...
МЕНЮ
ONLINE TV

“Qalampir” Фуқаролар қабулхонаси: Андижонда мардикорлик қилаётган ўқитувчилар


19:30, 24.05.2017 Жамият
 12 100

Аксинча, ғўза чопиққа бормаганларнинг ойлигидан фалон пул ушлаб қолиниб, камига дўқ-пўписа билан қўрқитилармиш.

“Qalampir.uz” таҳририяти халқ ичига кириб бориб, уларнинг дарди ва муаммосини кўтариб чиқишда, ечим топишда давом этади. Бу сафар сайтимиз рейдга чиқди. Рейднинг биринчи манзили Андижон вилоятининг Избоскан, Жалақудуқ, Пахтаобод, Балиқчи туманлари бўлди. Чунки фуқаролар қабулхонамизга шу ҳудудлардан кўплаб мурожаатлар келиб тушган.
 
Мурожаатлар ва шикоятлар ҳар хил мавзуда. Кимдир электр тармоғидан нолиган бўлса, бошқаси пенсияларнинг ўз вақтида берилмаётганидан норози. Яна кимдир туман марказида замон талабларига жавоб берадиган янги катта бозор фойдаланишга топширилганига қарамасдан, аҳоли кийим-кечак учун бошқа жойга, озиқ-овқат ва ўзга харажатлар учун 2-3 километр йўл босиб, бошқа бозорга боришаётганини айтиб, иккала бозорни бирлаштиришни сўраб мурожаат қилишган. Бу ҳақда ҳали алоҳида тўхталамиз.
 
Бундан ташқари, яна бир оғриқли масала юзасидан ҳам мурожаат келган бўлиб, бу айнан жойига бориб ўрганишни талаб қилди. Шу мақсадда бугунги мақолани айнан шу муаммодан бошлаймиз ва махсус мухбиримиз мазкур туманлар мисолида Андижон вилоятидаги вазиятдан барчани бохабар этади.
 
Келинг, аввал мардикор сўзининг маъносига тўхталсак. “Ўзбек тилининг изоғли луғати”да ушбу атамага қуйидагича изоҳ берилган: “Мардикор – 1. Вақтинча ёки кундалик ёлланиб ишловчи ишчи. 2. 1914-18 йиллардаги биринчи жаҳон уруши даврида чор ҳукумати томонидан мамлакат ичкарисидаги қора ишларга Ўрта Осиё халқларидан сафарбар этилган киши”. Нега дабдурустдан “мардикорлик”ка ўтиб кетдик?
 
Ҳозир баҳор фасли якунланмоқда. Шунингдек, мактаб, лицей, коллеж ва олий ўқув юртларида ҳам таҳсиллар тугаш арафасида. Битирувчи босқичдагилар эса янада кўпроқ вақтини ўқишга сарфлаши керак, чунки улар энди ишли, касб-ҳунарли бўлишади. Лекин Андижон вилоятидаги коллеж ва мактаблар маъмурияти ушбу масъулиятли вазифани умуман англаб етмагандек.
 
Мурожаатларда баён қилинишича, касб-ҳунар коллежлари ва қишлоқ врачлик пунктлари ходимлари оммавий тарзда мажбурий меҳнатга жалб қилинаётган экан. Албатта, галма-галдан ва дам олиш кунисиз. Ўқитувчилар ғўза чопиққа, ҳозир эса “ягана”га (“ягана” – бир тўда бўлиб ўсган ғўза пояларини битта-иккиталаб ягона ҳолга келтириш), ҳатто якшанба куни ҳам, оммавий тарзда олиб чиқилаётган эмиш. Мақсад – ғўзани ортиқча талафотларсиз ўстириб олишми?
 
Бу қадар “олий” мақсад оқибатида инсон тақдири-да ундан кейинги даражага тушиб қолмаяптими? Мардикорларга ишлаган ҳақини беришади. Лекин бу ўқитувчиларга далага чиққани учун ортиқча пул тўланмас экан. Аксинча, ғўза чопиққа бормаганларнинг ойлигидан фалон пул ушлаб қолиниб, камига дўқ-пўписа билан қўрқитилармиш.
 
“Мен шу тумандаги (Избоскан – таҳририят) аграр касб-ҳунар коллежида ўқитувчи бўлиб ишлайман. Шу пайтгача ҳар куни ғўза чопиққа чиққандик, энди эса яганага. Дарс ўтиш тугул унга тузукқуруқ тайёрлана олмаймиз. Яна биздан натижа талаб қилишади. Далага бормасак, ойлигимиздан ушлаб қолишади”, дейди Избоскан туман аграр саноат касб-ҳунар коллежи ўқитувчиларидан бири (ўзини таништиришни истамади).
 
