...
МЕНЮ
ONLINE TV

Шаҳнозабонунинг отаси: Фарзанд доғини кўрган қизим ўзимга ҳам шу дардни кўрсатиб кетди


03:13, 01.04.2016 Шоу-бизнес
 26 994

Умрининг сўнгги кунларида “Адажон, мендан рози бўлинг”, – деяверди. Ўшанда унинг бу гапларига аҳамият бермаган эканман. Кейин билсам сингилларига ҳам “Мендан рози бўлинглар, Умида сизларга омонат”, – деб кетган экан.

8 март куни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Раъно Ярашеванинг хонадонида сумалак дастурхони ёзилди. Санъат оламидаги ёр-у биродорлар Ярашеванинг хонадонида жам бўлишди. Раъно опа хонанда Шаҳнозабонунинг синглисини келин қилган. Шу куни Шаҳнозабонунинг дадаси Одил ака билан бир пиёла чой устида суҳбатлашиб қолдик. Гап бориб Шаҳнозабонуга тақалди: “Қизим бир ой аввал оғир операцияларни бошдан ўтказди. Ҳозир анча тетик, кун сайин тузалиб боряпти”, – дедилар Одил ака. Ўшанда Шаҳнозабонунинг тоби йўқлиги ҳақидаги гапларга унчалик парво қилмаган эканмиз. 14 март тонгида хонанданинг вафот этгани ҳақидаги хабарни эшитгач, қулоғим остида отасининг айтганлари жаранглайверди.

Шаҳнозабону жуда қисқа умр кўрди, бироқ шу қисқа умри давомида ҳам кўпларга ёрдам қўлини чўзди, яхшилик улашди, одамларнинг бахтли кунида хизматда бўлди, қўшиқлари билан қанчадан-қанча дармандларнинг қалбига кириб борди. Ҳеч бир она йўқки қизига “Қизалоғим” деб қўшиқ айтмаса...

Шаҳнозабонунинг вафоти оила аъзолари ва яқинларига, хусусан, отаси ва қизига жуда қаттиқ таъсир қилгани аниқ. Шунга қарамай ҳол сўраш мақсадида Шаҳнозабонунинг хонадонига бордик. Бу вазиятда Одил акага қанча қийин бўлмасин, ўзини оғир вазмин тутар, кўз ёшларини аввало набираси Умидадан, сўнг биздан яширишга уринарди. Унинг қалб кечинмаларини тинглаган кишининг эса йиғламай иложи йўқ.

Одилжон Азимов, хонанданинг отаси:
— 1975 йил тўнғич қизим Шаҳноза дунёга келганда, онаси иккимизнинг қувончимиз ичимизга сиғмаган эди. Ўша пайтлар “Рақсга тушар Шаҳнозалар” деган қўшиқ роса тилга тушганди. Қизимга Шаҳноза деб исм қўйдим. У чақалоқлигиданоқ ўғил болаларга ўхшаган шўх, тийрак қиз эди. Мактабга борганида ҳам фақат ўғил болалар билан ўртоқ бўлган, лекин жуда яхши ўқиган. Болалигидан мусиқа дарсини жуда яхши кўрарди. Ўқитувчиси Ҳужума Алиева уйимизга келиб, “Шу қизингизни менга берсангиз, Саодат Қобуловага шогирд туширсам”, –  деб бир неча бор сўрадилар. “Йўқ”, – деб қарши чиқдим. Шаҳноза Консерваторияда ўқишни истаб турсада райимга қарши боролмади. Бу воқеаларни айтиб беряпману кўз ўнгимда Ҳужума опанинг айвонимизда ўтирган ҳолати кўз ўнгимга келяпти. Шаҳноза вафотидан аввал устозининг қабрини суриштириб топиб, йўқлаб келган экан.



Мактабни битиргач, Педогогика техникумига ўқишга кирди. У пайтларда билим юртида ҳам ашула ансамбли бўларди. Ўша ансамблда қўшиқ айтиб юриб, ном чиқарди. Таниқли устоз санъаткорлар Шаҳнозани шогирдликка олишди.  Ўзбекчиликда қиз боланинг бўйи етгандан кейин тўй қилиш тараддудига тушиб қолинади. Шаҳнозага кўп совчилар келди. У 18 ёшга кирганда ўзимнинг қариндошим, ҳар ҳолда бегона эмас деб отамнинг узоқроқ қариндошларига узатдим. Шаҳноза бояқиш бу хонадонда кўп қийинчиликлар кўрди. Биринчи набирамиз туғилганда, совға-саломлар билан онаси иккимиз туғруқхонага борсак, Шаҳноза бақириб, йиғлаб юрган экан. Оёғимда жон қолмади. Билсак икки кунлик ўғил набирамиз туғруқхонанинг ўзида жон берибди. Бу воқеадан кейин Шаҳнозанинг ўзига келиши қийин бўлди. Орада турмуш ўртоғи ҳам қамалиб қолди. Бироздан кейин иккинчи набирам Умида дунёга келди. Шаҳноза қизига жуда боғланиб қолган эди. Унинг бор давлати шу яккаю ёлғиз қизи Умида эди.

