...
МЕНЮ
ONLINE TV

“Пахтакор” талабаларни мажбурлаб, стадионга ўтирғизиб қўймайди


21:24, 16.03.2018 Спорт
 4 094

Спортга оид интернет нашрларнинг бирида мухлислар асосан талабалар “Пахтакор” стадионига мажбуран олиб кириши ҳақида маъқола эълон қилинганди.

Куни кеча Ўзбекистондаги спортга оид интернет нашрларнинг бирида “Пахтакор” стадионига талабалар мажбуран жалб этилаётгани ҳақида мақола эълон қилинди.
 
Унда АГМК жамоасига қарши 18 март куни ўтиши кутилаётган учрашувга олий ўқув юрти талабалари мажбуран жалб этилаётгани ҳақида ёзилган эди.
 
“Пахтакор” футбол клуби эса ушбу хабарга ўз муносабатини билдириб, ўзгача жавоб қайтарди.


 
“Аввало, клубимиз ҳаётига оид ҳар бир янгилик ва жараённи кузатиб бораётгани учун ушбу сайтга миннатдорчилик билдирамиз.
 
Лекин, “Пахтакор” футбол клуби томонидан ўзбек футболини ривожлантириш йўлида қилинаётган саъй-ҳаракатлар мақолада очиқдан-очиқ нотўғри талқин қилинганлиги клуб маъмуриятини ҳайрон қолдирди.
 
Мақолада қайд этилганидек, “Пахтакор” футбол клуби беллашувга кўпроқ мухлисларни жалб этиш ва шу орқали футболнинг оммавийлигини ошириш мақсадида ҳақиқатдан ҳам Олий ўқув юртларига мурожаат қилиб, талабаларни футбол ўйинини томоша қилиш учун стадионга келишлари таклиф қилинган.
 
Ҳа-ҳа, айнан ТАКЛИФ ҚИЛИНГАН. Шу мақсадда, уларни қизиқтириш учун чипталарнинг бепул тарқатилиши, бўлимлар орасида ютуқли лотереялар ўйналиши ташкил қилинган.
 
Бу ҳақда Олий ўқув юртларига юборилган хатларда аниқ ёритилган бўлиб, мақолада ҳам ушбу хатлар мазмуни эътироф этилган.
 
Талабаларнинг футбол ўйинини томоша қилиш учун стадионга келиш ихтиёрлари ўзларида бўлиб, уларни мажбуран стадионга олиб келиш ҳақида на ёзма, на оғзаки ҳеч қандай мурожаат ёки бирон-бир кўрсатма берилмаган.
 
Таъкидлаш жоизки, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишини таъминлаш, ўзбек футболининг оммавийлигини ошириш мақсадида ушбу тажриба клуб томонидан аввалдан қўлланиб келинмоқда.
 
Клуб учун бу аслида иқтисодий жиҳатдан қўшимча харажат бўлсада, лекин ишқибозларга қулайлик ва қўшимча имкониятлар яратиш, пировардида ўзбек футболининг жозибадорлигини ошириш учун бундай саъй-ҳаракатлар доимий тарзда амалга оширилмоқда.
 
Қолаверса, муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев ўзбек футболини ривожлантириш масаласига шахсан катта эътибор бераётган, ўз навбатида, ЎФА ва ПФЛ Суперлигани кучайтириш устида фойдали ислоҳотларни амалга ошираётган бир пайтда, мухлисларни учрашувларга ихтиёрий жалб этиш орқали ўз чемпионатимизга қизиқишни ошириш айни муддао бўлиб, бунда бирон-бир салбий ҳодиса кўзга ташланмайди.
 
Шундай ҳолатда, бирон-бир асосга эга бўлмасдан туриб, ҳақиқий фактларни нотўғри талқин қилишга уриниш ҳолатлари ажабланарли.
 
Ушбу сайтнинг мутасаддилари ҳар қандай маълумотни ўқувчилар ихтиёрига етказиш жараёнида бу маълумотларнинг холис ва ҳаққонийлиги учун масъул эканликларини унутмасалар, айни муддао бўлар эди”, дея ёзади “Пахтакор” футбол клуби Матбуот хизмати.
 
Маълумот учун, “Пахтакор” – АГМК учрашуви 18 март, якшанба куни соат 18:00 да “Пахтакор” стадионида бошланади.
Акмалхон Эшонхонов

Теглар:Пахтакор интернет нашр 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!