Ўзбекистонда ҳам Испания футболи андозалари асосида иш олиб бориш йўлга қўйилади.
Келишувга асосан бугун, 22 май куни Ўзбекистонга “Қироллик клуби” академиясининг менежерлари Андрес Антонио ҳамда Хуан Паблолар ташриф буюрди. Умид Аҳмаджонов “Реал Мадрид” академияси менежерлари билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда ЎФА Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Учрашувда “қироллик клуби”нинг Real Madrid Foundation Clinic дастури асосида “Реал Мадрид”да фаолият юритаётган мураббийларни Ўзбекистонга олиб келиш, улар иштирокида футбол мактабларида машғулотлар ўтказиш, футболчилар билан ишлаш жараёнлари ҳақида ўз тажрибалари билан ўртоқлашиш масалалари муҳокама қилинди.
Умид Аҳмаджонов Испания футболи бугунги кунда бутун жаҳонда ўз ўрнига эга эканлиги, Ўзбекистонда ҳам Испания футболи андозалари асосида иш олиб бориш йўлга қўйилишини маълум қилди. Шунингдек, “Реал Мадрид” академиясидан ташриф буюрадиган мутахассислар учун ЎФА томонидан барча шарт-шароитлар муҳайё қилиниши, асосий мақсад “қироллик клуби” академияси иш тажрибасини ўрганиш, у ерда фаолият олиб бораётган мутахассислардан Ўзбекистонда футболни ривожлантириш борасида тегишли маслаҳатлар олиш экани таъкидланди.
Ўз ўрнида Андрес Антонио Ўзбекистонга ташриф буюрганидан жуда хурсанд экани ва ЎФА билан ҳамкорликни йўлга қўйган ҳолда, бу ерда футболнинг ривожига ҳисса қўшишга тайёр эканликларини маълум қилди.
Эртага испаниялик мутахассислар “Бунёдкор” клуби стадионига ташриф буюриб, у ердаги шарт-шароитлар билан танишади. Шунингдек, соат 11:00 да улар иштирокида ОАВ вакиллари учун матбуот анжумани ташкил қилинади.