Расмий Анқара Гуленни қайтариш бўйича бир неча бор Оқ уйга мурожаат қилди. Бакир Бўздоғ ушбу ҳолатга изоҳ берди.
Сайт раҳбари Қамариддин Шайхов Туркия Республикаси Бош вазири девони ҳузуридаги Матбуот ва ахборот бошқармасида бўлиб, Туркия Республикаси Адлия вазири Бакир Бўздоғ билан кўришди.
Қамариддин Шайхов, “Qalampir.uz” сайти раҳбари:
– Бакир Бўздоғга Ўзбекистонда келган журналистлар жамоаси эканимизни айтганимизда, юзида самимий ва илиқ табассум пайдо бўлиб, Ўзбекистон халқига саломларини етказишимизни сўради. Бу ҳам бўлса, Туркия ҳукуматининг Ўзбекистон Республикасига бўлган ҳурмати ва эътиборидан далолатдир. Зотан, Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг ўтган йил ноябрь ойида Самарқандга қилган ташрифи ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан билан ўтказган учрашуви Ўзбекистон-Туркия муносабатларида янги саҳифа очди.
Вазир 2016 йилнинг 15 июль воқеаларига эътибор қаратар экан, бунда халқ иродаси, халқнинг бирдамлиги алоҳида аҳамият касб этгани, бузғунчи кучлар айнан халқнинг бирдамлиги билан таслим қилинганини эътироф этади.
Бўздоғ ўз маърузасида АҚШ, Европа ва Осиё мамлакатларининг Туркияда амалга оширилган тўнтаришларда тутган ўрнига алоҳида тўхталди. Маълумки, Туркиядаги тўнтаришларга бош-қош бўлган ФЕТО террорчилик гуруҳи раҳнамоси Фатхуллоҳ Гулен бир неча йиллардан буён Пенсильвания штатида истиқомат қилади. Расмий Анқара Гуленни қайтариш бўйича бир неча бор Оқ уйга мурожаат қилди. Бакир Бўздоғ бу ҳақда гапирар экан, шундай дейди:
“Туркиядаги давлат тўнтаришига уринишлар бесамар кетгандан сўнг, Европа баёнот берди, унгача ҳеч ким миқ этгани йўқ. Биз Европа парламентини кўп огоҳлантирдик, аммо Европа ҳамон вазиятга муносабатини билдирмаяпти. АҚШ эса Гуленни қайтармади. АҚШ ва Европа учун Усама бин Ладен қанчалик хавф туғдирган бўлса, Туркия учун Гулен шунчалик хавфлидир. Агар АҚШ ва Европа бизнинг огоҳлантиришларимизга бефарқ қараса, 20 йилдан сўнг бундан ҳам ёмон аҳволга тушади”.
Туркия Республикасининг Анқара шаҳрига ташриф давом этади. Бизни кузатишдан тўхтаманг.