...
МЕНЮ
ONLINE TV

Хонанда Шаҳнозабонунинг онасига ёзган мактуби топилди


00:26, 30.03.2016 Шоу-бизнес
 24 983

Онажон, она бўлиб кўпроқ қадрингизга етдим. Оначалик, сизчалик ҳеч ким мен учун куймаслигини, бахтимни, омадимни, тинчлигимни, бағри бутунлигимни сиздан бошқа ҳеч ким Яратгандан сўрамаслигини биламан.

Вақт жуда тез ўтяпти. Бугунги режаларимизни охирига етказмай туриб, эртани қарши оляпмиз. Буюмлар, одамлар сингари вақт ҳам қадрини йўқотиб бораётгандек гўё. Кечагина “Шаҳнозабону вафот этди”, – деган хабардан карахт бўлган бўлсам, бугун унинг йўқлигига, энди қўшиқлари билан хотирамизда қолганига бироз бўлсада кўникдим. Яхшиям хотира бор. Ўзимизга қадрли одамларнинг суратларини кўриб, улар билан ўтган дамларни эслаб кўнглимиз бироз таскин топади. Шаҳнозабонудан эса яқинларию мухлисларига таскин берувчи юзлаб қўшиқлар, кўнгил нолалари қолди. Уларни ҳар эшитганда тўлқинланиб кетасан.

Шаҳнозабонунинг ҳаёти ва ижодига бағишланган кўрсатувни тайёрлашга бел боғлаб, ишни унинг бир вақтлардаги қўшиқлари ва клипларини қидириб топишдан бошладик. Қўлимизга хонанданинг қачонлардир онасига ёзган мактуби тушиб қолди. Шаҳнозабону оиланинг тўнғич фарзанди, ота-онасининг суянчиғи, тиргаги эди. У ота-онасига қанчалик тиргак бўлган бўлса, ота-онаси ҳам у учун энг катта давлат, бойлик эди. У онасига шунчалар боғланиб қолган эдики... Хонанданинг катта саҳнага қўйган илк қадами ҳам “Она” номли қўшиқдан бошлангани ҳам бежиз эмас. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Раъно Ярашева Шаҳнозабону ҳақидаги хотираларида “Шаҳноза онасини йўқотгандан кейин анча чўкиб қолди. Ҳаётга қизиқиши йўқолди. Фарзанди учун ҳам онасининг вафотига бардош бера олди, бўлмаса...”, – деган эди.



Қўлимизга тушиб қолган икки энлик мактубда Шаҳнозабону юрагидаги борини қоғозга тўкиб солган. Унда хонанда 2005 йил “Истиқлол” санъат саройида тақдим этган концерт дастуридаги хотираларини, ўша чоғда юрагидан кечган кечинмаларини қоғозга туширган. Хатни тўлалигича эътиборингизга ҳавола этамиз.
 
“3-қатор 20-жой”
 
Кучли нур таратаётган чироқлар кўзларимни қамаштириб, залда ўтирган меҳмонлар орасидан У кишини аниқ ва равшан кўришимга халақит берарди. Қатори, жойи мени ёдимда аниқ қолган ва ҳамон сақланаётган чиптани қўлларига тутқаза туриб, “Албатта, боринг-а”, – деган сўзларим жавобсиз қолгандаги кўнглим қалқинишларини маъносиз табассум билан яширишга уриниб, кўзларига боқиб турган онларим — Келармикан? Келмаса-чи? Оҳ, унда бу саҳнада туришларим, қушдай енгил учишларим, мен озодман, озод қушман деб қаҳқаҳа отиб кулишларим, бағримни тўлдирган гулдасталар, қўшиқларим пардасидан баландроқ чалинган қарсаклар, шу нурли чироқ сўниши билан барчаси тугаганидек сароб, сароб, саробдир! 



Ўзимни овутишга, чалғитишга уринаман. — Албатта, келадилар, келадилар! Чунки, шу ташриф бутун ҳаётимни шу ёруғ дунёда мавжудлигимни, борлигим, юрагим, боримни қўшиб куйлаётган қўшиқларим парвозини, фарзандимнинг бегуноҳ табассуми, ёримнинг аламлар етказувчи аччиқ изтиробларини, ён атрофдаги турли-туман миш-мишу ғийбатларнинг барча-барчасини тарозининг бир палласига солсаю, бир палласига шу ташрифни қўйса, ишонинг шу ташриф барчасидан азизроқ ва устунроқдир. Тўғри, гўёки мен ўзимни усиз ҳам яшай оладигандек ва у чидашга, сабр қилишга мажбур деб ўйлаётгандек тутишим, ташқаридан кўринганда ростдек, аслида-чи?

