...
МЕНЮ
ONLINE TV

Шаҳнозабонунинг оила аъзолари хонанда Манзурага эътироз билдирди


16:14, 04.04.2016 Шоу-бизнес
 36 838

“Шаҳнозабонунинг жанозасига ҳеч ким келмади”, – деган гапларидан жуда жаҳлим чиқди. Жанозадаги одамларнинг сони фақат санъаткорлар билан ўлчанмайди-ку.

Хонанда Шаҳнозабонунинг вафот этганига кеча роппа-роса 20 кун тўлди. Хонанданинг ҳаёти ва ижодига бағишланган видеофильм суратга олиш ишларини бошлаганимиз ҳақида аввал ҳам хабар берган эдик. Шу мақсадда ота уйига ташриф буюриб, оила аъзолари билан суҳбатлашдик. Тўнғич фарзандининг доғини кўрган Одил ака ва ёлғиз суянчиғини йўқотган Умидага ҳозир ҳар қачонгидан қийин. “Қизалоғим”даги қувончи ичига сиғмай, онаси бағрида яйраган Умиданинг нигоҳларидаги шодлик ўрнини бугун ғам-ғусса, армон эгаллаган. Кўз ёшларини тута олмаётган Умида билан суҳбатимиз жуда узоқ давом этди. Бироқ у суҳбатнинг бир қисмини алоҳида тақдим этишимизни сўради.

Хабарингиз бор, Шаҳнозабонунинг вафотидан сўнг хонанда Манзура ҳамкасбининг жанозасига санъат олами вакилларидан кўпчилик келмаганини айтиб, интервью берганди. Ўша вақтда хонанданинг гаплари ОАВда кун мавзусига айланди. Минг афсуски, бу гаплар ҳамон давом этиб, “Шаҳнозабонунинг жанозасига ҳеч ким келмабди”,– қабилидаги ёқимсиз гапларга уланди. Шаҳнозабонунинг қизи ва отаси хонанда Манзурадан жуда ранжиган. Умида Манзуранинг интервьюси юзасидан қарши фикрлари борлигини айтди.
 
“Онам ҳаётлик чоғида жуда кўп қийинчиликларни кўрдилар. Алдаган, ҳиёнат қилган, тузларини еб, тузлуқларига тупурган, ишончларини суиистеъмол қилганлар ҳам кўп бўлди. Уларнинг ҳаммасини Яратганнинг измига қўйдилар. Афсуски, онамнинг номидан фойдаланиб, янги гапларни ўйлаб топаётганлар вафот этганларидан кейин ҳам учраяпти.
 


Хонанда Манзуранинг мен ва онамга нисбатан куюнчаклигини тўғри тушанаман, бироқ бундай интервью бермасдан, оғир вазиятда бизни қўллаб–қувватлашлари керак эди. Аза уч кун. Манзура уч кун уйимизда ўтиргани йўқ, ким келди, ким келмади қаердан билади? Кўнгил сўраб келганлар Манзурани кутиб ўтиргани ҳам йўқ. Онамни охирги манзилга жўнатишга улгурган санъаткорлар жуда кўп бўлди, эртаси куни ҳам кўпчилик келди. Ҳозиргача таъзия билдириб келаётганларнинг охири кўринмаяпти. Кечагина бастакор Шаҳноз келиб кетдилар, ундан аввал Ўзбекистон халқ артисти Зулайҳо Бойхонова келгандилар. Онам одамларни ҳар қандай вазиятда тўғри тушунадиган аёл эдилар ва бу ҳислатлари менга ҳам ўтган. Ўша кунлари кўпчилик санъаткорлар Наврўз байрами тадбирларида бўлишган, биз буни тўғри тушундик. Шу сабаб Манзуранинг “Шаҳнозабонунинг жанозасига ҳеч ким келмади”, – деган гапларидан жуда жаҳлим чиқди. Жанозадаги одамларнинг сони фақат санъаткорлар билан ўлчанмайди-ку.
 
(Йиғлаб) Мен онамни йўқотдим. Бу дардни бошидан ўтказмаган одам мени тушунмайди. Жанозага дунё юлдузлари келган тақдирда ҳам онам энди қайтиб келмайди. Манзура шу гапларни гапиришдан аввал ҳар бир гаплари бизга қандай таъсир қилишини ўйлаб кўрмадилармикин?!”, – дейди Умида.
 


Таҳририят: Биз бу вазиятда хонанда Манзурани айблаш фикридан йироқмиз. Хонанда интервьюдаги гапларни бизнинг таҳририятга ҳам қўнғироқ қилиб айтган эди. У “Жанозага ҳеч ким келмади”, – деб ижтимоий тармоқларга Шаҳнозабонунинг суратларини жойлаб халқ олдида “артист”лик қилган баъзи “юлдуз”ларни назарда тутган эди. Бироқ буни кўпчилик бошқача талқин қилди. Ҳар ҳолда Манзуранинг бу гапларни айтишдан мақсади ўзини пиар қилиш бўлмагани бизга маълум.

Шаҳнозабонунинг қизи Умида билан тўлиқ интервьюни тез орада сайтимиз орқали ўқишингиз мумкин.  

Теглар:Шаҳнозабону Манзура 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар

Озод
13:02 17.04.2016

Алишер узоков нинг улими ростми


XUSANBOY
23:04 05.04.2016

notogri fikr



Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!