...
МЕНЮ
ONLINE TV

Шавкат Мирзиёев Япония Бош вазирига мактуб йўллади


23:40, 26.01.2017 Жамият
 2 228

Мактубда томонлар халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик кўплаб долзарб муаммоларга нисбатан ўхшаш қарашлар ва ёндашувларга эгалиги, Ўзбекистон ўтган йилларда ҳамкорликнинг самарали механизмлари яратилганидан мамнунлиги айтилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллиги муносабати билан Япония Бош вазири Синдзо Абэга табрик мактубини йўллади.
 
Давлат раҳбари мактуб аввалида Синдзо Абэни ва бутун Япония халқини самимий қутлаб, ўтган йилларда Ўзбекистон ва Япония икки ва кўп томонлама ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришда салмоқли ютуқларга эришганини қайд этди. Ўзбекистон Япония билан самимий дўстлик алоқаларини, стратегик шериклик ва ҳамкорликни юксак қадрлашини маълум қилди.
 
“Сизнинг 2015 йил октябрь ойида мамлакатимизга расмий ташрифингиз Ўзбекистон-Япония муносабатлари тарихида муҳим воқеа бўлди, сиёсий, савдо-иқтисодий, молиявий, инвестициявий, технологик, илмий ва маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларимизни янада ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этди.
 
25 йиллик ҳамкорлигимиз давомида муносабатларимизнинг мустаҳкам ҳуқуқий базаси яратилди. Бу борада 2002 йилда имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Япония ўртасида дўстлик, стратегик шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги қўшма баёнот муҳим ўрин тутади. Сизнинг Ўзбекистонга ташрифингиз давомида имзоланган Ўзбекистон Республикаси ва Япония ўртасида стратегик шерикликни чуқурлаштириш ва кенгайтириш тўғрисидаги қўшма баёнот ўзаро муносабатларимизни янги босқичга кўтарди, мамлакатларимиз ўзаро алоқаларни изчил ривожлантиришдан манфаатдор эканини намоён этди”, дейди Шавкат Мирзиёев.
 
Мактубда томонлар халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик кўплаб долзарб муаммоларга нисбатан ўхшаш қарашлар ва ёндашувларга эгалиги, Ўзбекистон ўтган йилларда ҳамкорликнинг самарали механизмлари яратилганидан мамнунлиги айтилган.
 
“Парламентлараро форум, Иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Япония ва Япония-Ўзбекистон қўмиталарининг қўшма йиғилишлари, Ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувлар, “Марказий Осиё + Япония” мулоқоти, Академик форум ва бошқа кўплаб ҳамкорлик институтлари мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларнинг изчил ва босқичма-босқич ривожланишига хизмат қилмоқда.
 
Бугун Ўзбекистон иқтисодиётини модернизация қилиш ва мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида Япония бизнинг энг муҳим ва устувор шерикларимиздан биридир”, дейди Президент.
 
Шавкат Мирзиёев Синдзо Абэга япониялик ҳамкорлардан кўрсатилаётган кўмак учун миннатдорчилик билдириб, инвестициявий, молиявий-техникавий ҳамкорликни янада кенгайтириш, Ўзбекистон ва Япония ишбилармон доиралари ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқалар ва самарали ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдорлигини ёзган.
 
“Маданият ва илм-фан соҳаларидаги алоқалар биз учун алоҳида аҳамиятга эга. Айниқса, 2016 йил август ойида рафиқангиз Акиэ Абэ хоним бошчилигида Япония ижтимоий-сиёсий ва маданият намояндаларидан иборат делегациянинг Ўзбекистонга ташрифи бу борадаги ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим қадам бўлди.
 
Таълим соҳасида ҳамкорлигимиз юксак даражага кўтарилганини алоҳида қайд этишни истардим. Япония томонидан бу борада кўрсатилаётган кўмакни юксак қадрлаймиз ҳамда Ўзбекистон – Япония ёшлар инновация марказининг тўлиқ фаолият кўрсатиши юқори малакали кадрлар тайёрлаш соҳасида биргаликдаги ҳаракатларимизга қўшимча суръат бахш этишига умид боғлаймиз.
 
Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон Япония билан ҳамкорликни изчил ривожлантириш ва кенгайтиришнинг тарафдори эканини яна бир бор тасдиқламоқчиман. Биз стратегик шериклик муносабатларимизни сифат жиҳатдан мустаҳкамлаш ва янги амалий мазмун билан бойитишга интиламиз”, дейди Ўзбекистон раҳбари.  
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев Япония Бош вазири Синдзо Абэга ёзган мактуби сўнггида мамлакатларнинг муштарак қадриятлари ва узоқ муддатли манфаатлари асосида Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги анъанавий дўстлик алоқалари бундан буён ҳам халқларнинг фаровонлиги йўлида ривожланиб боришига ишонишини ёзиб, Япония Бош вазирига мустаҳкам соғлик, Япония халқига янада юксалиш ва фаровонлик тилаган. 

Теглар:Шавкат Мирзиёев мактуби Синдзо Абэ Ўзбекистон-Япония 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар