...
МЕНЮ
ONLINE TV

“Темур тузуклари” асарида тилга олинган: учинчи шаҳар


16:15, 18.10.2017 Бу қизиқ
 3 061

Шу тариқа Қадимги Бақтрия мамлакати ерлари, ҳозирги Қандаҳор, Вазиробод (Балх) ва Мозори Шариф шаҳарлари атрофидаги ҳудудлар Соҳибқирон Амир Темур салтанатига қўшиб олинади...

“Бу қизиқ” туркуми орқали Соҳибқирон Амир Темурнинг “Темур тузуклари” асарида тилга олинган шаҳарлар ҳақида маълумотлар бериб бораётганимиздан хабарингиз бор.
 
Туркумнинг олдинроқ эълон қилинган мақолаларида биринчи шаҳар — ҳозирда Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманининг маркази ҳисобланмиш Ғузор шаҳри ҳамда Хоразм диёрининг фахр-ифтихори бўлмиш Хива шаҳри ҳақида маълумотларни эъьтиборингизга ҳавола этдик.
 
Учинчи шаҳар. Қандаҳор
 
Ҳозирда Афғонистон Республикасининг жанубида жойлашган Қандаҳор шаҳри — йирик ишлаб чиқариш марказларидан бири саналади.
 
Унда халқаро аэропорт, ўқув масканлари, завод-фабрикалар, музей, тарихий обидалар мавжуд. Аҳолиси 400 минг атрофида, турли миллат ва элат вакиллари истиқомат қилишади.
 
Қандаҳор шаҳри “Темур тузуклари” асарнинг “Биринчи китоб” бўлими, “Салтанатимнинг дастлабки даврида қилган иккинчи кенгашим” ҳикоятида тилга олинган.
 
Соҳибқирон икки юз кишидан иборат қўшинини Бухоро атрофидаги ҳудудларга вақтинча туриш учун тарқатиб юбориб, ўзи Самарқанд шаҳрига етиб келади.
 
У Самарқандда қарийб икки ойча юриб, икки минг кишидан иборат тарафдорларни ўз атрофига тўплайди. Пиёда аскарларни қурол-аслаҳа ҳамда от-улов билан таъминлаб, Амударё бўйига отланади...
 
Бухоро теварагида қолдирган аскарлари ўз етакчилари билан Амир Темур қўшинига қўшилгач, Бохтарзамин ва Қандаҳор ерларини ишғол қилиш учун Ҳилманд дарёси бўйида вақтинчалик қароргоҳ қурдиради.
 
Ҳилманд дарёси ҳозирги кунда ҳам Афғонистон ва Эрон давлатлари ҳудудидан оқиб ўтади. Унинг узунлиги тахминан 1150 км бўлиб, сув ҳавзаси сатҳи 500 минг м2 га тенг. Унинг бошланғич ирмоқлари Ҳиндикуш тоғларидан бошланиб, Сейстон кенгликларида тугайди. Ҳилманд дарёси сувининг бир қисми Эрон ва Афғонистон ҳудудидаги Ҳамун кўлларини тўлдиради.
 
Шу тариқа Ҳилманд дарёси атрофидаги шаҳар-қалъалар, аниқроғи Қадимги Бақтрия мамлакатининг ҳудудлари, бундан ташқари, ҳозирги Қандаҳор, Вазиробод (Балх) ва Мозори Шариф шаҳарлари атрофидаги ҳудудлар Соҳибқирон Амир Темур салтанатига қўшиб олинади.
 
Афғонистоннинг жанубий ҳудудларида қад кўтарган мазкур қадимги шаҳарнинг тарихи милоддан аввалги 330 йилларга бориб тақалади. Тарихчиларнинг таъкидлашича, Македониялик Александрнинг ишғолидан сўнг Қандаҳор шаҳрининг қадимги номлари турли тарихий ёдгорликларда тилга олина бошлаган.
 
Эрамизнинг I асрига келиб эса унинг номи қадимги юнон
адиби Исидор Харакский қайдномаларида Қадимги Юнонистоннинг полисларидан, яъни тобе шаҳарларидан бири дея қайд этилган.
 
Шаҳар 1747–1776 йиллар оралиғида Аҳмадшоҳ бошчилигидаги Афғон давлатининг пойтахти бўлган.
 
1979 –1988 йиллар оралиғида Қандаҳорда Совет Иттифоқининг ҳарбий тузилмалари жойлаштирилган.
2001йилнинг декабрь ойидан “Шимолий альянс” деб номланувчи ҳарбий бўлинма мазкур шаҳар ҳудудига ўрнашган.
 
Марсель Брионнинг Соҳибқирон тилидан ёзилган тарихий-бадиий асарида ҳам Қандаҳор вилоятига ташрифи батафсил баён этилган.
 
Туркум мақолаларни кузатишда давом этинг!
Улуғ БЕК

Теглар:Ўзбекистоннинг қадимги шаҳарлари Темур тузуклари асари Қандаҳор 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!