...
МЕНЮ
ONLINE TV

Чойнак пиёлага уйланарканми? Нима деб қўшиқ айтаётганингизни биласизми, Дилсўз?


15:44, 01.06.2017 Шоу-бизнес
 17 531

Дилсўз ҳам сўз қолмагандек чойнак-пиёлага ўхшатиб қўя қолибди. Бугун чойнак-пиёла, эртага-чи, эртага нимага тенглаштиради бу овози ҳам, иқтидори ҳам ҳаминқадар бўлган хонандалар?

Бугунги кунда яхши қўшиқни топиб эшитишнинг ўзи амримаҳол бўлиб қолди. Бу ҳақда гап очилса, хонанда дардини қоғозга тўкиб соладиган яхши шоирлар йўқлигидан нолийди. Шоир эса маромига етказиб айтадиган ижрочи бармоқ билан санарли эканини айтади. Қўққисдан иккиси юзма-юз келиб қолса, бастакорни айблашга ўтади. Хўш, яхши қўшиқнинг йўқлигида ким айбдор? Қўлига китоб олмай қўшиқ айтаётган хонандами, нотани билмайдиган бастакорми ёки Машрабни танимай шоирликка даъво қиладиган қаламкашми?
 
Яқинда радиоларда “Ниҳол” мукофоти совриндори Дилсўзнинг “Чойнагимсан...” деб куйлаётган қўшиғини эшитиб қолдим. Сўзлари эриш туюлди, ишхонага келганим заҳот интернетдан топиб, эшитдиму ёқамни ушладим.
 
“О, бир дастурхон устида турар икки севишган,
Исми чойнак-пиёла, бир-бирига ярашган.
Пиёласин устидан қайноқ меҳрин қуяркан,
Пиёла ҳам чойнагин ич-ичидан суяркан.
 
Вой, чойнагимсан сан мани, пиёлангман ман сани,
Бошимдан қуй меҳрингни, шод этайлик ҳаммани”, деб куйлайди хонанда. Нима бу, қўшиқми ё ҳаваскорликнинг янги намунасими? Бир вақтлар Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Тоҳир Содиқов “мени мушукчам, мени балиқчам...”, деб қўшиқ куйлаганида, хонанданинг эшитмаган танқиди, дашноми қолмаган эди. Содиқовнинг ёрни мушукчам, балиқчам деб таърифлагани камлик қилганмиди? Дилсўз ҳам сўз қолмагандек чойнак-пиёлага ўхшатиб қўя қолибди. Бугун чойнак-пиёла, эртага-чи, эртага нимага тенглаштиради бу овози ҳам, иқтидори ҳам ҳаминқадар бўлган хонандалар?
 
Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов “Камтарлик ҳақида” номли шеърида чойнак ва пиёла билан боғлиқ ажиб ўхшатишни келтиради.
 
Гарчи шунча мағрур турса ҳам,
Пиёлага эгилар чойнак.
Шундай экан, манманлик нечун,
Кибру ҳаво нимага керак?
Камтарин бўл, ҳатто бир қадам
Ўтма ғурур остонасидан.
Пиёлани инсон шунинг-чун
Ўпар доим пешонасидан.
 
Эркин Воҳидов ва қўшиқ шеъри муаллифи Баҳодир Низомовнинг ўхшатишларида ер билан осмонча фарқ борлигини шоирликдан хабари бўлмаганлар ҳам дарров англаши аниқ. Наҳот, неча йилдан бери ижод қилиб келаётган, камига “Ниҳол” мукофоти билан тақдирланган хонанда Дилсўз буни фарқламаган, “нимани куйлаяпман”, деган саволни ўзига бериб кўрмаган бўлса? Ахир қўшиқни хонанда ўз хоҳиши билан куйламаса, уни ҳеч ким мажбур қилмайди.
 
Кун ботиб, тонг отаркан,
Умр шундай ўтаркан.
Қурғур чойнак гоҳида,
Косага гап отаркан.
Сабрли шу пиёла,
Жим юраркан уёла.
Айбин билган чойнаги,
Кетаркан ёна-ёна.
 
Бастакор, шоир ва хонандадан иборат учлик бирор қўшиқ яратилишидан аввал у тингловчига нима бериши ҳақида ўйлаб кўрармикан? Агар ўйлаб кўришганда эди, бугун бундай қўшиқлар яратилмаган бўлармиди...
 
Тушунамиз, бугунги қўшиқларнинг сўзи тезда ёдда қоладиган, мусиқаси ҳам рақсбоп бўлиши керак – замоннинг талаби шундай. Қўшиқ қанча ўйноқи бўлса, хонанданинг тўйи шунча кўп бўлади. Бироқ, бу савиянинг устидан босиб ўтиш, пулнинг ортидан қувиб, истаганини айтиш дегани эмас.
 
Дилсўзнинг бундан аввал яратган “Уйланасизми, йўқми?” номли қўшиғини ҳам эшитиб, унинг ижоди борасидаги хулосаларимиз бироз салбий тус олди. Қўшиқни тингламай туриб, кишида бир савол туғилади. Санъат, санъаткор нимани тарғиб қиляпти? Қачон ўзбек қизлари андишани, ориятни, ғурурни четга суриб қўйиб, йигитга шундай савол билан мурожаат қилган. Замоннинг зайли, хонанда ва шоирларнинг савиясизлиги сабаб бугун бундай саволлар қўшиқларда жаранг сочяпти.
 
