...
МЕНЮ
ONLINE TV

Синдзо Абэ Ўзбекистонга ташрифини ёдга олиб, Шавкат Мирзиёевга миннатдорчилик билдирди


00:05, 27.01.2017 Олам
 2 076

Бош вазир Ўзбекистон мустақилликка эришган кундан эътиборан икки мамлакат ўртасидаги дўстлик алоқалари изчил ривожланиб бораётганини алоҳида эътироф этиб, 2015 йил октябрь ойида Ўзбекистонга бўлган ташрифини ёдга олади.

Бироз аввал, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев Япония Бош вазири Синдзо Абэга Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллиги муносабати билан табрик мактуби йўллагани ҳақида хабар берган эдик. Шу куни Япония Бош вазири Синдзо Абэ ҳам Шавкат Мирзиёев номига табрик мактубини йўллади.
 
“Япония ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллиги муносабати билан самимий табрикларимни изҳор этишга рухсат бергайсиз”, деб бошланади Япония Бош вазирининг мактуби.
 
Бош вазир Ўзбекистон мустақилликка эришган кундан эътиборан икки мамлакат ўртасидаги дўстлик алоқалари изчил ривожланиб бораётганини алоҳида эътироф этиб, 2015 йил октябрь ойида Ўзбекистонга бўлган ташрифини ёдга олади:  
 
“Япония Бош вазири мамлакатингизга охирги ташрифидан 9 йил ўтиб, мен Бош вазир сифатида Ўзбекистонга ташриф буюрган эдим. Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов билан музокараларимиз ғоят самарали бўлган, биз турли соҳаларда ҳамкорликни янада ривожлантириш зарурлиги ҳақида якдил фикрга келган эдик.
 
Мамлакатингизга ташрифим давомида Бош вазир сифатида менга доимо ҳамроҳлик қилганингиз ва юксак даражадаги меҳмоннавозлик учун Сизга самимий миннатдорлик билдираман. Шуни мамнуният билан қайд этмоқчиманки, ушбу ташриф Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги муносабатларга янада жадал суръат бағишлади, эришилган келишувлар мамлакатларимиз ўртасидаги кенг миқёсли ҳамкорликни фаоллаштиришга хизмат қилмоқда”.
 
Синдзо Абэ Ўзбекистон билан нафақат сиёсат ва иқтисодиёт борасидаги муносабатларни ривожлантириш, балки турли соҳаларда, шу жумладан, маданият ва илм-фан соҳаларида ҳам дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш учун бундан буён ҳам бутун имкониятларини ишга солишга тайёр эканини маълум қилган.  
 
“Дипломатик муносабатларимиз ўрнатилганига 25 йил тўлгани муносабати билан Ўзбекистон ва Япония ҳамкорлиги янада ривожланишига, халқларимиз ўртасидаги дўстлик ришталари бунданда кенгайишига ишонч билдираман.
 
Сиз, Жаноби Олийлари билан "Марказий Осиё + Япония" мулоқоти доирасида ҳам фаол ҳамкорлик қилишимиздан умидворман”, дейди Бош вазир.  
 
Синдзо Абэ мактуб сўнггида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга  мустаҳкам соғлик, фаолиятида муваффақиятлар, Ўзбекистон халқига бахт-саодат ва фаровонлик тилаган.   

Теглар:Синдзо Абэ Ўзбекистон-Япония 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!