Жамоанинг ўйинидан қониқиш ҳосил қилмаган Гарри Невилл ярим ҳимоячи Жоау Канселу ўрнига асли “Реал”га тегишли бўлган ва бир неча кун олдин ижара асосида клуб таркибига қўшилган Денис Черишевни майдонга туширишга қарор қилади.
Мазкур ўйиннинг 58 дақиқасида “Валенсия” таркибида ўзгариш амалга оширилди. Жамоанинг ўйинидан қониқиш ҳосил қилмаган Гарри Невилл ярим ҳимоячи Жоау Канселу ўрнига асли “Реал”га тегишли бўлган ва бир неча кун олдин ижара асосида клуб таркибига қўшилган Денис Черишевни майдонга туширишга қарор қилади. Буни пайқаган мухлислар эса россиялик футболчининг номини айтиб ҳайқиришади ва уни олқишлашади.
Ушбу вазият юзасидан кўпчиликка изоҳ шарт бўлмаса керак. Шундай бўлсада, маълумот учун эслатиб ўтамиз: жорий мавсумда “Реал” клубининг Испания кубогини тарк этишига айнан ушбу футболчи билан боғлиқ можаро сабаб бўлганди. Ўтган йилнинг 3 декабрь куни мазкур турнирнинг нимчорак финал босқичида “Кадис” жамоасига қарши ўйнаган “Реал” клуби 1:3 ҳисобини қайд этиб ғалабага эришган эди. Аммо мадридликлар бош мураббийи Рафаэль Бенитес таркиб танлашда қўпол хатога йўл қўяди. Аниқроғи, у Денис Черишевни ҳам дастлабки дақиқалардан майдонга туширишга қарор қилади. Ваҳоланки, россиялик футболчи Испания кубогининг олдинги мавсумида собиқ клуби “Вильярреал” таркибида олган сариқ карточкалари сабабли ушбу баҳсда иштирок этиш ҳуқуқига эга эмасди. Бундан бехабар Бенитес шу тариқа “қовун туширади”. Ўз навбатида “Кадис” клуби раҳбарияти мусобақа регламенти бузилганини рўкач қилиб, “Реал”ни мусобақадан четлатилишини сўраб Испания футбол иттифоқига мурожаат йўллайди. Бу эътироз қондирилади ва “Реал” муддатидан олдин турнирдаги иштирокини тугатишга мажбур бўлади.