Очилиш маросимида Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Абдулла Арипов иштирок этди.
Шаҳардаги “Сўғдиёна” стадионида катта спорт байрами – “Баркамол авлод-2017” финал мусобақаларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Жиззах вилояти ҳокими Улуғбек Узоқов академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларининг “Баркамол авлод-2017” спорт ўйинларини очиб берди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Баркамол авлод-2017” спорт ўйинлари иштирокчиларига табригини Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султонов ўқиб эшиттирди.
Сўнг Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янгради.
Давлат байроғи кўтарилди.
“Баркамол авлод-2017” спорт мусобақалари иштирокчилари бўлажак беллашувларда ҳалол ва муросасиз курашишга тантанали қасамёд қилдилар.
Стадионга Тошкент вилоятининг Паркент туманида жойлашган “Физика-Қуёш” илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси Материалшунослик институтининг қуёш ўчоғидан аланга олдирилган “Баркамол авлод-2017” спорт ўйинларининг машъаласини кўтарган йигит ва қиз кириб келди. Спорт ўйинлари оловини бокс бўйича икки карра Олимпия ўйинлари иштирокчиси Хуршид Тожибоев ва дзюдо бўйича Осиё чемпиони Ирода Абдураҳмонова ёқди.
“Баркамол авлод-2017” спорт мусобақалари ўйинларининг тантанали очилиш маросими катта концерт дастури билан якунланди.
“Баркамол авлод-2017” спорт мусобақаларининг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Абдулла Арипов иштирок этди.