...
МЕНЮ
ONLINE TV

Видео: “Темур тузуклари” асарида тилга олинган: ўнинчи шаҳар


12:49, 21.10.2017 Бу қизиқ
 3 069

Машҳур фотиҳ, илм-фан ва адабиёт ҳомийси Маҳмуд Ғазнавийнинг бир буйруғи қайд этилади. Айнан шунда Ғазна шаҳри майдонига келтириб ўрнатилган каттакон тош Соҳибқирон томонидан ёд этилади...

Амир Темурнинг “Темур тузуклари” асарида тилга олинган шаҳарларнинг қадимий тарихи ва бугунги кундаги ҳаёти ҳақида қизиқарли маълумотлар, бундан ташқари, шаҳарларга тааллуқли замонавий видеолавҳалар “Бу қизиқ” туркуми орқали бериб борилмоқда...
 
Ўнинчи шаҳар. Ғазна   
 
Ғазна  — Афғонистон Ислом Республикасидаги шаҳарлардан бири. У пойтахт Қобул шаҳридан жануби-ғарбий томонда, Қандаҳор шаҳрига элтадиган йирик автотранспорт йўли бўйида жойлашган. Тоғли ҳудудда қад кўтарган мазкур шаҳарнинг аҳолиси ҳозирги кунда 200 минг киши атрофида.
 
Ғазнанинг шаҳар сифатида бунёд бўлганига оид маълумотлар аниқ эмас. У илк бор у хитойлик тарихчиларнинг VII асрга оид қайдномаларида тилга олинган.
 
Шаҳарнинг гуллаб-яшнаши, яъни унинг муқим истиқомад қиладиган аҳоли уй-жойлари ва савдо карвонларига туташ манзиллари X–XI аср охирига келиб тараққий эта бошлаган.
 
Ғазна шаҳри ва унинг атрофида ўрта асрлардаги ҳарбий юришлар, карвон йўлларининг турли қолдиқларини учратиш мумкин. 962 йилда Ғазнавийлар давлати асосчиси Алп Тегин ўзини Ғазна шаҳрининг ҳукмдори деб эълон қилади.
 
Айнан Ғазна шаҳрида Фирдавсий (941–1025) ўзининг “Шоҳнома”сини ёзиб тугатгани қайд этилган.
 
Ғазна шаҳри “Темур тузуклари” асарнинг “Иккинчи китоб” бўлими, “Салтанатни ўз тасарруфимда сақлаш учун амал қиладиган тузуким” ҳикоятида тилга олинган.
 
Унда Соҳибқирон салтанат қудратини сақлаш борасида ўзига шиор қилиб олган 12 та тузукларни бирма-бир санаб ўтади. Биринчи тузукда ҳукмдор ўз ишини билиб қилиши, салтанатига ҳеч кимни шерик қилмаслик уқтирилади.
 
Иккинчисида — адолатпарварлик улуғланади, учинчисида — ҳукмдорнинг буйруғи далҳсиз экани, тўртинчисида — ҳукмдор қарори ижро этилгунга қадар ўз назоратида бўлиши лозимлиги айтилади.
 
Бешинчи тузукда эса ҳукмдор қарори қайсидир жиҳатдан зарарли ёки ўринсиз деб қабул қилинган тақдирда ҳам у бекор қилиниши мумкин эмаслиги, сўзсиз бажарилиши керак, деб уқтирилади.
 
Мисол тариқасида Ғазнавийлар сулоласи вакили, машҳур фотиҳ, илм-фан ва адабиёт ҳомийси Маҳмуд Ғазнавийнинг бир буйруғи қайд этилади. Айнан шунда Ғазна шаҳри майдонига келтириб ўрнатилган каттакон тош ёд этилади.
 
Ҳозирги кундаги Ғазна шаҳри 2013 йилда ЮНЕСКО томонидан Осиё қитъасидаги ислом маданияти маркази деб эътироф этилди. Унинг ҳудудида тарих ҳақида сўзловчи муҳташам сарой ва тарихий обида иншоотлари, турли даврларга оид мақбаралар мавжуд. Ғазна азалдан ҳунармандчилик, хусусан чилангарчилик маркази ҳисобланган.
 
Азиз мухлислар, туркум мақолалар орқали аввалроқ Соҳибқирон Амир Темурнинг “Темур тузуклари” асарида тилга олинган Ғузор, Бешкент, Хива, Қандаҳор, Мултон, Деҳли, Боғдод, Диёрбакр ва Анқара шаҳарлари ҳақида маълумотлар эътиборингизга ҳавола этилган эди.
 
Туркум мақолаларни кузатишда давом этинг!
Улуғ БЕК

Теглар:Қадимги шаҳарлар Темур тузуклари асари 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!