14 январь куни хонанда Зоҳиршоҳ Жўраев узоқ танаффусдан сўнг куйлаган “Мама” номли қўшиғига ишланган видеоклипининг тақдимот маросимини ўтказди.
14 январь куни хонанда Зоҳиршоҳ Жўраев узоқ танаффусдан сўнг куйлаган “Мама” номли қўшиғига ишланган видеоклипининг тақдимот маросимини ўтказди. Тақдимотга ўзбек эстрадаси ва кино оламининг кўзга кўринган вакиллари – Ўзбекистон халқ артистлари Лутфулла Саъдуллаев, Мирза Азизов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Элмурод Исломов, Гулчеҳра Саъдуллаева, Мавлуда Асалхўжаева, Тожибар Азизова, Ҳосила Раҳимова, хонандалар Манзура, Ирода Дилроз, Муниса Ризаева, Амира Алибекова, Ягона, “Уммон” гуруҳи, актрисалар Зуҳра Солиева, Дилноза Кубаева, Шаҳзода Муҳаммедова, Муқаддас Саъдуллаева ташриф буюришди. Кечани истеъдодли сухандон Нилуфар Сотиболдиева олиб борди.
Саҳнага таклиф қилинган Зоҳиршоҳ Жўраев қўшиқлар гулдастасини “Ягонамсан”дан бошлади. Жонли мусиқа, жонли ижродаги кичик концерт дастури давомида хонанданинг “Мама” номли қўшиғига ишланган видеоклип катта мониторда намойиш этилди. Клип намойишига қадар Зоҳиршоҳ қўшиқ тарихига тўхталиб ўтди. “Бу қўшиқни бундан 30 йил аввал дадам куйлаган эдилар. Доғистон халқ шоири Расул Ҳамзатовнинг шеъри асосида айтилган бу қўшиқни отам каби куйлай олмадим деб ўйламайман”, – дейди хонанда.
Бир сўз билан айтганда, қўшиқ йиғилган барча меҳмонларга бирдек манзур бўлди. Клипмейкер Дилмурод Агзамов томонидан суратга олинган клип эса уни томоша қилган кишининг юракларини ларзага келтириши турган гап. Клипда она тимсолида тинчликнинг олий неъмат экани тасвирланган.
Сўнгги йиллардаги ижодий танаффус Зоҳиршоҳ Жўраевга анча қўл келган кўринади. Унинг ижоди ана энди айни қийғос гуллаган дарахт сингари гуркирабди. Овоз имкониятлари сезиларли даражада ортибди. Хонанда нафақат ўз қўшиқларини, балки, отаси Шерали Жўраевнинг қўшиқларини ҳам маҳорат билан куйлаб, устазода санъаткор номига лойиқ эканини томошабинлар қаршисида исботлади. Шундан сўнг саҳнага Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраев таклиф этилди. Устоз санъаткорни йиғилган меҳмонлар тик турганча, қарсаклар билан кутиб олишди. Шерали Жўраев кенжа ўғли Зоҳиршоҳ “Мама”ни ўзидан ҳам яхшироқ куйлаганини айтиб, унга омад тилади.
Йиғилганлар ундан қўшиқ куйлаб беришини сўрашгач, Шерали Жўраев меҳмонларнинг илтимосларини ерда қолдирмай “Дунёга тинчлик беринг” ва “Ўзбегим” номли узоқ тарихга эга бўлган қўшиқларини куйлаб берди.
Шу ўринда “Дунёга тинчлик беринг” қўшиғига тўхталсак: Йиллар ўтса-да Шерали Жўраевнинг ушбу қўшиғи ўз кучи ва долзарблигини йўқотмай келяпти. Тақдимотга йиғилганлар бунга яна бир бор амин бўлган бўлса ажабмас. “Дунёга тинчлик беринг”. Бу қўшиқда тинчликсевар халқимизнинг азалий қадриятлари, юрагидаги гаплари ўз ифодасини топгандек. Қўшиқни тинглай туриб дунёнинг турли бурчакларида бўлаётган қирғинбаротлар, урушлар, фарзандидан ажраган оналар доди, ўқ товушидан зир титраган фалакнинг авзойи, хуллас ҳамма ҳаммаси кўз ўнгингиздан худди кино лентасидек ўтади.
Зоҳиршоҳ отасининг ҳам, йиғилган меҳмонларнинг ҳам ишончини оқлади. Уни қутлаб сўзга чиққан эстрада ва кино оламининг таниқли вакиллари “Мама” қўшиғи ҳақида чиройли фикрлар билдиришди. Кўрамиз, халқ хонанданинг янги қўшиғини ва клипини қандай кутиб олади?
Дарвоқе, Зоҳиршоҳ саҳнада турса ҳам “юлдуз”ликка даъво қилмаяпти. Унда томошабинлар қаторида ўтирган эстрадамиз “юлдуз”лари каби манманликни, ҳаволаниб осмонга сакрашни сезмадик. Жонли ижрода айтиш уёқда турсин, эплаб қўшиқ айта олмаётган хонандалар бугунги тақдимотдан тўғри хулоса чиқаришса мақсадга мувофиқ бўларди.
Фотомухбир Дониёр Қаюмов