...
МЕНЮ
ONLINE TV

“Ўғлим бемор, дорига пул керак” ёхуд “замонавий бизнесмен”лар фирибгарлиги


17:06, 07.11.2017 Жамият
 8 969

Хабар тарқатаётган “муҳтожлар” ҳақиқатдан ҳам беморми?! Айрим сохта мурожаатларнинг кўча-куйда тиланчилик қилиб “жиғингга тегаверадиган” лўлилардан нима кам жойи бор?

Ёдингизда бўлса, бундан аввалроқ бир навоийлик онахоннинг видеомурожаатини эътиборингизга ҳавола этган эдик. Мақолада мурожаат эгаси “бундай вазиятга” қандай тушиб қолган бўлиши мумкинлигини таҳлил этишга уринган эдик (онахонни фирибгарликда айбламадик). Бироқ ушбу мақола хусусида мутасадди ходимлардан на таҳририятга “бир парча” мактуб, на “бир дақиқалик” қўнғироқ бўлди!
 
Муаммо очиқ қолди, бироқ мавзу давом этади...
 
Бугунги глобаллашув жараёни, яъни “техника асри” барча имкониятлардан унумли фойдаланишимизни тақазо этмоқда. Бундан кўринадики, ҳам вақтимиз, ҳам нақдимиз тежалади. Ҳатто саҳоватпеша халқимиз учун эҳсон қилиш бирмунча осонлашди, десам адашмаган бўламан.
 
Сизга ижтимоий тармоқлар орқали “Фалончи жияним касал, дорига пул йўқ”, ёки, “Менинг фарзандимга зудлик билан қон керак” деб ёзиб хабар остига манзил, банк пластик карточка сурати, телефон рақамини қолдириб, “саҳоватпеша инсонлар кўмагига муҳтожмиз” мазмунидаги маълумотлар келган, келмаган бўлса, қулоғингизга чалинган, тўғрими?
 
Аммо, хабар тарқатаётган “муҳтожлар” ҳақиқатдан ҳам беморми?!
 
Рост бўлса, нега тегишли идораларга мурожаат қилишмаган?
 
Мурожаатларнинг аксарияти сохта, фирибгарлик эмасми?
 
Айрим сохта мурожаатларнинг кўча-куйда тиланчилик қилиб “жиғингга тегаверадиган” лўлилардан нима кам жойи бор?
 
Аввалига соддалигим тутибми ишондим, қани энди қўлимда бўлса-ю ёрдам берсам, деб ўйлаб юрдим. Шу пайт қўл телефонимга “Ўн саккиз ёшли ўғлим автоҳалокатга учради, унга зудлик билан қон керак” мазмунидаги хабар келди. Рости, укам кўз олдимга келиб кетди, укам тенги йигит экан дедим-у қон бериш мақсадида кўрсатилган рақамга қўнғироқ қилдим. Гўшакни олган йигит мендан “қизамиқ”, “сариқ касал” бўлмаганмисиз каби саволларни берди. Саволга жавоб олганидан сўнг, соат ўн бирларга барчамиз биладиган “Янги ТошМИ”га келишимни айтди.
 
Белгиланган вақтда яна сим қоқиб, “Етиб келдим” десам, “Узр, вақтим йўқ эди, эртага келоласизми?” деди-ю гўшакни қўйиб қўйди! Ичимдаги шубҳа “болалади”!
 
Агар ҳақиқатдан ўғлига қон керак бўлганда “бугун келинг”, “эртага келинг” деб вақт ўтказармиди ота, жигаргўшасига қандай қилиб бўлса ҳам тезроқ шифо топилиши учун ҳар қандай нарсага тайёр бўлар эди. Хулоса чиқаришга шошилмасдай бу борада кўпчиликнинг фикрини қандай, эътибор қаратайлик-чи...
 
Шоира Исақова, психолог:
– Ижтимойи тармоқлар орқали тарқаётган бу каби хабарлар, айримларнинг “янги бизнес” қилиш “усули”га айланмоқда. Тўлиқ манзилни жойлаштиради ва ғойибдан мўмайгина пул келишини кутиб туради. Аммо хабар тарқатганларнинг ҳаммасини фирибгарликда айблаб бўлмайди. Яқинда ўзим Facebook орқали шахсий постимда Тошкент вилоятининг Бўка туманида яшовчи, юрагидан жарроҳлик муолажасини ўтказган ёш йигитга моддий ёрдам берилишини сўраб ёзганман. Бироқ ундан аввал йигитнинг уйи, маҳалла фуқаролар йиғини, туман ҳокимиятига мурожаат қилиб, ҳақиқатдан касаллигини аниқлаб, оилавий аҳволини тўлиқ ўрганганман.
 
