Кимлардир аҳоли ўртасида гувоҳномасини кўрсатган ҳолда, ўзини портал ходими сифатида таништирган ва аҳолидан мурожаатлари учун пул талаб қилган.
Сўнгги вақтларда PM.GOV.UZ порталининг пуллик бўлгани, аҳоли вакилларидан қабул қилинадиган мурожаатлар учун пул олиниши ҳақидаги миш-мишлар болалаб кетган эди. Жумладан, бу тўғридаги миш-мишлар одамлар ўртасида ижтимоий тармоқ ва мессенжерлар орқали тарқалмоқда. Хусусан, гўёки кимлардир аҳоли ўртасида гувоҳномасини кўрсатган ҳолда, ўзини портал ходими сифатида таништирган ва аҳолидан мурожаатлари учун пул талаб қилган.
Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги бу каби маълумотларни рад қилади. Вазирлик маълум қилишича, бу каби гап-сўзлар батамом асоссиздир.
Шунингдек, Миллий оператор абонентлари учун қатор ҳукумат ва давлат сайтларидан, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси — PM.GOV.UZ’дан ҳам бепул интернет трафиги асосида фойдаланиш имкони яратилган.
Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги аҳолини бу каби миш-мишларга ишонмасликка чақиради, Виртуал қабулхонанинг мурожаатчи учун бундан кейин ҳам бепул хизмат кўрсатишини маълум қилади. Бу тўғрида батафсил жойлардаги “Халқ қабулхонаси”га мурожаат қилиш мақсадга мувофиқ.