Турмуш ўртоғи қамоқдан озод этилгач, яна бирга яшай бошлашди. Шаҳнозанинг қўли гул эди. Бир ишга киришдими, шу ишнинг охирига етмасдан қўймасди, йўқдан бор қила оларди. Ўша даврларда ширинликлар, тортлар пишириб сотиб рўзғор тебратишди. У пиширган тортларнинг таърифи шаҳарнинг нариги бошигача бориб етди. Кунлардан бир кун Шаҳноза туман хотин-қизлар қўмитасининг таклифи билан “Иффатли келин” танловида иштирок этди. Аввал туманда, кейин шаҳар ва республика босқичларида қатнашиб, ғолиб бўлди. Ўшанда саҳнага чиқиб Эркин Воҳидов шеъри билан “Девона кўнгил” номли қўшиқни ижро этиб, одамларнинг тилига тушди. Кейинчалик турмуш ўртоғи ҳам қўшиқ айтишига рухсат берди. Шаҳноза Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонованинг қўшиқларини жуда яхши кўрарди. Юлдуз телевизорда чиқди дегунча ҳамма ишини ташлаб, қўшилиб қўшиғини хиргойи қилиб ўтирарди.



Яратган ҳар бир инсонни жуда кўп синовлар билан элакдан ўтказар экан. Шаҳноза фарзандини ерга қўйиш нима эканию, аёл бўлиб бахтни ҳис қилмай яшаш нималигини ҳам кўрди. 10 йил деганда турмушидан ажралди. Ёлғиз қизи Умидани ҳам ота, ҳам она бўлиб, ҳеч нарсага зориқтирмай, чиройли тарбия билан вояга етказди.

Шаҳноза 1998 йилда илк қўшиқларини куйлади. “Онам куяди” номли биринчи қўшиғига клип суратга олдирди. Ўша клипда онасини, мени, набирам Умидани ҳам олиб чиқди. “Қизалоғим” қўшиғи эса уни жуда машҳур қилиб юборди. Шаҳнозанинг ортидан бош кўтариб юрардим, одамлар Шаҳнозани “Қизалоғим” деб чақирарди. “Интизорим”, “Қизғонаман”, “Дўст” деган қўшиқларини ҳам мухлислари жуда яхши кутиб олди. 2004-2005 йилларда ҳозирги “Истиқлол” санъат саройида жонли ижрода бир неча кунлик концерт дастурларини тақдим этди. Кўз тегдими, билмадим, кўричак бўлиб қолди. Шундан кейин ижодида ҳам, шахсий ҳаётида ҳам бирин-кетин зарбалар кела бошлади.

Шаҳноза онасига жуда боғланиб қолганди. 2009 йилда онаси вафот этди. Онасининг ўлимидан кейин Шаҳнозанинг ўзига келиши анча қийин бўлди. Икки ўртада ижоди ҳам сусайиб кетди. Турли ғийбат, бўҳтонларга учради. Шукур ҳаммасини ёруғ юз билан босиб ўтди. Ишонган одамлари, хусусан, продюсери кўзига чўқ суқиб, чув тушириб кетди. Шунда ҳам Шаҳноза қаҳр  қилмади, ҳаммасини Яратганнинг измига топшириб қўйди. Аслида у ташқаридан шўх, доим табассум қилиб юргани билан ичидаги дардини ташқарига чиқармас, одамларга бошидан ўтганларни ҳасрат қилиб ўтиришни ёқтирмасди. “Борига барака”, – дердию пешонасига битилган тақдирга кўниб, яшайверарди. Баъзан Шаҳноза нималарни ўйлаб юрганию уни қандай дардлар қийнаётганини мен ҳам билмасдим. Йиллар давомида қизимнинг ич этини тақдир зарбалари, турмушнинг оғир дардлари емирди.

2016 йилдан Шаҳнозанинг умидлари катта эди. Яқиндагина “Ўзбекнаво” эстарада бирлашмасига бориб келдим, лицензиямни олиб, яна ижодимни бошлайман. Бу йил ҳаммаси яхши бўлади, янги қўшиқларимни чиқараман”, – деганди. Умрининг сўнгги кунларида “Адажон, мендан рози бўлинг”, – деяверди. Ўшанда унинг бу гапларига аҳамият бермаган эканман. Кейин билсам сингилларига ҳам “Мендан рози бўлинглар, Умида сизларга омонат”, – деб кетган экан. Кун сайин соғайиб, кўзимни қувнатиб турганди. Ўлимидан 4 кун аввал, 10 март куни 67 ёшни қаршиладим. Ўша кун бир дастурхон атрофида жам бўлдик. Шаҳнозанинг қўли жуда ширин эди. Тоби йўқлигига қарамасдан салатлар, ширинликлар тайёрлаб кўнглимни олди. Қизимнинг ўша кундаги табассуми, ҳазиллари билан ҳаммамизни кулдириб ўтиришлари ғанимат эканини билганимда эди...



Ҳар бир ота-она фарзандининг иқболини, бахтини кўришни, тўйларига бош бўлишни ният қилади. Дунёда фарзанд доғини кўришдан оғирроқ мусибат йўқ. Шаҳноза бу дардни ўзи ҳам кўрди, менга ҳам кўрсатиб кетди. Бир неча кун аввал нигоҳлари чақнаб турган набирамнинг кўзларига қарасам, юрагим эзилиб кетади. Энди Умида бу дардга қандай бардош бераркин?

Кўзимни юмдим дегунча, Шаҳнозани кўраяпман...

Теглар:Шаҳнозабону 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар

dovletmyrat
07:28 14.04.2016

Shahnozabonuning woshiqlarini men han sevardim.joyi jannatdan bolsin.men turkmenman



Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!