...
МЕНЮ
ONLINE TV

“Балиқ ёмғири”: табиат мўъжизасими ёки ғайриоддий ҳодисаси?


12:52, 07.10.2017 Бу қизиқ
 9 457

Тўполондан сўнг теварак атроф балиқларга тўлиб-тошган бўлади! Бу ҳодисага ўрганган маҳаллий аҳоли шу зумдаёқ қўлларига саватларини олиб балиқ тергани ошиқади...

Ҳар жойнинг ўз тошу тарози бор деганларидек, ҳар бир юртнинг ўзига хос ғалати табиати ҳам бўларкан. Масалан, Гондурасда ҳам ана шундай ғаройиб ҳодиса рўй бериб турадики, уни эшитиб ҳақиқий мўъжиза дейсиз.
 
Бу мамлакатда ёмғир мавсуми биздаги ёз чилласидан, яъни июнь ойидан то октябргача давом этади. Нима ҳам қила олишарди, ҳудуднинг ўзига хос табиати шунақа...
 
Аммо, бу ёмғир мавсумини мамлакатнинг 18 та департаментидан биттаси — Йорода интизорлик билан кутишади.
 
Чунки, айнан июнда бу ерда ҳеч бир қармоқсиз, ҳеч бир тўрсиз балиқ овлаш мумкин. Ҳа, муҳтарам ўқувчи, сиз ҳозир хаёлингизда юз битта тахминни ўтказдингиз, лекин аслида...
 
Июнь ойида Йорода балиқ худди “Чалпак ёққан кун” эртагидагидек осмондан ёғади, бироқ, табиийки, йилига фақат бир мавсум давомида...
 
“Балиқ ёмғири” анчадан буён давом этадиган “анъана”. Шу боис маҳаллий ҳокимият охир­оқибат бу ғаройиб ҳодисани чинакам байрамга айлантиришга қарор қилди. “Ёмғир”дан сўнгги кун — дам олиш куни деб эълон қилинди!
 
“Балиқ ёмғири” фестивали Йоро департаментида 1998 йилдан бери ўтказиб келинади. Бундай ғаройиб ҳодисани кузатиш учун дунёнинг кўплаб мамлакатларидан йилига минглаб сайёҳлар ташриф буюришади.
 
Маҳаллий халқ ҳам, сайёҳлар ҳам бундай “мўъжиза”нинг сабабини билишни истайди.
 
Бу “ғаройиб ёмғир” доим бир хил сценарий бўйича юз беради... Хуллас, июнь-июль ойининг мўъжизавий бир кунида тўсатдан (қайси кунлигини ҳеч ким олдиндан айтиб беролмайди) осмонни тўсатдан қоп­қора булут қоплаб чақмоқ чақа бошлайди, момоқалдироқ гумбурлайди, шиддатли довул эса дуч келган нарсани ўраб осмону фалакка кўтаради. Бундай тўполон икки­уч соат давом этади ва тўсатдан бир лаҳзада тўхтайди.
 
Тўполондан сўнг теварак атроф балиқларга тўлиб-тошган бўлади! Бу ҳодисага ўрганган маҳаллий аҳоли шу зумдаёқ қўлларига саватларини олиб балиқ тергани ошиқади...
 
Бир неча кун Йоро аҳолиси турли хил балиқларни истагинича: қовуриб, пишириб, димлаб тановвул қилади.
 
Тановвул давомида ҳар галгидек бу сафарги “ёмғир” қандай рўй берганлигини муҳокама қилишади.
 
Мавзу янги бўлмаса-да ҳар гал долзарб суҳбат тус олади. Аммо, ҳеч ким бунинг аниқ сабабини айтиб бера олмайди. Шу боис бу муҳокамалар ҳар гал қолган жойидан давом эттирилаверади...
 
Дунё олимлар мазкур воқеа-ҳодисага турли тахминларни илгари суришган. Бироқ ҳеч бирида илмий асос йўқ... Ахир бундай довул қирғоққа туташ ҳудудларда деярли кунора бўлиб туради, “ёмғирдан тушган” балиқлар эса одатда сув тубида яшаб кўпаядиган балиқлар турига мансуб бўлади.
 
Ушбу “ғаройиб ёмғир” ўрта асрларга хос тарихий ҳужжатларда, хусусан рассомларнинг “қайдномаларида” муҳрланган.
 
Масалан, XIX асрга тааллуқли инглиз карикатурасида хонакилаштирилган ҳайвонлар, яниқроғи “ит ва мушуклар ёмғири” акс эттирилган.


 
Олаф Магнус қаламига мансуб 1555 йилда чизилган карикатурада ҳам “балиқ ёмғири” акс эттирилган.
 
Шунга ўхшаш ҳолат Сингапур аҳолиси томонидан ҳам бадиий тасвир орқали изоҳланган.
 
“Балиқ ёмғири” — табиат мўъжизасими ёки ғайриоддий ҳодисаси, бу ҳозирча номаълум.


 
Аниғи шуки, ҳар бир киши бир йил давомида камида 3–4 марта балиқ танаввул қилиши лозим. Унинг таркибида организм учун муҳим микроэлементлар бор.


 
Шифокорларнинг таъкидлашича, йилига ўртача вазндаги киши учун 14–17 кг балиқ гўшти истеъмол қилиш — физиологик меъёр ҳисобланади.
 
Бу меъёр ичида “балиқ ёмғири” назарда тутилмагани рост...
Улуғ БЕК

Теглар:Балиқ ёмғири Тўфон Гондурас Сингапур 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!