Ғалати эшитиляптими? Афсуски, бу ҳақиқат ва ҳақиқат аччиқ бўлади. Биз бу борада даладаги олий маълумотли айрим ўқитувчиларни суҳбатга тортдик. Кўпчилиги ўрганиб қолишганини, фақат бу сафар ошириб юборишганини, жилла қурса, ҳафтада бир кун уйда дам олишлари учун рухсат беришса, қолган кунлари янада яхши ишлаб беришларини айтишди (!). Эҳ, ўзбек аёли-я, кошки сен ўша бир кунда ҳам дам олсанг, уй ишлари бунга йўл қўярмиди?! Шундаям нолимайди. Ахир бу “томчилар” бир куни йиғилиб, катта пўртанага айланмасмикан?
 
Бундан ташқари, боринг ана 35 даража иссиқда очиқ далада меҳнат қилиш учун олий маълумотли бўлмаган улар! Дафъатан бошидан офтоб ўтиб, мазаси қочиб қолса, ким жавоб беради? Касал ўқитувчи дарс ўтолмайди, дарс бўлмаса, ўқувчи билим олмайди. Давомат ёмон бўлиши ҳам мумкин. Хўш, оддий ўқитувчи қайси бир ишни қилсин: ўқув маскани атрофини тозаласинми? Бунинг учун алоҳида штат ажратилган. Далага чиқиб ишласинми? Бунинг учун фермерлар бош қотирсин, олий маълумотли шахслар эмас! Давоматни назорат қилсинми, дарсга келмаган ўқувчиларни қувлаб юрсинми? Унда ўқитувчи қачон илм берадию, ўқувчилар қачон билимли бўлади? Қачон дарсга яхши тайёрланадию сифатли дарс беради? Бунга вақти бўладими ўзи?
 
Шу ўринда яна бир мулоҳаза: сайтимиз орқали ҳам бир неча марта ўқитувчиларнинг ўқувчиларни калтаклагани ҳақидаги хабарларни бердик. Устоз деган номга лойиқ олий маълумотли одамлар далада юрсаю, ўқувчилар кўча чангитса, уларга алам қилмайдими? Бу ҳолатда ўқувчи олдида ўқитувчининг обрўси қоладими?
 
Уларга “далага чиқмаймиз, ўқувчиларга дарс берамиз, демадингизми?”, деган савол билан мурожаат қилдик. Жавоб эса кутилганидек: “мардикорлар”ни коллеж раҳбарияти ойлик маошдан “қирқиб қолиш” билан қўрқитган, улар эса каммаош бўлишдан чўчишган. Коллеж раҳбариятидан шунчалик ҳайиқиш мумкинмас-ку, ишдан кетиб, бошқасига ўтиш керак, деган саволимизга олган жавобимиздан ёқа ушладик: “Уларга ҳокимиятдан шунақа топшириқ келган, бошқа коллежга ўтсак ҳам, барибир шу ҳолат давом этади. Ундан кўра, тинчгина ойлигимизни беришса бўлгани”.
 
Ажабо! Ҳамма гап ҳокимликлардами унда? Ушбу масалага ойдинлик киритиш мақсадида Андижон вилоят ҳокимлиги билан боғландик. Телефон рақамларни билиш учун ҳокимият сайтига кирдик: сайтдаги ишонч телефон рақами эскича код билан ёзилган экан (суратга қаранг).
 

 
Сайтидан Умумий бўлим рақамини олиб, қўнғироқ қилдик ва юқоридаги гаплар қанчалик ҳақиқат эканини сўрадик. Аввалига гапни айлантирган ходим бехабар эканини, вилоятда бундай мажбурий меҳнатга жалб этиш ҳоллари учрамаслигини айтди. Бунга жавобан ҳозирда мухбиримиз айнан шу туманларда бўлиб турганини ва ушбу воқеаларни ўз кўзлари билан кўришганини таъкидлаганимиздан кейин ўз бўлимидан соқит этиб, Ижтимоий бўлим рақамини беришди. Уларда ҳам худди шундай ҳолат такрорланди, охири бизнинг бўлим шуғулланмайди, деб қутулди. Ўзини таништиришини сўрасак, бош тортди, ҳали янгилигини, бошлиқлар тушликка кетганини таъкидлади.
 
Ҳа, вилоят ҳокимлигидагилар бундан “бехабар”, лекин туманлар ҳокимликлари шу “бехабар”лар номидан иш қилиб ётишибдими? Бу ерда ўзбилармонлик, бошбошдоқлик келиб чиқмаяптими? Одам ёллаш ёки ҳақиқий мардикорлик учун пул тўлашдан кўра, оддий ва содда ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилган яхшироқ ва фойдалироқ ҳам камчиқимроқ бўлаётгандир балки.
 
