Тақдимотдан сўнг Дмитрий Дюжев ўзининг якка ижросидаги “Евгений Онегин” моноспектаклини тақдим қилди.
Марказнинг тантанали очилиш маросими жорий йилнинг 3 май куни киноижодкорлар, киношунослар, хусусий киностудиялар раҳбарлари ва ОАВ ходимлари иштирокида бўлиб ўтган эди.
Ташкилот ўз олдига қўйган мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институти талабаси, ёш режиссёр Мухлиса Азизовага қисқа метражли фильмни суратга олишга кўмаклашди.
М.Азизованинг “У” номли қисқа метражли фильми шу йилнинг февраль ойида Тошкент шаҳрида суратга олиниб, унда Раъно Шодиева ва Карим Мирходиев каби таниқли киноактёрлар қатори россиялик машҳур актёр Дмитрий Дюжев ҳам суратга тушди.
Мазкур фильм 70-Канн Халқаро кинофестивалига тавсия қилиниб, фестивалнинг қисқа метражли фильмлар бурчагида (Short Film Corner) кўплаб профессионал ижодкорларнинг асарлари қатори намойиш қилинадиган бўлди.
Марказ ташаббуси билан россиялик таниқли кино ва театр актёри, режиссёр, “Бригада”, “Жмурки”, “Остров” каби сериал ва фильмларда бош қаҳрамон образини яратган Дмитрий Дюжев 7 май куни Тошкент шаҳрига учиб келди. Пойтахтда меҳмон бўлган актёр ўша куни Кинематографияни ривожлантириш марказида бўлиб, марказ биноси ва унинг фаолияти билан батафсил танишди.
Актёр 8 май куни Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти талабалари учун мастер-класс ўтказиш, ҳамда “У” қисқа метражли фильмни премьера қилиш учун Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида меҳмон бўлди. Икки соатга яқин талабалар билан фикр алмашди, уларга ўзининг актёрлик маҳорати ва сирларидан сўзлаб берди. Учрашув сўнгида талабаларни қизиқтирган барча саволларга жавоб берди.
Актёрнинг “У” фильмидаги роли пойтахтимизда меҳмон бўлиши муносабати билан Кинематографияни ривожлантириш марказида ОАВлари ходимлари учун матбуот анжумани ташкил этилди.
Тошкент шаҳридаги Ўзбекистон давлат рус академик драма театрида “У” фильмининг кенг жамоатчилик учун мўлжалланган тақдимоти бўлиб ўтди. Тақдимотдан сўнг Д.Дюжев ўзининг якка ижросидаги “Евгений Онегин” моноспектаклини тақдим қилди.