...
МЕНЮ
ONLINE TV

“Персеполис” мураббийи: “Эртага Ўзбекистоннинг энг кучли жамоаси билан ўйнаймиз”


20:37, 12.02.2018 Спорт
 4 463

“Насаф” жамоаси эртага Эронда “Персеполис” жамоасига қарши баҳс олиб боради.

Эртага, 13 февраль куни Қаршининг “Насаф” жамоаси Эрон Ислом Республикасида Осиё чемпионлар лигасининг 1-туридан ўрин олган “Персеполис” жамоасига қарши баҳс олиб боради.
 
Бугун, 12 февраль куни Теҳрон шаҳридаги Эрон Ислом Республикаси футбол Федерациясида ўйинолди матбуот анжумани бўлиб ўтди.
 
Матбуот анжуманининг дастлабки қисмида “Насаф” жамоаси устози Рўзиқул Бердиев ҳамда ҳимоячи Одилжон Ҳамробеков иштирок этиб, ўйин олди фикларини айтиб ўтишди.
 
Рўзиқул Бердиев: Аввало ассалому алайкум. Эртага биз кучли рақиб билан ўйнаймиз, шунингдек учрашув рақибимиз майдонида бўлиб ўтади. Бунга қарамасдан биз эртага яхши ўйинимизни намойиш қиламиз ва албатта биз учун муҳим бўлган ижобий натижа учун ўйнаймиз.
 
Олдимизда дастлаб гуруҳ босқичига вазифаси турган эди, биз плей оффда кучли рақиб билан баҳс олиб бордик ва мақсадимизга эришдик.
 
Энди биз гуруҳ босқичида иштирок этаяпмиз, гуруҳимизда кучли жамоалар йиғилишган. Жамомизда кўплаб ёш футболчилар тўп тепишади.
 

 
Уларда иштиёқ жуда кучли ва эртага бўладиган ўйин улар учун синов вазифасини ҳам ўтаб беради. Биз рақибни яхшилаб ўргандик ва футболчиларимизга керакли кўрсатмаларни бердик.
 
Бизни дуранг қониқтирадими? Футболчиларимиз ҳужумкор ўйинни яхши узлаштиришган, юқорида таъкидлаганимдек, эртага ижобий натижа учун майдонга тушамиз.
 
Биз эртага ҳимоявий ўйин ўйнаймизми ёки ҳужумкор ўйин? Бу борада юқорида фикримни айтиб кетдим.
 
“Насаф” ҳимоявий ўйинни ёқтирмайдиган жамоа ҳисобланади. Агар ҳужум қилмасанг гол ҳам ура олмайсан ва керакли натижага ҳам эриша олмайсан. Албатта ҳимоя ҳам керак, аммо биз эртага 90 дақиқа ҳимояда ўйнамоқчи эмасмиз.
 
Одилжон Ҳамробеков: Биз Эронга шунчаки келмадик. Мақсадимиз юқори. Ўйлайманки, биз эртага ўз ўйинимизни ўйнаймиз ва ижобий натижага эришамиз.
 
Ўзбек футбол ишқибозлари биздан эртага ҳам ғалаба кутаяпти, биз уларни хурсанд қилмоқчимиз.
 
Ҳамробековга савол: Билсангиз “Персеполис”да кучли ҳужумчилар бор, ҳимоячи сифатида бунга тайёрмисиз?
 
-Биз рақибни яхши ўргандик ва мураббийимиздан керакли кўрсатмаларни ҳам олдик. Рақиб жамоада кучли ҳужумчилар бўлса, бизда кучли ҳимоячилар бор.
 

 
Бердиевга савол: Эртага “Озодий”да кўпминглаб мухлислар ташриф буюришади. Сизда асосан ёш футболчилар кўп. Бу ҳолат уларни гангитиб қўймайдими?
 
-Бу ҳолат бизнинг ёш ўйинчиларга рағбат бўлар эди. Қани энди стадион мухлисларга тўлиб тошса. Футболчилар бундан фақат куч олишади. Биз учун бу ёқимли бўлар эди. Сўзимни охирида ҳаммаларингизга ташаккур билдираман.
 
Матбуот анжуманининг навбатдаги қисмида мезбон жамоа устози Бранко Иванкович ва жамоа ўйинчиси Али Алипурлар иштирок этишди.
 
Бранко Иванкович: - Мана ниҳоят Осиё чемпионлар лигаси баҳсларига ҳам етиб келдик. Бу йилги ОЧЛ баҳслари одатдагидан эртароқ бошланмоқда. Бу мусобақани бошланиши билан барчаларингизни табриклайман.
 
Умид қиламизки, футбол ишқибозлари бизни эртага “Озодий”да яқиндан қўллаб-қувватлашади ва жамоамизнинг 12-ўйинчиси сифатида бизга ёрдам беришади.
 
Ўзингиз биласиз, биринчи ўйин доимо қийин бўлади. Кўп нарса шу биринчи ўйинга кўпроқ боғлик, дастлабки ўйинда ғалабага эришиш, кейинги ўйинларни анча осонлаштиради. Такрор айтаман, биринчи ўйин ҳамиша оғир бўлади. Ўйинда ҳар қандай натижа бўлиши мумкин.
 
Биз эртага кучли рақибларимиздан бири билан ўйнаймиз. Футболчиларимиз ўйинда диққатларини йўқотмаслиги талаб этилади. Биз “Насаф”нинг ўйинларини кўриб, таҳлил қилдик.
 
Жамоа жуда яхши шакллланган. Кейинги ўтказган беш ўйинининг тўртасида ғалаба қозонган. Айниқса, кейинги бўлиб ўтган “Пахтакор” ва “Ал-Файсали” билан бўлиб ўтган ўйинидан, бу жамоа нималарга қодирлиги бизга аён бўлди.
 
“Насаф”  Ўзбекистоннинг энг кучли тўртта клубидан бири саналади. Жамоа сафида кўплаб  мамлакат терма жамоасида ўйнайдиган футболчилар бор.
 
Бундан ташқари легионер футболчилари ҳам жуда маҳоратли саналади. Масалан, ҳамюртим Драган Черан жуда кучли ҳужумчи, шунингдек Славко Лукич ҳам Сербиянинг энг кучли клубида тўп тепган ўйинчидир.
 
 Бу футболчилар биз учун жуда хавфли ҳисобланишади. Бир сўз билан айтганда, биз эртага кучли рақибга қарши майдонга тушамиз.
 
“Персеполис” футболчилари эртага бўладиган ўйинга тайёр, ҳамма соғ саломат. Эртага ўйин пайти ёмғир ёғиши кутилмоқда, биз бундай  об-ҳавога ҳам тайёрмиз.
 
Али Алипур: - Биз ўйинга яхши тайёрландик, эртага ғалаба учун ўйнаймиз.
 
Шунингдек, матбуот анжумани олдидан ҳар иккала клуб менеджерлари ва расмийлари иштирокида митинг бўлиб ўтди.
 
Митингда эртанги учрашувда жамоалар қайси либосларида майдонга тушишлари ҳақида ҳам келишиб олинди.
 
Демак, мезбонлар қизил рангли либосларда майдонга тушади. “Насаф” эса кўк либосларда майдонга тушади.
 
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, “Персеполис” – “Насаф” учрашуви эртага Тошкент вақти билан 18:45 да бошланади.
Акмалхон Эшонхонов

Теглар:Насаф Персеполис ОЧЛ 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!