Тахминан икки ой аввал талабалар орасида кимдир “биз ҳам пахтага борар эканмиз. Яна қаерга денглар, фалон вилоятнинг энг чекка туманига” деса, хонада ўтирган бир йигит “Ҳа, бир ўйнаб келарканмиз-да, ижтимоий тармоққа “касалман, ёрдам керак”, деб ёзсанг, ўз-ўзидан пул оқиб келади” дейди.
 
Баданим жимирлаб кетди!!!
 
Наҳотки бўлажак олий маълумотлилар шундай фикрласа, ростдан касал бўлиб қолса нима бўлади? Умуман, тенгдошларимизни “маънавий касаллик”ка чалинишларига сабаб нимада?
 
Мунира Исомиддинова, педагог:
– Аввало, бу нарса оиладаги тарбияга боғлиқ. Талабаларнинг аксари бўш вақтини мазмунли ўтказмайди, уйида эса унга эътибор кам, назорат деярли йўқ, бекорчиликдан, дангасаликдан турли ишлар келиб чиқаверади.
 
Шундай мазмунда ижтимоий тармоқлар орқали ёрдам сўраган Гулнора Ғуломованинг (исми ўзгартирилган) хатида юқори ташкилотларга хабар берилгани ёзилган. Ариза муаллифига айнан қайси ташкилотларга ва қачон мурожаат қилганлигини сўрасак, аниқ бир гап айта олмади. Демак, ҳеч қандай ташкилотга мурожаат қилинмаган, деб хулоса қилиш мумкин.
 
Одамларнинг раҳмини келтириш мақсадида, ҳеч қайси ташкилотга хабар бермай, аммо ташкилот номига лой чаплаётган юртдошларимиз ҳам афсуски йўқ эмас.
“Юқори ташкилотлардан жавоб хати келмайди барибир” дегувчилар кўплаб топилади.
 
Хўш, нега жавоб келмайди? Аввало, муаммо юзасидан айнан қайси ташкилотга хабар бериш лозимлигини ҳаммамиз ҳам биламизми? Менимча, йўқ. Тегишли ташкилотлардан мурожаатларимизга қонуний чора кўрилишини, яъни мушкулимиз осон бўлишини талаб қилишга ҳаққимиз бор-ку, нега талаб қилмаймиз? Бу бизнинг ҳуқуқий саводхонлигимиз етарли эмаслигидан далолат, тўғрими?
 
Ҳуқуқини яхши билиб, керакли жойга ариза билан мурожаат қилган беморлар, гарчи айрим ҳолатларда “шикоятчи” деган дашномларга қолса-да, аста-секин чора, яъни шифо топмоқда. Масалан, Қашқадарё вилоятида яшовчи Бахтинисо Маҳмудовани олишимиз мумкин. Фуқаро Тошкент шаҳрига келтирилиб, керакли муолажаларни олгандан сўнг ўз вилоятига юборилди.
 
Демак, имкониятлар тобора кенгайиб бормоқда. Соғлом бўла туриб, ижтимоий тармоқларда ўзимизни “бемор” қилиб кўрсатишни бас қилайлик!
 
Билсангиз агар, сохта мурожаатлар орқали “ёрдам пули йиғиш” ҳам фирибгарликнинг бир тури! Фирибгарлик — жиноят ва у жазога тортилиши муқаррар!
 
Моддий ёрдам бермоқчи бўлган азиз юртдошлар, аввал кимга ёрдам бераётганимизни билиб, сўнг саховат йўлини тутсангиз, нур устига аъло нур бўлар эди. Зеро, ҳақиқий ёрдамга муҳтож инсонлар қолиб, “замонавий бизнесмен”ларнинг бойишига хизмат қилмайлик!
Шоҳсанам Нишонова,
ЎзДЖТУ халқаро журналистика факультети талабаси

Теглар:Ижтимоий тармоқ Фирибгарлик Талабалар 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар

Маликахон
09:04 08.11.2017

Катта рахмат, нихоят жудаям долзарб мавзу хакида ёзибсизлар.Рости кейинги пайтда телевидениеда хам шу мавзу, ёрдамга мухтожлар шунака купайиб кетдики, нега яшаш учун , рузгор бокиш учун аввалдан харакат килмай шу ахволга тушгунча кутиб туришадими?Кимирлаган кир ошар деган макол бор, харакат ва мехнатдан кочмаган кишини ризкини Олло бериб турибди, свет ва газини ,хатто йиллаб туланмаган солигини махалла ёки хокимиятга арз килиб тулатаётган текинхурларни куриб тугриси нафратлани кетдим.Карзинг шууунча булгунча нега харакат килмайсан.Тадбиркорлар хам ердан супуриб олаётгани йук буларни хаммасига тулаб беиб,менимча вазиятни чукуррок урганиб ёрдамни кейин бериш керак,ишласин жон койитиб маблаг топсин албатта огир касалликка чалинган ёки хаикатдан мухтожлар бундан мустасно.



Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар