...
МЕНЮ
ONLINE TV

Россия-Туркия алоқалари қил устида


22:51, 26.11.2015 Олам
 5 675

Путин ва Эрдўған ҳар қайси ҳолатда ҳам оддий халқ азият чекишини унутмасалар бўлгани.

   Россия Федерацияси Мудофаа Вазирлиги ва Туркия қуролли кучлари ўртасидаги илиқ муносабатлар ҳамда ахборот алмашишларга чек қўйилди. ТАСС ахборот агентлигининг хабарига кўра, Туркия Россиянинг ҳарбий атташесига Су-24 самолётига ҳужум ҳақида хеч қандай маълумот бермаслигини таъкидламоқда.

   Владимир Путин: “Биз ҳали ҳам Туркия ҳукуматининг  сиёсий узрномасини эшитмадик. Етказилган зарарларни қоплаш юзасидан таклифлар ва айбдорларни жазолаш масаласида Туркия фикр билдирмаяпти. Бу ҳолатда Туркия ҳукумати онгли равишда Россия-Туркия муносабатларини охири берк кўчага олиб келмоқда деган тасаввур уйғонмоқда”.

   Президент Путиннинг эътирозига нисбатан Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған қуйидагича жавоб қайтарди. “Кечирим сўраш керак бўлган биз эмасмиз. Чегараларимизни бузиб кирганлар биздан узр сўрашлари керак. Бу вазиятда Мудофаа вазирлигимизнинг учувчилари ўз вазифаларини бажаришган. Россиядан узр сўрамаймиз!”

     Шунингдек, ТАСС ахборот агентлиги мақолада, Туркия ҳукумати Россияни ҳалқаро шартномаларни бузганликда айблаётганига алоҳида урғу берган.

   Мазкур мақола эълон қилинишидан бироз аввал, Habеr7.com интернет нашрида “Россия иқтисодий тарафдан Туркиядан устун кўринишга ҳаракат қилса-да, статистика бунинг аксини кўрсатмоқда” номли мақола чоп этилган эди.  Унда “Россия газ экспорти харитасини кўрсатиб, Туркиядан иқтисодий устунлигини эслатишга ҳаракат қилганди. Лекин танганинг иккинчи томони ҳам бор.  Туркия Россиядан йирик ҳажмда газ сотиб олувчи давлат саналса-да Россияга парранда гўшти, сабзавот ва мевалар, текстил газламалари ҳамда тайёр кийим кечакларни арзон нархда етказиб беришини унутмаслик керак” – дейилади.

   Habеr7.com сайти Россия ва Туркия ўртасидаги муносабатларга тўхталар экан, Россиянинг кемтик нуқталарини ҳам санаб ўтди.   “Россиянинг Туркияда катта инвестициялари мавжуд. Булардан бири Туркиянинг жанубидаги Аккую мавзесида барпо этилаётган атом электр станцияси ҳисобланади. Туркиянинг бу лойиҳада ўз устунлиги бор. Яъни  электр энергияси масаласида Россия ҳам Туркияга муҳтож. Бундан ташқари, Қирим масаласи юзасидан Европа давлатлари ва АҚШ Россиянинг электр энергия секторларидан бир қанчасига  иқтисодий зарба берганди. Устига-устак охирги 20 йил ичида нефть нархининг тушиб кетиши оқибатида Россиянинг нефть маҳсулотларидан оладиган фойдаси ярим баробаргача камайган. Шунинг учун ҳам ҳозирги кунда молиявий инқироз билан курашаётган Россия, қадрдон ҳамкори бўлган Туркиядан бутунлай юз ўгира олмайди. Бунинг ортидан миллионлаб кубометр газ экспорти ва Туркияда қурилаётган атом энергия станцияси қўлдан кетиши мумкин”.

     Мутахассисларнинг айтишича, “Туркия-Россия электр энергияси борасидаги муносабатлар жуда чуқур масала. Турк ҳаво территориясига кирган самолётнинг уриб тушурилиши, энергия секторидаги ҳамкорликка салбий таъсир қўрсатиши кутилмаяпти. Россиянинг ҳалқаро келишувларга хилоф тарзда, Туркияга газ беришни тўхтатиши тўғри эмас. Агар Россия бу йўлни танласа, иқтисодиётига катта зарар етиши турган гап. Чунки, Туркияга газ экспорт қилиши мумкин бўлган бошқа давлатлар ҳам йўқ эмас. Вазият шу алфозда қолаверса, Туркия Қатар ва Жазоир каби мамлакатлардан “LNG” –зичлаштирилган табиий газ сотиб олиш орқали, газ танқислиги муаммосига ечим топиши мумкин”.

     Россия Федерацияси Иқтисодиёт вазири Алексей Улукаевнинг фикрига кўра, “Баъзи иқтисодий ҳамкорликларда чекловлар бўлиши мумкин, лекин очиқ шаклда муносабатларга  нуқта қўйилиши таъкидланмади”. Улукаевнинг сўзлари ҳам бу ҳамкорликнинг қанчалик мустаҳкам ва давомийлигини исботлайди – деб мақолага якун ясалган.

   Маълумот ўрнида шуни айтиш жоизки, воқеалар авж ола бошлаган бир пайтда Россия Қишлоқ хўжалиги вазири Александр Ткачев “Россия 1” телеканалига берган интерьвюсида: “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Эрон, Озарбайжон, Ўзбекистон, Марокко, Исроил каби давлатлар етказиб берса, цитрус меваларни эса БАА ва Аргентинадан олишимиз мумкин – дея мамлакатни қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлашда Туркияга “қарам” эмаслигини эслатиб ўтганди. “Туркиядан импорт қилиш тўхтатилган тақдирда ҳам, Россия ҳалқи бозорларда маҳсулотлар танқислигини сезмайди” – дейди  Ткачев.

   Бугун дунёнинг кўплаб мамлакатларидаги қирғинбаротлар ва миллий манфаатлар учун курашларни кўриб, тинч ва осойишта юртда яшаётганингга шукур қиласан киши. Икки давлат раҳбарлари ҳам сиёсий майдондаги ўрни ва мавқеини унутмаган ҳолда, тўғри қарор қабул қилса, халқ ва фуқаролар манфаатларини биринчи ўринга қўйса, Туркия элчихонаси қаршисидаги  бугунгидек намойишларнинг олди олинган, икки миллат ўртасида азалий дўстлик ришталари узилмаган бўлармиди? В.Путин ва Р.Эрдўған Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов таъбири билан айтганда “Ислоҳотлар – ислоҳот учун эмас, ислоҳотлар – аввало инсон ва унинг манфаатлари учун”лигини унутмай иш кўриб, ҳар қайси ҳолатда ҳам оддий халқ азият чекишини унутмасалар бўлгани.
Ёдгор Абдулло

Теглар:Су-24 Эрдўған Путин Россия-Туркия 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар

Ziyoda
08:34 01.12.2015

Baribir Yurtbowimiz sog saomat bulsinla Ularni etgan gaplari butun olamni qutqaradi



Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!