Уйимизда совчиларим душанба ҳам тинмаяпти,
Онам жуда хуноб бўлиб, нима дейишини билмаяпти.
Бизни ёрим ваъдаларни саранжомлаб мияга,
Ўзи битта ипни олиб жойлолмайди игнага.
Қуруқ ваъда кимга ҳам асқотади ҳаётда,
Битта айтар гапим қолди ёрим қилиб иззатда.
 
Бу қандай сўзлар бўлди, деб ҳайрон бўлаётгандирсиз. Бу ўша биз кунда-шунда эшитаётган хонанда Дилсўзнинг “Уйланасизми, йўқми?” номли қўшиғи сўзлари. Хўш, бу нима? Шеърми ёки сўзлардан иборат алланимами? Агар уни матн деб бўлса, бу матнда биз мазмун кўрмадик. Қўшиқ қизнинг уйида совчилар душанба ҳам тинмаётганини айтиши билан бошланишида нима маъно бор. Ё душанба куни совчилар келмаслиги бўйича аниқ тартиб-қоида ўрнатилганми?
 
“Бизни ёрим ваъдаларни саранжомлаб мияга,
Ўзи битта ипни олиб жойлолмайди игнага”.
 
Бу мисралар эса кишининг ҳайратини янада оширади. Ёрнинг мияга ваъдаларни жойлаши билан игнаю ипнинг қандай боғлиқлиги бор? Биринчи қаторда бошланаётган воқелик иккинчи қаторда умуман бошқа нарсага айланади. Энг қизиғи, “шоир”нинг, ҳатто, хонанда Дилсўзнинг ҳам мактабда она-тили фанидан яхши ўқимагани яққол сезилиб турибди. Бўлмаса “бизни ёрим” деган тўмтоқ сўз бирикмаси тузмаган бўларди.
 
Қўшиқнинг нақорат қисми эса қўлига китоб олган, шеърнинг фарқига борганларнинг сочини тикка қилиши аниқ.
 
Вой, дейиш керакми ё дейиш керакми?
Нега унда ўғирладинг юракни?
Севдим, севилай, жоним, тут билакдан,
Ҳа, ўзим овқат қилай санга юракдан.
 
“Шеър”да боғлиқлик йўқлиги етмагандек, шоир нима ёзаётганини, хонанда нимани куйлаётганини пайқамаган ҳам. “Дейиш керакми?”, деганда нима назарда тутилган? “Дейиш керакми ё дейиш керакми?”: нима деяпсиз, Дилсўз? Кундалик лексикондаги сўзлардан таркиб топган оддий бир қўшиқда нима деётганингизни биласизми?
 
Маълумотларга қараганда, юқорида номлари келтирилган икки қўшиқнинг матни ҳам Баҳодир Низомов қаламига мансуб. Бу ўринда биз на Баҳодир Низомов ва на хонанда Дилсўзнинг истеъдодини кулгига олиш фикридан йироқмиз. Аксинча, иккиси ҳам танқидлардан тўғри хулоса чиқариб, “Яратаётган қўшиғим тингловчига нима беради?”, деган савол билан ижодга қўл урса, олди-қочди сўзлардан ўзларини четга олса, айтилаётган сўз қўшиқдан катта аҳамиятга эга эканини ҳис қилса, мақсадга мувофиқ бўларди. 

Теглар:Дилсўз Баҳодир Низомов 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар

Hayotullo Kukiyev
15:47 14.06.2017

Maqolada juda o'rinli gaplar aytilgan. Shunday ekan tanqiddan to'g'ri hulosa chiqarish kerak


mr.owner
11:00 13.06.2017

Shu mukofotlar berish tartibini qaytadan ko`rib chiqish kere bunaqa be'mani sifatsiz san'atkorla kopeyib ketvotti, oldinlari istiqlol san'at saroyiga uncha muncha san'atkorla chiqmasdi, hozir puli bor odam chiqib yotipti, san'at aslida yoshlani tarbiyalash kere lekin aksi bovotti biza yevropamasmiza, qachon korgansila singlila yo qizila "ada oyi tanishing bu kuyoviz mani yigitim" dib keganini. kinolarimizziyam oilaviy ko`rib bo`midigan darajada bo`p ketvotti, kulgi konsertlariniyu umuman oilaviy korish mumkinmas, faqatgina o`rtola bn ko`rish mumkin (qizlarimizga farqi bumi qoldi kop narsalani tuwunib kulib utirvuradi), hullas Dilso`z opaginam choyne piyolani va manga uylanasizmi dib ko`chadan er qidirguncha erizzi bahtli qiling


Шерхан
11:54 08.06.2017

Мақола ёқмади, танқидлар ўринсиз манинча


Алишер
16:22 02.06.2017

Энди бу хонандани ижодига мехрим бошқача. Бу хонандани ижоди манга жуда ёқади. Манимча хонандаларимизга бир оз эркинлик берсак яхши бўларди. Бунақа танқид кивуриш манимча нотўғри



Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!