳам ўрнатилган. Бироқ, қочоқлик тамғаси остида яшаётганларнинг ҳаётини, улар чекаётган азобларни ҳеч ким уларчалик тушунмайди.
 
Биз ташриф чоғида болалар билан суҳбатда бўлдик. Болалиги тортиб олинган гўдаклар ғам-андуҳларини табассумлари ортига яширмоқчи бўлишса-да, кўзларидаги ғусса вайрон бўлган юрак кечинмаларини ошкор этиб қўяди.


 
Туркия ҳукумати, хусусан, мамлакат раҳбари Ражаб Тойиб Эрдўған қочоқларга ёрдам қўлини чўзишни инсонийлик, виждон масаласи эканини айтади. Бироқ бир тушунарсиз ҳолат бор: Сурия ва Ироқдан келган қочоқларнинг аксариятини араблар ва туркманлар ташкил этади. Ҳар бир халқнинг ўз тили, урф-одатлари, қадриятлари мавжуд. Бироқ айни дамда Туркияда қочоқлик мақомини олиб истиқомат қилаётган оилалар болаларига мактабгача таълим муассасасида ҳам, мактабда ҳам турк тили ўқитилмоқда. Бошқа тиллардаги дарслар умуман топилмайди. Инглиз тилини ўргатиш ҳам тақиқланган. Наҳот, Туркиянинг бошқа мамлакатлар билан муносабати қочоқларга кўрсатаётган ёрдамида ҳам четга суриб турилмаса? Ё ҳукумат қочоқларнинг кун келиб мамлакатни тарк этишига умид боғламаяптими?
 
Бир томондан бу ердаги вазият аҳолининг дангаса бўлиб қолишига ҳам сабаб бўлмоқда, дейиш мумкин. Биз суҳбатда бўлган суриялиқ қочоқлардан бири 6 йилдан буён оиласи билан шу лагерда яшайди. Унинг ёши 33 да. Аёли ҳам, ўзи ҳам ҳеч қаерда ишламайди, ишлашга ҳаракат ҳам қилиб кўрмайди. 6 йилдан буён ҳукуматдан олаётган пулига истиқомат қилади. Хўш, уларни лагерда сақлашдан, шунча йил давомида боқимандалигига кўз юмишдан мамлакатга нима наф? Мазкур савол билан Офат ва фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи Меҳмет Халис Билденга мурожаат қилдик, аммо айтарли жавоб олганимиз йўқ.


 
Саёҳат Усмония ва Шонли Урфа шаҳарларидаги лагерларда давом этди. Бу ердаги ҳолат ҳам Қаҳрамонмарашдагидан фарқ қилмайди. AFAD раҳбарининг маълум қилишича, лагерларни молиялаштириш, қочоқларга ёрдам кўрсатиш ишларига халқаро ташкилотлар деярли ёрдам кўрсатмаяпти. Маблағ ҳукумат тарафидан ажратилмоқда. Фақатгина UNICEF халқаро болалар ташкилоти бироз ёрдам қўлини чўзган.
 
Биз қочоқлар билан суҳбатда бўлар эканмиз, юрагимизда фақат ва фақат шукроналик ҳиссини туйдик. Осмонга тик қаранг: она диёримизда қуёш кулмоқда, унинг табассуми одамлар юзига, қалбига кўчган. Осмон мусаффо, ундаги мусаффоликнинг акси Ўзбекистон заминида. Узоқни кўзлаб юритилган сиёсат, озод ва обод ҳаёт, эркин ва фаровон ҳаёт йўлида чекилган машаққатлар бугун ўз мевасини беряпти. Мамлакатимизнинг дунё ҳамжамиятида тутган ўрни кун сайин юксаляпти. Фарзандларимиз бахтли ҳаёт кечиряпти. Энг муҳими, халқнинг эртанги кундан умиди катта, унинг орзулари бисёр ва шу орзулар томон дадил қадам ташламоқда. Жипс ва эртанги кунига ишонган халқ эса ҳеч қачон бировга қарам бўлмайди.

Теглар:Қаҳрамонмараш Усмония Туркия Қочоқлар лагери 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!