...
МЕНЮ
ONLINE TV

“Кечирасизлару, бу катта ҳақорат”. Салоҳ мисрлик раҳбарлар қарорига нега қарши чиқмоқда?


12:08, 10.05.2018 Спорт
 9 562

Муҳаммад Салоҳ ва Миср футбол ассоциация раҳбарияти ўртасида зиддият юзага келди.

Жаҳон чемпионати стартига кам вақт қолган бир пайт “Ливерпуль” сафига қўшилгач, Африка футболи бош юлдузига айланган Муҳаммад Салоҳ ва Миср футбол ассоциация раҳбарияти ўртасида зиддият юзага келди.
 
Бунинг сабаби жуда оддий - мутасаддилар миллий жамоа самолётини безашда футболчининг суратидан фойдаланишган, аммо кўнгил учун рухсат сўрашни унутишган ёки шунчаки, уни писанд қилишмаган...
 
Имидж учун кураш
 
Аслида воқеа тарихи анча чигал: Салоҳнинг имидж ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи 2  та фирма бор. Улардан бири Буюк Британияда фаолият юритиб, Европадаги ишларни назорат қилади. Бу фирмада директор футболчининг ўзи. Бошқача ифода этсак, Муҳаммад Салоҳнинг шахсан ўзи рекламада суратидан фойдаланишларига рухсат бериши ёки буни тақиқлаши мумкин.
 
Иккинчи фирма эса Буюк Британия ташқарисидаги ишларга масъул. Яъни футболчининг бошқа мамлакатлар компаниялари билан тузган шартномаларини назорат остига олади. У Салоҳнинг шахсий агенти Рами Аббосга тегишли. Қисқаси, барча келишувлар шу фирма орқали расмийлаштирилади.
 
Моҳиятан олганда, мисрлик голеадор Аббоснинг шартларини қабул қилган ва фирма ишларига унча аралаша олмайди. Гапнинг индаллоси, мамлакат футбол ассоциация Салоҳнинг улкан сурати ва ташкилот расмий ҳомийси логотипи тасвирланган самолёт тақдимотини ўтказгач, айнан Аббос дарҳол “иш”га тушди. У биринчи навбатда, ассоциацияга кетма-кет 3 та эътироз хати юборди. Даъвога кўра, футбол мутасаддилари фирма мижози суратидан фойдаланиш учун рухсат сўрашмаган. Биринчи мактубда ёзилишича, ассоциация бошлиғи Хани Абу Рида 2017 йили тўғридан-тўғри Салоҳга қўнғироқ қилиб, ташкилот ҳомийларига хайрихоҳлик билдиришини илтимос қилган.
 
Бироқ миллий жамоа етакчиси Буюк Британия ташқарисида имидж ҳуқуқларини Аббосга тегишли фирмага сотгани ва унинг ишларига зинҳор аралашолмаслигини баён этган. Умуман, агентнинг бу мактуби ҳам, кейингилари ҳам жавобсиз қолдирилган. Натижада ўртада келишмовчилик пайдо бўлди. Шу жойда масаланинг нозик жиҳатини таъкидлаш ўринли: Миср футбол ассоциацияси ҳомийларидан бири (телекоммуникацион компания) айнан Салоҳ ҳамкорлик қилаётган фирманинг рақобатчиси саналади. Шуни эътиборга олсак, можаронинг асл моҳияти тайин.
 
Салоҳнинг ўзи қандай муносабатда?
 
Футболчи аввалги ҳафта Twitter орқали ўз позициясини маълум қилди: “Кечирасизлару, бу катта ҳақорат... Аслида масала тезда ижобий ҳал этилишини кутгандим. Бироқ бундай бўлгани йўқ”. У шунингдек, ушбу кўнгилсизликда шахсий агентини тўла қўллаб-қувватлашини яширмади. Миср футбол ассоциациясидан қандайдир садо чиқмагач, Рами Аббос ҳам расмий баёнот билан чиқишни лозим топди. “Муаммони ҳал қилиш мумкинми? Мумкин, албатта. Бироқ ассоциация вакиллари биз билан ҳаттоки, алоқа ўрнатишни ҳам хаёлларига келтиришмаяпти. Ҳеч қандай гап йўқ!
 
Мутлақ сукунат! Хўш, режалари нима? - деб ёзди агент Twitter’даги саҳифасида.
 
- Кўриб турибмизки, текин реклама иштиёқмандлари сафи кун сайин кенгаймоқда. Ваҳоланки, Салоҳнинг барча имидж ҳуқуқлари бизга тегишли ва бундайлар фирмамиздан рухсат олишлари шарт. Ўзи футбол мутахассислари зиддият орқали нимага эришмоқчилар? Бир қарашда, бунинг оқибати уларни заррача қизиқтирмаяпти, ҳаммаси барибирдек, гўё”. Салоҳ ва Аббоснинг шу гапларидан кейингина Миср спорт вазири Холид Абд Абдул Азиз орага тушиб, ҳар икки томон билан учрашиш асносида баҳсли ҳолатга тезда нуқта қўйишга ваъда берди.
 
“Салоҳ – мисрлик ёшларнинг чин кумири. Муҳими, у ўз ватанини жуда яхши кўради ва Миср довруғини бутун Европага ёймоқда”, - дея фикрини баён этди давлат арбоби Twitter’даги саҳифаси орқали.
 
Бироқ маълумотларга кўра, келишмовчилик жиддий тус олиши ҳам ҳеч гап эмас. Ҳар ҳолда, футболчининг агенти воқеаларнинг ҳар қандай ривожига тайёр туриш кераклигига шаъма қилишдан ҳам тийилмади. Мисрнинг KingFut портали ҳаттоки, Салоҳ шу можаро туфайли жаҳон чемпионатида иштирок этишдан бош тортиши мумкинлигини тахмин қилди.
 
Лекин мамлакатда мухлислар хотиржам - улар ҳужумчи ҳар қандай ҳолатда футболни, ватан шарафини биринчи ўринга қўйишига шубҳаланишмаяпти. Умуман, Россия мундиали стартига ҳали вақт бор ва келишмовчиликни яхшиликча ҳал этишга ҳеч нарса халақит бермайди.
 
Ҳа, футболчининг гаплари баъзи фанатларни жунбушга келтиргани ҳам рост. Мисол учун, ижтимоий тармоқларда Support_Mohamed_Salah номи остида хэштег пайдо бўлди ва унда ҳамма Миср футбол ассоциациясини танқид қилиб, Салоҳни қўллаб-қувватламоқда.
 
Эслатма, эҳромлар юрти вакиллари ЖЧ-2018 гуруҳ босқичида Россия, Саудия Арабистони ва Уругвай миллий жамоаларига қарши майдонга тушишади.
Акмалхон Эшонхонов

Теглар:Муҳаммад Салоҳ 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!