...
МЕНЮ
ONLINE TV

"Ўзбекконцерт" хонандани соқолини олиб ташлашга кўндирдими ё мажбурлади?


16:56, 19.12.2018 Шоу-бизнес
 28 664

У видеода соқолини қисқартиришини айтади. Тушунишимизча, San Jay’га лицензия соқолини қисқартириши эвазига бериляпти.

Ўзбекистоннинг анчадан буён тизгинини тутиб бўлмаётган шоу-бизнесида кун сайин янги қиёфалар пайдо бўляпти. Ноанъанавий куйлаш услуби ва ташқи қиёфаси билан кўпчиликнинг эътиборини тортган San Jay Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраевнинг “Карвон кўрдим” номли қўшиғини қайта куйлаб чиққач, интернет оламида таниқлилар қаторидан ўрин олди. Бу орада у “Ўзбеккоцерт” давлат муассасасига лицензия сўраб мурожаат қилгани ва соқоли сабаб рад жавобини олганини иддао қилиб чиққанди. San Jay’нинг хабар қилишича, бугун, 19 декабрдан эътиборан унга “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси томонидан лицензия берилган. У ўзининг ижтимоий тармоқлар орқали тарқатган видеомурожаатида шундай дейди:
 
“Ҳозиргина “Туркистон” саройидан, “Ўзбекконцерт” директори Одил аканинг ёнидан чиқиб келяпман. Ҳамма учун яхши янгилик: мен бугундан бошлаб лицензия оламан. Мен жуда ҳам хурсандман, юрагимга бахтим сиғмаяпти, шунинг учун сизлар билан бу янгиликни бўлишмоқчи эдим. Ҳозиргина “Ўзбекконцерт” директори Одил ака билан гаплашдим. Жудаям самимий инсон экан. Биз аллақачон кўришишимиз керак эди. Баъзи бир сабабларга кўра Одил ака хизмат сафарида бўлган эканлар. Ўзбекистонда бўлмаганлари учун мен билан кўришолмай, гаплашолмаган эканлар”,
 
Хонандаликка даъво қилаётган San Jay сўзида давом этаркан, “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси директори Одил Абдуқаҳҳоров номини бир неча бор тилга олади. У видеода соқолини қисқартиришини айтади. Тушунишимизча, San Jay’га лицензия соқолини қисқартириши эвазига бериляпти.
 
“Одил ака, ҳурматим сизга чексиз, бундан ҳам баланд бўлади. Одил ака билан гаплашиб, ҳамма нарсани тушуниб, келишиб олдик. Соқол масаласида ҳам гаплашдик. Ва мен тушундим. Одил аканинг айтган гаплари тўғри, шунинг мен бугун соқолимнинг ҳаммасини олиб ташламасам ҳам камайтириб, чиройли қилиб, бундан ҳам чиройлироқ қилиб, халқ хизматида бўлишга тайёрмиз. Чунки биз бир-биримизни қўллаб-қувватламасак, бир-биримизни ҳурмат қилмасак, менимча, ижод қилиш жудаям қийин бўлади”.
 
Даъвогар жуда узоқ гапирган ва қайта-қайта “Ўзбекконцерт” ДМ директори Одил Абдуқаҳҳоровни эслаган. У ўз мурожаатида Президент Шавкат Мирзиёевга ҳам миннатдорлик билдириб, муаммолари бир кун ичида ҳал бўлганини айтган.
 
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова San Jay’нинг ташқи қиёфасига нисбатан эътироз билан чиқиб, санъатдагиларнинг соқол қўйиб юришини назорат қилмаётганликда “Ўзбекконцерт”ни айблаганди. 
 

Теглар:San Jay Одилжон Абдуқаҳҳоров Ўзбекконцерт 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!