...
МЕНЮ
ONLINE TV

Ўзбекистонда хонанда қўшиғи ва клипида Президент билан селфи тушишни тарғиб қиляпти


16:00, 19.12.2018 Шоу-бизнес
 28 192

Қўшиққа ишланган клип аввалида Жаҳонгир Позилжонов экранда фарзандлари – икки ўғил ва икки қизи билан гавдаланиб, шундай деган:

Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёевнинг фотосурати билан селфи тушишга қаратилган қўшиқ ва видеоклип оммага тақдим этилди.
 
Қўшиқ “Божалар” гуруҳи хонандаси Жаҳонгир Позилжонов томонидан куйланган бўлиб, у “Менинг Президентим билан селфи” деб номланади.
 
Қўшиққа ишланган клип аввалида Жаҳонгир Позилжонов экранда фарзандлари – икки ўғил ва икки қизи билан гавдаланиб, шундай деган:
 
“Ассалому алайкум! Азиз дўстлар, ҳурматли мухлислар ҳамюртдошлар! Бугун мен фарзандларим билан, менинг Президентим билан селфи қилмоқчиман. Агар менинг фикримга қўшилсанглар, сизлар ҳам селфи тушиб, хештег Менинг Президентим деб Instagram оламида “отметка” қилишингиз мумкин. Интернетда кўришгунча, азиз дўстлар!”
 
Клипнинг бошидан то охиригача турли касб эгаларининг Президент портрети олдида суратга тушаётгани тасвирланган. Клип пойтахт Тошкент ва вилоятлардаги кўркам бинолар тасвирлари билан бойитилган. Қолаверса, ундан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг хорижий сафарларда давлат раҳбарлари ва маҳаллий ташрифларда халқ билан учрашуви акс этган тасвирлар ҳам ўрин олган. Эътиборли жиҳати шундаки, мазкур клип Шавкат Мирзиёевнинг тасвирларидан фойдаланилган илк мусиқий чиқиш саналади.
 
Шавкат Мирзиёев Президентлик фаолиятини бошлагач, 2017 йил бошларида хонанда Дилфуза Исмоилова Президентга атаб қўшиқ куйлаб чиққан эди. Бироқ бу клип телевидение орқали намойиш этилмаган, интернет тармоғидан ҳам ўчириб юборилган.
 
Жаҳонгир Позилжоновнинг клипи бугун, 19 декабрдан эътиборан телевидениеда берила бошлади. Маълумотларга қараганда, клип намойишини Ўзбекистондаги “Зўр” телеканали бошлаб берган. Клип бугун тонгда, соат 08:00 – 09:00 оралиғида эфирга узатилган. YouTube’га эса кеча, 18 декабрь куни жойлаштирилган. Ҳозиргача клипни 9 мингдан ортиқ интернет фойдаланувчилари томоша қилган.
 
Қўшиқда шундай сўзлар бор:
 
Ман кеча-кундуз хотиржам,
Тинч уй, маҳалла, кўчам.
Зўр ишлар, яхши дам.
 
Ростан кулиб юрибмиз хурсанд,
Миннатдорчилик билан энди
Селфи қиламан Президентим билан.
 
Халқимни бой қиламан деб урунаётган
Ҳар куни эринмай, халқ ичида юрган.
Президентим билан селфи.
 
Агар ишлаб тадбиркор бўламан десам,
Эл-юртга фойдали ғояларни қўлаб-қувватлаётган
Президентим билан...
 
Селфи боғчалар учун, селфи мактаблар учун,
Минглаб орзуга етган обод маҳалла учун.
 
Селфи спортчилар учун, селфи ишчилар учун,
Минглаб қурилаётган савлатли уйлар учун.
 
QALAMPIR.UZ мазкур қўшиқ юзасидан “Ўзбекконцерт” давлат муассаси билан боғланди. Расмийларнинг берган маълумотига кўра, қўшиқ ва клип бадиий кенгашга тақдим этилмаган, эфир учун рухсат олмаган. Клип фақатгина “Зўр” телеканалида ижтимоий аҳамиятга молик видеомаҳсулот сифатида эфирга узатилмоқда. 

Теглар:Шавкат Мирзиёев Жаҳонгир Позилжонов 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!