...
МЕНЮ
ONLINE TV

“Реал” ва “Барселона” кун бермаётган Буффон яна аламдан йиғлади!


14:26, 12.04.2018 Спорт
 4 871

“Бу менинг ЕЧЛдаги сўнгги ўйиним бўлди. “Ювентус” учун эса катта ўйинлар энди бошланади”, деди Буффон ўйиндан сўнг берган интервьюсида.

Мадриднинг “Реал” клуби жуда катта қийинчилик билан “Ювентус” қаршилигини енгиб ўтди. “Қироллик клуби” Италия сафаридан 3:0 ҳисобидаги ишончли ғалаба билан қайтди.
 
Аммо бугун ўз майдонида имкониятни бой берди. Лекин шунга ҳам қарамай, Зидан шогирдлари мусобақа ярим финалида ўйнайди.
 
Бевосита ўйиннинг асосий вазиятларидан бири Жанлуижи Буффоннинг сўнгги дақиқаларда қизил карточка олиб майдонни норози кўринишда тарк этгани бўлди.


 
Нима деб ўйлайсиз, Буффон бугун ЕЧЛ бош совринини ютиш учун бўлган сўнгги имкониятни бой бердими? Ҳозир шу ҳақда фикр юритамиз.
 
Мадриддаги воқеа аслида қандай содир бўлди?
 
Кучли таркибда Испанияга келган “Ювентус” учта гол фарқ билан олдинга ўтиб олди. Кейин қўшимча бўлимлар келишини кутди.
 
Ўйиннинг асосий бўлимига қўшиб берилган дақиқаларда Бенатия гол уришга яқин келган Васкесни тўхтатиб қолди. Англиялик ҳакам Майкл Оливер эса бу вазиятда ўйлаб ўтирмасдан 11 метрлик нуқтани кўрсатди.
 
Табиийки, бундан қониқмаган “Юве” футболчилари ҳакамга ташланишди. Бу ерда асосий қаҳрамон вазифасини Буффон бажарди. У ҳакамнинг кутилмаган қарорига қарши боришда энг илғорлардан бўлди ва бу ҳаракати учун қизил карточка билан “сийланди”.
 

 

 
Роналду эса унинг ўрнига майдонга тушган Шеснига пенальтидан гол уриб, Буффоннинг Еврокубоклардаги фаолиятини якунлашига ёрдамлашиб юборди.
 
Афтидан, еврофутболнинг янги мавсумида Буффонни футболчи сифатида кўрмаймиз. 40 ёшли дарвозабоннинг “Юве” билан шартномани узайтирмаслиги ва Италия терма жамоаси мураббийлар штабида иш бошлаши кутилмоқда.
 
У узоқ йиллик фаолияти давомида “Ювентус” билан чемпионлар лигаси бош совринига эга чиқишни кутиб яшади Аммо мана сўнгги икки йилда бунга “Реал” ва Роналду йўл қўйиб бермаяпти. Бир сўз билан айтганда, Буффонга ЕЧЛда ғолиб бўлиш насиб этмади.
 
“Бу менинг ЕЧЛдаги сўнгги ўйиним бўлди. “Ювентус” учун эса катта ўйинлар энди бошланади. Фарзандларимга ҳам сўнгги ўйинларини “Сантьяго Бернабеу”да “Реал”га қарши ўтказишларига қаршилик кўрсатмаган бўлардим”, дейди Жанлуижжи Буффон.
 
Буффон ЕЧЛдаги дебютини “Парма”да бошлаган бўлиб, кейинги 20 йил мусобақанинг 100 дан ортиқ ўйинларида майдонга тушди. Уч марта финалда ўйнади, аммо барчасида мағлубият...
 
  • Буффон 2003 йилда илк марта турнир финалида ўйнади. “Милан” билан ўйин пенальтилар сериясига қадар етиб борди ва Буффон дарвозасини қўриқлаган “Юве” таслим этилди – 2:3.
 
  • Орадан 12 йил ўтиб, жаҳон чемпиони ва Европанинг вице-чемпиони бўлишга улгурган Буффон жамоасини финалда “Барселона” тўхтатди. Месси, Суарес ва Неймар “Барса”нинг 3:1 ҳисобидаги ғалабасини таъминлади.
 
  • Ўтган йил эса “Реал” ва Криштиану Роналду “Юве”ни катта ўйинда катта фарқ билан мағлуб этганди – 4:1.
 
Энди барчаси ортда қолди, ҳа, қария Буффонга ЕЧЛда ғолиб чиқиш насиб этмаслиги фактга айланди. Шундай бўлсада, у фаолиятини чиройли якунлаши мумкин. Яъни “Ювентус” Италия чемпионатида кетма-кет еттинчи марта ғалаба қозониш арафасида турибди. Буффон учун бу ғалаба ички чемпионатда олинажак, 11-соврин бўлиши мумкин.
 
Бундан ташқари, Италия кубоги финалида “Милан” мағлуб этиладиган бўлса, посбон учун бу мусобақадаги бешинчи соврин бўлади.
 
Танганинг иккинчи томони ҳам борки, у фақат дарвозада туради, рақиб зарбаларини қайтариш учун маъсул, холос. Қолганлар эса гол уришга, агар голлар киритилмайдиган бўлса, бу ишни қўйингки, Буффон ҳам бажара олмайди. Шунинг учун биргина Буффон эмас ғалаба қозониш учун “Ювентус”нинг барча футболчилари бирдек ҳаракат қилиши керак. Аксига олиб, бояқиш Буффон бу йилги жаҳон чемпионатини ҳам телевизор орқали томоша қилади.
Акмалхон Эшонхонов

Теглар:Жанлуижжи Буффон 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!