...
МЕНЮ
ONLINE TV

Россияга экспорт қилинаётган мева ва сабзавотларнинг тури ва ҳажми кўпаяди


11:19, 27.04.2016 Олам
 4 269

Томонлар маданият, илм-фан, таълим, спорт ва туризм соҳалари бўйича ўзаро алоқаларни кенгайтириш масалалари юзасидан ҳам фикр алмашдилар.

Аввал хабар қилганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Россияга бўлган расмий ташрифи чоғида Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан учрашиб, бир қатор масалаларни муҳокама қилди. Президентларнинг икки томонлама ҳамкорлик юзасидан мулоқоти ҳеч бир соҳани четлаб ўтмади. Президент Ислом Каримов Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги кун сайин равижланиб бораётганини алоҳида эътироф этиб, Россия бозорига мева ва сабзавот етказиб бериш ҳажми оширилишига тўхталди.
 
Музокарада мамлакатимизда етиштирилган мева ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш ҳажмини кўпайтириш ва турини кенгайтиришга келишиб олинди. 

Товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, сармоявий ҳамкорликни ривожлантириш, транспорт ва транзит соҳасидаги алоқаларни кенгайтиришга доир масалалар муҳокама қилинди. Мамлакатларимизда ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш учун ҳали тўла фойдаланилмаётган имкониятлар кўплиги, уларни ишга солиш икки томон учун ҳам манфаат келтириши таъкидланди. 

Томонлар маданият, илм-фан, таълим, спорт ва туризм соҳалари бўйича ўзаро алоқаларни кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашдилар. 

Музокаралар якуни бўйича Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасида маданий-гуманитар, ташқи сиёсат, олий таълим, жисмоний тарбия ва спорт каби қатор соҳаларда ҳамкорликка оид ҳужжатлар имзоланди. 

Ислом Каримов ва Владимир Путин оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда музокаралар очиқ ва ўзаро ишонч руҳида ўтганини, минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш ва ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари юзасидан атрофлича фикр алмашилганини таъкидладилар. Бу ўзаро муносабатларнинг бугунги ҳолатини баҳолаш, кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаш имконини берди. Кўриб чиқилган масалалар юзасидан томонларнинг позицияси бир хиллиги ёки яқинлиги қайд этилди.
 
Шу билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Россияга расмий ташрифи якунига етди. Олий даражадаги мулоқотларнинг узвий давоми бўлган ушбу музокараларда мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шерикликни ривожлантиришнинг муҳим йўналишлари ва истиқболлари белгилаб олинди. Бу Ўзбекистон ва Россия халқлари манфаатларига хизмат қилади.

Теглар:Ўзбекистон-Россия Ислом Каримов Владимир Путин 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!