Маънавий инқирозга юз тутган жамият коррупция ботқоғига бўғзигача ботмайдими?
Дарҳақиқат, шаҳарни одамлар барпо қилади. Лекин қандай одамлар? Қанақа шаҳарни? Бу энди уларнинг бевосита маънавий сарватига боғлиқ. Яна шуниси ҳам ҳақиқатки, шаҳарни одамлар барбод қилиши ҳам мумкин. Шунинг учун Форобий бувамиз “Мадинат ул-фозила” асарида тасвирлаган идеал шаҳар аҳолиси айнан маънавий баркамол кишилардан иборатдир. Унда демократиянинг шарқона ва айтиш мумкинки, энг гўзал намунаси илгари сурилади. Шу боис “катта”лар ўзини томдан ташласа, охирини ўйламай калла ташлайвериш комил инсон тарбиясини биринчи ўринга қўйган Шарқ одамлари учун хос эмас.
“Оч қоринга насиҳат ёқмайди”, дейишади. Бироқ маънавиятсиз жамиятни ҳеч қандай иқтисодий тараққиёт билан тўйдириб бўлмайди-ку. Инсоний қиёфасини йўқотган одамлар бир-бирига бўридай ҳужумга ўтмайдими? Маънавий инқирозга юз тутган жамият коррупция ботқоғига бўғзигача ботмайдими? Аллоҳни унутган, иймонсиз, виждонсиз, инсофсиз одамдан яхшилик кутиб бўладими?
Бойиш. Унинг йўллари кўп. Етим-есир, бева-бечоранинг ҳаққи ҳисобига ҳам бойиш мумкин. Наркобизнес, киллерлик ортидан ҳам бойиш мумкин. Порахўрлик, халқ мулкини ўмариш ҳисобига ҳам бойиш мумкин... Буларнинг бари маънавиятсизликдан келиб чиқади.
“Кулгуси йўқ одам дўкон очмасин”, дейди хитойликлар. Бу “кулгу” – маънавиятнинг бир узвидир. Дарҳақиқат, ҳаммамиз ҳам ўзига тўқ, фаровон, эркин жамиятда яшашни хоҳлаймиз. Бироқ ўзимиз яратаётган шу турмушимизни қора бўёқларда кўраверишимиз ҳам ярамайди. Сабабини кўрмай, фақат камчилигини кўрадиган киши фақат ярмини кўради, деган экан Иоганн Готфрид. “Берсанг – ейман, урсанг – ўламан” дегувчилар эмас, балки юртини, шаҳрини ҳақиқий севадиган ватанпарварлар керак. Мақоламизни Тоҳир Маликнинг қуйидаги фикрлари билан якунламоқчимиз: “Бундан 15 йил олдин “Талваса” романини ёзаётганимда асарим учун тунги клублардаги муҳитни ўрганганман. Ўшанда у ерга инсонлар эмас, одам шаклидаги махлуқлар киришига гувоҳ бўлганман. Мен у жойни тунги клуб эмас, “бузуқлик клуби” деган бўлардим. Ўшанда кўп сирларга ҳам гувоҳ бўлганман. Тунги клубларга кирганлар билади, уни ўзига тортадиган оҳанрабоси бор. Бу нима, биласизларми? Афюн. Улар афюн зарраларини хонадаги ҳаво совуткичларининг устига сепиб қўйишади. Кейин ҳаво қўшилган маст қилувчи ҳид клубга кирганларнинг ҳушини ўғирлайди. Тадбиркор ниқоби остида тунги клубларни очиб, фалон сўм пул топаётган дўстларим, Президентимиз сизларга яратиб бераётган имкониятларни суиистеъмол қилманг! Ҳаром луқмани болангизга едирманг, деган бўлардим. Бизга бундай клубларнинг умуман кераги йўқ”.