...
МЕНЮ
ONLINE TV

Руслан Нуриддиновнинг қонида допинг топилиши тестостерони ортиб кетиши билан боғлиқми?


11:03, 27.12.2018 Спорт
 4 469

Ўзбекистон оғир атлетика федерациясининг биринчи вице-президенти Шаҳрулло Маҳмудовга мурожаат қилинди.

Аввалроқ, 2012 йилги Лондон Олимпиадасида қатнашган беш нафар оғир атлетикачиларнинг допинг тестлари Халқаро Олимпия Қўмитаси (ХОҚ) томонидан қайта кўриб чиқилгани, текширув ижобий натижа бергани, допинг тестлари натижасига кўра 2012 йилги Лондон Олимпиадасида 105 кг вазн тоифасида тўртинчи ўринни олган ўзбекистонлик Руслан Нуриддиновнинг фаолияти мажбурий равишда вақтинча тўхтатиб қўйилганини ҳақида хабар берган эдик.
 
Ушбу хабар спорт оламида катта шов-шувларга эга бўлди. Йил сайин янги муваффақиятларни қўлга киритиб келаётган Руслан Нуриддиновнинг номи допинг билан боғланиши кўпчилик мухлисларни ҳайратда қолдирди.
 
ЎзА мухбири ушбу ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида Ўзбекистон оғир атлетика федерациясининг биринчи вице-президенти Шаҳрулло Маҳмудовга мурожаат қилган.
 
Шаҳрулло Маҳмудов, Ўзбекистон оғир атлетика федерациясининг биринчи вице-президенти:
 
— Очиғини айтганда, ушбу ҳолат бўйича Халқаро олимпия қўмитаси ёки бошқа спорт ташкилотларига эътироз билдирганимиз билан ҳеч нарса ўзгармайди. Сабаби, бу олти йил олдинги ҳолат. Русланнинг асосий спортчилик фаолияти эса 2013 йилдан бошланган. Шундан бери у оғир атлетика спортида қўлга киритиши мумкин бўлган барча совринларни, Осиё чемпионатидан тортиб жаҳон чемпионати, Универсиада ўйинлари, Рио олимпиадаси ва ниҳоят охирги катта муваффақияти Осиё ўйинлари ғолиблигини қўлга киритди ҳамда мусобақа рекордини янгилади. Мана шу ютуқлар ва унвонлар спортчимизнинг ўзида сақланиб қолингани биз учун катта натижа аслида. Негаки бугун бутун дунёда допинг билан боғлиқ муаммоли ҳолатлар бор.
 
Русланнинг қонидан топилган моддага келсак, спортчимизда тестостерон моддаси меъёридан юқори эканлиги аниқланган. Тестостерон моддаси ҳар бир инсоннинг организмида мавжуд ва бу айниқса айни балоғатга етган ёшлар, яъни йигитларда фаол даражада бўлади.
 
Спортчимиз Лондон олимпиадасидаги иштирокидан кейин антидопинг текширувидан ўтган ва тоза чиққан. Ўша қон таҳлиллари музлатиб қўйилган ҳолда қайта текширувдан ўтгач, юқоридаги муаммолар келиб чиқди. Ушбу масала бўйича ВАДАга мурожаат қилганимизда бизга айтишдики, ҳозир энг сўнгги ва замонавий технологиялар ёрдамида қон таҳлили қайта текширувдан ўтказилган ҳамда Русланнинг қонида тестостерон моддаси белгиланган меъёридан ортиқлиги аниқланган. Қайта текширувдан фақат Ўзбекистон вакили эмас, балки Украина, Беларусь, Арманистон, Озарбайжон, жами беш мамлакат спортчилари ўтказилган. Савол туғилиши мумкин – бу нарса кимга ва нима учун керак бўлди, ахир ўшанда Руслан медаль олмаган-ку, десак Халқаро олимпия қўмитаси қайта текширувдан ҳозир спортчилик фаолиятини давом эттираётган атлетлар ўтказилаётганлигини маълум қилди.
 
Биз мазкур ҳолатни чуқур таҳлил қиламиз, спортчимизнинг қонида қандай қилиб тестостерон моддаси миқдори меъёридан ошиб кетган? Биласизми, тестостерон моддасини спортчи истеъмол қилган биоқўшимчалар, ҳатто, оддий таблеткалар ҳам ошириб юбориши мумкин. Тестостероннинг ошиши – бу қувват ошиши дегани. Оддий қилиб айтганда 20 ёшли эркакка қараганда 35 ёшли эркакдаги тестостерон моддаси миқдори кам бўлади. Руслан ўша пайтда 21 ёшда бўлган, яъни тестостерон моддаси энг юқори бўлган ҳолат. Спортда эса тестостерон моддасининг белгиланган миқдори – 407 % деб белгиланган, агар шундан юқори бўлса – бу кишида шубҳа уйғотади. Бу узоқ ўрганиладиган жараён, дарҳол қарор қабул қилиб бўлмайди.
 
Шу ўринда бир мулоҳазамни билдирмоқчи эдим: Руслан спортчи сифатида барча мусобақани ютди, кўп бора Ўзбекистон байроғини юқори кўтарди, унинг ғалабалари шарафига мадҳиямиз янгради. Шу маънода ҳозирги вазиятда ҳар хил гап-сўзлар билан ватанимиз фахрига айланган спортчимизни асло ранжитиб қўймаслигимиз керак. У ҳам инсон, унда ҳам юрак бор. Кўпчилик ўйлайдики, бу Руслан чемпион бўлган даврдаги ҳолат деб, йўқ, ундай эмас, бу атлетимизнинг энди-энди катта спортга кириб келаётган даври. Шундан кейин Нуриддинов қанча мусобақада қатнашган бўлса, баҳслар бошланиши олдидан ва кейин албатта допинг текширувидан ўтган ва шу кунгача биронта салбий ҳолат кузатилмаган.
 
Мен мамлакатимизда оғир атлетика спортига масъул инсонлардан бири сифатида айтмоқчиман, Русланнинг Риодаги ғалабаси тасодиф эмас, буни Токиода ҳам исботлаши учун уни қўллаб-қувватлашимиз керак. Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси ва мамлакатимизда спортга масъул бўлган мутасадди ташкилотлар спортчимизни қўллаб-қувватлайди.
 

Теглар:Руслан Нуриддинов Допинг 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!