Маълумотларга кўра, бу аҳвол нафақат юқорида номи зикр этилган туманларда, балки бутун вилоят, ҳатто Фарғона водийсида ҳам кузатилаётган экан. Эҳтимол республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам бордир.
 
Шу ўринда таклифлар бериб кетсак: аввало, бу каби оммавий меҳнат тадбирларига чек қўйиш керак, ахир ҳадемай Президент Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятида бўлиши кутилмоқда.
 
Кейинги таклиф: қишлоқда ишсиз ётган аёллар ва эркаклар бор, иш излаб юришибди, ҳатто чет элга чиқиб кетишяпти. Барча далалар фермерларга бириктирилган, ана ўша фермерлар одам ёлласин, ишлатсин.
 
Яна бир гап: вилоят ҳокимлигидагилар халқ дардига қулоқ солсин, балки ўшанда “хабардор” бўлишар. Ёки Президентнинг шахсан ўзи одамлар дардини эшитиши ва малҳам бўлиши тайин.
 
Биз эса мазкур муаммо илдиз отиб, томир ёйиб кетмасидан олдин ечимини топиб, қишлоқлардаги таълим тизими ўз изига тушиб кетишини истаймиз ҳамда мазкур масала юзасидан Андижон вилоят ҳокимлиги ва бошқа мутасадди ташкилотлардан расмий жавобларни кутиб қоламиз.
“Qalampir.uz” таҳририяти. 
 

Теглар:Андижон Ўқитувчилар Шавкат Мирзиёев Ҳоким мардикорлик 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар

Аноним
16:43 26.05.2017

Ассалому алайкум! Жуда хакконий ендашув бупти. Андижон деб хайрон буласизлар Тошкент вилоятида ахвол бунданда баттар. Якинда чопикка деб ойликдан 15 минг сумдан олиб колинди. Бормаймиз десак Хокимиятнинг буйруги деб мажбурлашди. Тошкент вилоят хокимидан сураб курингларчи елгон дермикин уятсизлар???


Парабеллум
12:22 26.05.2017

Бу Рамизбек жуда тугри гапни айтди! Яшавор ота угил! Укитувчи врач ойлик олганидан кегин ишлаш керакда, ойликни оклаб куйиш керак тугрими? Рамизбек сендакаларни миянга Курт тушкан, укутивчини вазифаси дарс бериш, врачники инсонни даволаш, соглигидан хабар олиш, давомат пас, док торлар яхши карамели деб нолиганам сендакалар.


Eshmat
11:48 25.05.2017

Ramiz deganlari maqsad qolib eshagini quvib ketibdi-ku. Shunchalik ham tupoy odam bo'ladimi olamda? Axmoq, 2 mln oylik olsa, dalada ishlashi kerakmi? U ziyo tarqatadi-ku, bolalarga dars berishi kerak. Paxtani shuncha yillar ekib, bu millat boyib ketdimi? Bir tiyinlik foydasi yo'q shu o'zi oqu ichi qora paxtaning. Shu pulni dehqonga to'lsasa, qanchadan qancha ishsizlarga bersa, o'shalar qautangga o'qituvchiyu yosh bolalardan yaxshiroq uddalaydi. Bir paytlar SSSSR zamonida bizni vassal deya ishlatardi dalalarda maxbusdek. Bugun ham shu ahvol bo'lsa, unda mustaqillik degan oliy ne'mat qayerda qoladi?


Олим
11:37 25.05.2017

Ассалому алайкум... Кўп яшанг!


бек
10:10 25.05.2017

Калампирчлар сизларга катта рахмат.Мени оиламда иккита муаллим бор.Ха айтса мен хам андижонданман.Узбекистонда талим сохаси энг коррупцияга муккасидан кетган ташкилот.Хамма нарса пул билан.Укитувчилар универсал солдат!!Юкоридаги рахбарлар бу муаммони билмайдиларми? Албатта биладилар!!Советлар даврида руслар бизни у килди бу килди дер эдик.Эндичи?У даврларда муаллимни халк хурмат килар эди.Хозирчи?Бухорий ва Ибн синоларни тарбия килган лар хам аеллар.Уларга шу этибор булса узбеклардан факат фаррошлар, бемани кушикчилар,уйинчилар ва четларда танасини сотадиигон фохишалар чикади.Талим вазири вилоятлардаги муаммоларни биладиларми?Еки уларни оеги ердан узилганми?



Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар