...
МЕНЮ
ONLINE TV

Видео: “Темур тузуклари” асарида тилга олинган: олтинчи шаҳар


20:31, 19.10.2017 Бу қизиқ
 3 723

Амир Темур лашкарига Деҳли султони 50 мингта отлиқ ва пиёда аскар, 120 та жанговар филлар билан қаршилик кўрсатади...

Азизлар, “Бу қизиқ” туркуми давом этади! Унда Соҳибқирон Амир Темурнинг “Темур тузуклари” асарида тилга олинган шаҳарларнинг қадимий тарихи ва бугунги кундаги ҳаёти ҳақида қизиқарли маълумотлар, бундан ташқари, уларга илова тарзда замонавий шаҳарларга тааллуқли видеолавҳалар бериб бормоқдамиз.
 
Олтинчи шаҳар. Деҳли   
 
Ҳиндистон пойтахти — Деҳли шаҳрининг тарихи тахминан эр. авв. XIII–XII асрларга бориб тақалади.
 
“Маҳобхорат” эпосида мазкур шаҳарнинг номи “Ҳиндрапрастха” (“Ҳиндрапат”) сифатида тилга олиниб, у машҳур Ганга дарёсининг йирик ўнг ирмоғи бўйида қад кўтаргани қайд этилган.
 
Ҳозирда мазкур шаҳар иккита: Янги Деҳли ва Кўҳна Деҳли ҳудудига ажратилган бўлиб, унда 11 миллиондан зиёд кишилар истиқомад қилишади. Деҳли 1206 йилда Деҳли Султонлигининг маркази бўлган.
 
Амир Темур Деҳли шаҳрини 1398 йил 18 декабрь санасида забт этган. Соҳибқирон ҳинд юртига қўшин торгунга қадар унда Туғлуқийлар сулоласига мансуб Султон Маҳмуд, яъни Султон Носириддин Маҳмудшоҳ II ҳукмдорлик қилган.
 
Амир Темур лашкарига у 50 мингта отлиқ ва пиёда аскар, 120 та жанговар филлар билан қаршилик кўрсатган.
 
Деҳлини ва унинг атрофидаги ҳудудларни ўз салтанатига қўшиш учун Соҳибқирон жангчилари қарийб бир йил давомида турли тўқнашувларни бошдан кечиришади. Ниҳоят Деҳли султони тоғ томонга қочиб, Темурийлар давлати сарҳадларига киритилади.
 
Бу ҳақда “Темур тузуклари” асарининг “Деҳли ҳокими Султон Маҳмуд ва Маллухонларни енгиш бобидаги кенгашим” ҳикоятида тилга олинган.
 
Деҳли шаҳри 1526–1527 йилларда Бобурийлар империяси тасарруфига киритилган. Бу ҳақда Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома” асарида қайд этилган.
 
1530–1540 йилларда Деҳли шаҳри Бобур ўғли Ҳумоюн мирзо қўлига ўтади. 1803 йилга келиб Деҳли инглизлар томонидан истило қилинган.
 
1857–1859 йилларда Деҳли шаҳри ва ҳинд диёрининг бошқа ҳудудларида инглиз мустамлакачиларига қарши қўзғалонлар бўлиб ўтади.
 
1947 йилга келиб Ҳиндистон ўз мустақиллигига эришганидан буён Деҳли мамлакатнинг марказий шаҳри сифатида фаолият юритмоқда.
 
Марсель Брионнинг “Менким, Соҳибқирон — жаҳонгир Темур” асарида Амир Темурнинг Ҳинд заминига ҳарбий юришлари жуда қизиқ воқеалар баёни билан тасвирланганини кўришимиз мумкин.
 
Азиз мухлислар, туркум мақолалар орқали аввалроқ “Қашқадарё вилоятидаги Ғузор ҳамда Бешкент шаҳарлари, бундан ташқари, Хоразм диёридаги Хива, қўшни Афғонистон Ислом Республикасидаги Қандаҳор ва Покистон Ислом Республикасидаги Мултон шаҳарлари ҳақида маълумотлар эътиборингизга ҳавола этилди.
 
Туркум мақолаларни кузатишда давом этинг!
Улуғ БЕК

Теглар:Қадимги шаҳарлар “Темур тузуклари” асари 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!