...
МЕНЮ
ONLINE TV

“Ким кўрибди, ким билибди” – ЎФА “Навбаҳор” ва “Бунёдкор”га қўлланилган жарима юзасидан баёнот берди


17:57, 22.02.2018 Спорт
 4 830

ЎФАнинг мазкур қарори турли хил ОАВ ва ижтимоий тармоқларда кўплаб мунозараларга сабаб бўлмоқда

Кеча, 21 февраль куни Суперлиганинг икки жамоаси – “Навбаҳор” ҳамда “Бунёдкор” жамоалари 500 миллион сўмдан жарима солингани ҳақида хабар бергандик.
 
ЎФАнинг мазкур қарори турли хил ОАВ ва ижтимоий тармоқларда кўплаб мунозараларга сабаб бўлмоқда. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон футбол ассоциацияси расмий баёнот берди.
 
“Ўзбекистон футбол Ассоциацияси Ижроия қўмитаси Бюросининг 2018 йил 21 февралдаги 6-сонли Қарори амалдаги Ўзбекистон футбол Ассоциацияси Низомининг 14-моддаси ҳамда Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси Регламентининг 3.2 банди, Интизом кодексининг 5.22-бандига биноан қабул қилинган.
 
Регламентнинг 3-моддасида футбол клубларига алоҳида талаблар белгиланган бўлиб, унинг 3.2-бандида футболга оид ҳар қандай масалаларда ЎФА ва ЎзПФЛ қарорларига бўйсуниши  алоҳида белгилаб қўйилган.
 
Шунингдек, ЎФА Интизом кодексининг 5.22 бандида талабларни бажармаслик учун интизомий чора сифатида жарима қўлланилиши белгиланган. Қўлланиладиган жарима миқдори эса 500 миллион сўмгача  кўрсатилган.
 
Низомнинг 14-моддасида ассоциация аъзолари унинг қарорларига тўла мувофиқликда ҳаракатланиши белгиланган. Мажбуриятларнинг ҳар қандай аъзолар томонидан бузилиши эса санкциялар қўлланишига олиб келиши мумкин.
 
Белгиланган жарима миқдори катта, ҳар қандай клуб ғазнасига таъсир эта олади. Аммо бугунги кун талабидан келиб чиқиладиган бўлса, ҳар қандай соҳада ишчанлик руҳи ҳукм сураётган, адолат қарор топаётган, ҳар бир шахс Ватан фарзанди сифатида юрт ривожи учун куйиб-ёнаётган даврда масъулиятсизликка, эътиборсизликка, ишга кўз-кўрона  ёндошишга йўл қўйиб бўлмаслигини ҳар биримиз ҳис қилишимиз керак.
 
Қабул қилинаётган расмий ҳужжатлар ҳаётга тадбиқ қилинсагина, виждонан бажарилсагина унум бўлади.
 
Ваҳоланки, “Навбаҳор” клуби ҳам, “Бунёдкор” клуби ҳам ўзи бўйсинувчи ташкилотнинг ҳужжатларига панжа ортидан қарадилар, “ким кўрибди, ким билибди” қабилида иш тутдилар.
 
Қўлланилган жазо эса бошқаларга ўрнак мисолида, ҳушёрликни ошириш, масъулиятни ҳис қилиш сифатида қабул қилиниши инобатга олинган.
 
Ўзбекистон футбол ассоциацияси мамлакатимизда футболни мувофиқлаштириш бўйича юқори ташкилот ҳисобланади.
 
Шундай экан унга бўйсунувчи аъзолар, шу жумладан, футбол клублари унинг қарорларини сўзсиз бажариши ва ҳурмат қилиши лозим”, дейилади расмий баёнотда.
 
Эслатиб ўтамиз, “Навбаҳор-Лочинлари” клуби футболчиси Ойбек Қиличев бир йилга ва “Бунёдкор” клуби футболчиси Дилшод Аҳмадалиев бутунлай футболдан четлатилганлигига қарамай, клублари таркибида ўртоқлик ўйинида майдонга тушишган ва бу билан   Ўзбекистон футбол ассоциацияси Ижроия қўмитаси Бюроси қарорларини бузган.
 
Натижада Ижроқўм Бюросининг 2018 йил 21 февралдаги  6-сонли Қарорига кўра “Навбаҳор-Лочинлари” ҳамда “Бунёдкор” футбол клубларининг ҳар бирига  500 миллион сўм миқдорда жарима солинган.
Акмалхон Эшонхонов

Теглар:Навбаҳор Бунёдкор ЎФА 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!