...
МЕНЮ
ONLINE TV

Қирғизистонда ЙТҲ қурбонига айланган Бош вазир ўринбосари дафн этилди


16:54, 09.10.2017 Олам
 3 623

Алмазбек Атамбоев Темур Жумақодиров билан тез-тез маслаҳатлашиб турганлигини ҳам таъкидлаб ўтди.

7 октябрь куни эрталаб Қирғизистоннинг Бишкек–Қора-Болта трассасида Қирғизистон Бош вазири ўринбосари Темур Жумақодиров бўлган автомобиль йўл-транспорт ҳодисасига учраганлиги ҳақида хабар берган эдик.
 
38 ёшли Бош вазир ўринбосари Темур Жумақодиров ўзининг Toyota Land Cruiser русумли хизмат машинасида кетаётган вақтда ён тарафдан КамАЗ юк машинаси билан тўқнашиб кетган эди. Автомобиль ичида мансабдор шахс билан бирга унинг ёрдамчиси Нурлан Жамгирчиев ҳам бўлган. Автоҳалокат оқибатида жами 3 киши, хусусан ҳайдовчиси Нурбек Муканов ҳам вафот этган.
 
Бугун, 9 октябрь куни Бишкек шаҳридаги марказий майдонда Бош вазир ўринбосари билан видолашув маросими ўтказилди. Унда Қирғизистон раҳбари Алмазбек Атамбоев ҳам иштирок этди.
 
“У коррупцияга қарши курашиш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари соҳасини ислоҳ қилиш борасида кўп меҳнат қилган. У мамлакатнинг бўлажак етакчиси эди”, деди Алмазбек Атамбоев маросимда сўзга чиққан вақтида.
 
Қирғизистон президентининг сўзларига қараганда, Темур Жумақодиров ёшига нисбатан анча ақлли бўлиб, фаолияти давомида адолатли ишларни амалга оширган. Алмазбек Атамбоев тез-тез у билан маслаҳатлашиб турганлигини ҳам таъкидлаб ўтди. У келгусида ҳатто мамлакат президенти ҳам бўлиши мумкинлигини қайд этди.
 
Видолашув маросимига минглаб кишилар ташриф буюришди. Бош вазир ўринбосарини Бишкекдаги Ала-Арчин қабристонига дафн этишди.
 
7 октябрь куни рўй берган автоҳалокат юзасидан жиноят иши қўзғатилди. Айни вақтда КамАЗ юк машинасининг ҳайдовчиси қўлга олинган. У енгил даражада шикастланган.
 
Воқеа юк машинасининг қарама-қарши йўлга чиқиб кетганлиги туфайли содир бўлган.
 
Темур Жумақодиров жорий йил август ойида Бош вазир ўринбосари этиб тайинланган эди. У аввалроқ Қирғизистон Хавфсизлик кенгаши котиби ва давлат раҳбарининг аппаратида хизмат қилган.
 
Маълумотларга қараганда, унинг 4 нафар қизи бўлган. Кенжа қизи эса ҳатто 1 ёшга ҳам тўлмаган.
Дурдона Расулова 

Теглар:Қирғизистон Темур Жумақодиров 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!