Минглаб британияликлар ёнғин жабрдийдалари учун 2 миллион фунтдан ортиқ маблағ тўплашди.
Нашр мухбирлари бинода яшаган ва айни вақтда тақдири номаълум бўлган кишиларнинг яқинлари билан суҳбатлашди. 23 қаватга 3 ой аввал кўчиб келган ёш жуфтликнинг ҳикояси ҳар қандай инсон юрагини жумбушга келтириши мумкин.
Фалокат содир бўлган 14 июнь тунида 27 ёшли Глория Тревисан ва Марко Готарди ота-оналарига қўнғироқ қилишга улгуришган. Улар телефон орқали ота-оналарини яхши кўришларини айтишган. Шундан сўнг алоқа узилган ва ёшларнинг ота-оналари улар билан қайта боғлана олишмаган. Аслида бу ёш жуфтлик архитектура йўналишида ўқишни тамомлаб, ишлаш учун Италиядан Лондонга 3 ой аввал кўчиб келишган экан.
Яна бир оила бинонинг 14-қаватида яшаган. Зайнаб Дин исмли ёш она ёнғин юзага келганида уйда 2 ёшли ўғли билан ёлғиз бўлган. У акасига қўнғироқ қилиб, фожиа ҳақида айтган. “Чамаси тунги соат 2:00 эди. У қўнғироқ қилиб, йиғлаганча ёнғин бўлганини ва уйни тутун қоплаганини айтишга улгурди, холос”, дейди марҳуманинг акаси.
Мазкур бинода яшаган Жене Шаво ва Паулос Петакл икки ўғли Исаак ва 3 ёшли Лукасни хавфсиз жой дея қўшнисининг уйида қолдиришган. Айни вақтда ота-она фарзандлари тириклигига ишонган ҳолда уларни қидирмоқда. Қўшниси ёнғин вақтида тутун сабаб болаларни уй ичида йўқотиб қўйганини айтган.
Яна бир оила – эр-хотин Қодир ва уларнинг 13 ёшли Яҳё, 12 ёшли Фирдавс, 6 ёшли Ёқуб бинонинг тепа қаватида яшашган. Куни кеча бино қаршисига Фирдавс ва Яҳёни топишга ёрдам беришга чақирув битилган плакат осиб қўйилган.
Фараҳ Ҳамдам, Умар Белкади ва уларнинг 6 ойлик чақалоғининг тақдири номаълум. Бу оиланинг яқинлари пойтахтнинг барча шифохоналарида бўлиб, уларнинг икки қизини топишди, аммо ўзларини ва жажжи гўдакни топа олишмаган.
Шу бинода яшовчи 12 ёшли Жессика Урбанони охирги марта 20-қаватда кўришган. У бошқа одамлар билан бирга фавқулодда зинада бўлган вақтида холасига қўнғироқ қилиб, юз берган воқеа ҳақида хабар беришга улгурган. Бу вақтда унинг онаси ишдан қайтаётган бўлган. Қизнинг яқинлари унинг суратларини ижтимоий тармоқлар орқали тарқатиб, топишда ёрдам сўрашмоқда.
65 ёшли Тони Диссон бинонинг 22-қаватида яшаган. Фалокат юз берган вақтда у ваннахонада туриб, ёрдамга чақирган. “У ваҳимага тушиб қолган эди”, дейди қўшнилардан бири. 4 фарзанднинг отаси бўлган Тони Диссонга устига кўрпа ёпиб, ташқарига чиқишини айтишганида, “Нима қилишни билмаяпман. Жуда қўрқинчли”, деб бақирган овози эшитилган. Ана шу вақтда қўшниларига “Ўғилларимга айтинг, мен уларни яхши кўраман”, дея бақирган ва шундан сўнг у ҳақда ҳеч қандай маълумот топилмаган.
Муҳаммаднур исмли киши шу куни оиласи билан рўза тутиш учун бинога келган эди. Улар 3 ёшли қизи билан бинонинг 19-қаватида туришган. Шу куни уларнинг жияни ҳам ўша уйда бўлган, аммо у соат тахминан 21:00 да ўз уйига кетган ва фалокатдан кейин қариндошлари ҳақида бирорта ҳам хабар олмаган.
Буюк Британиянинг “Evening Standart” нашри ёнғин оқибатида жабрланганларга иқтисодий ёрдам кўрсатиш ғоясини илгари сурди ва фонд ташкил қилди. Минглаб британияликлар бундай хайрли ишга ўз ҳиссаларини қўшиб, жабрланганлар, хусусан, бошпанасиз қолганлар, яқинларидан жудо бўлганлар учун 2 миллион фунтдан ортиқ маблағ тўплашди. Нашрда қайд этилишича, фондга кўнгилли равишда маблағ ажратиш жараёни ҳамон давом этмоқда.