Онажон, она бўлиб кўпроқ қадрингизга етдим. Оначалик, сизчалик ҳеч ким мен учун куймаслигини, бахтимни, омадимни, тинчлигимни, бағри бутунлигимни сиздан бошқа ҳеч ким Яратгандан сўрамаслигини биламан. Бошимдан кечган ўн беши қоронғу кунларимда мендан ҳам кўра кўпроқ сиз азоб чекдингиз, “Гулдек ўстирган болам наҳот орзу-ҳавасимдек ҳаёт кечирмаса-я?”, – дея куйдингиз. Сочингиздаги оқлар, юзингиздаги ажинлар мен сабабли эмасмикин? Оҳ, менинг фариштагинам... Қани энди яна жажжи қизалоқ бўлиб қолсам-у шўҳлиқларимни қўймасам. Онам-ей...

Мухлисларим олқишларига мендан олдин қувонган, мендан олдин Яратгандан мен учун омад, файз, сўраган меҳрибонгинам. 3-қатор 20-ўриндиқни ахтариб топдим. Юзлаб одамларнинг кўнглини олишга интилиб туриб шу жой эгасининг биргина нигоҳи, биргина табассуми, биргина тасаллиси учун ҳамма-ҳаммасидан кечишга тайёрман. Концертнинг иккинчи қисми “Қизалоғим”қўшиғи янради, бағримда эса қизим. Уни эркалаб, қўшиқ айтяпман-у, ўзим эканлигим ва ўша эркалаган қўллар мени маҳкам қучоқлаб, қайноқ бағрига отилгим келяпти. Ва ниҳоят “Онажон” қўшиғим янгради. Мен бу қўшиқни айтаётганим йўқ. Мен бу қўшиқни ҳамма билан бирга тинглаяпман. Чунки, қалбим 3-қатор 20-жой эгасини қидиради.

Қўшиқ куйлаб бўлиб, зал чироқлари ёнгач, у жой бўм-бўш эканлигини кўрдим. Чироқлар ёнган, лекин негадир, кўз олдим қоронғулашиб, этим жимирлади, оёқларим бўшашди. Наҳот, ҳаммаси бекор? Наҳот, изланишлар, ҳаракатларнинг ҳаммаси бекор?

Бир сават оқ атиргул. У гўёки мен ғарқ бўлаётган булутлар узра қалқиб келаётгандек ва бу оқ атиргуллар пойимга тўкилаётгандек. “Шаҳноза, қизим, йўлинг оқ бўлсин, санъатда юзинг ёруғ, қадаминг омадли бўлсин. Мен розиман, жон болам!”

Шу икки оғиз сўз қулоқларим остида жаранглар. Мен ҳис қилаётган иссиқ бағр ва ёқимли нафас илк мактабга чиққан чоғимда, шу мактабни тугатиб, ҳунар билим юрти талабаси бўлган онимда, истар-истамай, оқ либосга бурканиб, сурнай наволари остида ота уйи билан хайрлашган чоғимда, илк бор фарзандимни бағримга босиб, оналик бахтини билган кунимда, қулоқларимга худди шундай сеҳрли, илоҳий эшитилганди. Аммо ҳозиргидек хотиржам, виқорли ва шижоатли таъсирланган эмасдим.

Юрак қўримга солинган бу ўт, бу оташ, бу танлаган йўлим ҳақ ва бу ҳақ йўлда менга энг азиз инсон 3-қатор 20-жой соҳибаси, концертларим меҳмони, ҳаётим, яшаш тарзим, ўзлигимнинг мезони Онам ҳамроҳим энди. 3-қатор 20-жой ўз соҳибаси билан нурланди. Кўзимга тушаётган катта-катта чироқларнинг нури ҳам, бу нурни кўришга, илғашга, бу нурдан баҳраманд бўлишга асло моънелик қилолмас.

Нур – она нурдан яралган. Нур – аёл нурдан яралган. Мен ҳам нур бўлиб, нур келтирдим дунёга. Нурлансин олам!

Онамга айтадиганларим кўп. Аммо сўз тополмайман...

Теглар:Шаҳнозабону 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар

Laziza
09:11 30.03.2016

Shahanozabonuni joyi jannatdan bulsin endi uni ruhi shod bulsin quyila tinj yotsin nima kere ketgan odammi ortidan kovlaveriw



Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!